Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“GM Uzbekistan”даги махсус гуруҳ қандай ишлаяпти?
16.12.2016 10:07,  
17

Сарлавҳани кўриб ажабланяпсизми, азиз газетхон? Ҳа, адашмадингиз, бу сарлавҳа ростдан ҳам газетамизнинг 2016 йил 10 ноябрдаги 45-сонида чоп этилган. Ўшанда “Жи Эм Ўзбекистон” қўшма корхонасида мижозлар мурожаатларини кўриб чиқиш учун ташкил қилинган махсус ишчи гуруҳнинг таҳририятимиз саволларига 7 кун деганда чалажон жавоб йўллагани, расмий жавобдан эса дарак бўлмагани тўғрисида ёзган эдик. Буни қарангки, ушбу мақола сабабми, “GM O’zbekiston” АЖ расмий жавоб йўллашга қарор қилибди. Аммо, энг қизиғи, айнан мурожаатларни кўриб чиқишга масъул гуруҳга йўлланган оддийгина саволларга жавоб Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунида белгиланган муддатларни қўпол равишда бузган ҳолда юборилибди (02.11.2016 йилдаги мурожаатимизга 07.12.2016 йилда жавоб йўлланган). Шундай бўлса-да, бу идорадан жавоб олганимизга хурсанд бўлиб, шошилганча сатрларга кўз югуртирамиз. Ҳа, ҳартугул, аввалги норасмий жавобга қараганда анча илиқ сўзлар билан бошланибди хат. Бироқ…

Яхшиси, биз индамай қўя қолайлик… Бу жавобнинг нақадар мақсадга мувофиқ эканлиги борасида ўзингиз хулоса чиқариб оларсиз. Жавобларни асл ҳолича эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз:

“1. Тилга олинаётган махсус гуруҳ қандай ҳужжат асосида ташкил этилди ва унинг таркиби, иш тартиби қандай?

— Бош Вазир виртуал қабулхонаси орқали келиб тушаётган мурожаатларнинг сифатли кўриб чиқилишини алоҳида назоратга олиб, мурожаатлардаги масалалар юзасидан ва ечими бўйича таклифларни мунтазам муҳокама қилган ҳолда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.10.2016 й. 366-сонли қарорида белгиланган топшириқларни амалга ошириш, Республикамизда ишлаб чиқарилаётган автомобилларни сотиш ва уларга хизмат кўрсатиш масалаларига боғлиқ бўлган фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш   тизимини такомиллаштириш мақсадида “GM O’zbekiston” компанияси раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ компания ички буйруғига асосан ташкил этилди.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тўғридан-тўғри қабул қилиш мақсадида “GM O’zbekiston” АЖ биносида 107-хонада бевосита кунлик соат 8:00 дан 11:00 гача фуқаролар қабули ташкил этилди. Шунингдек, электрон почта ва веб-сайт орқали мурожаатларни тўғридан-тўғри қабул қилиш, Компаниянинг расмий интернет сайтида ушбу ҳақда кенг ёритилиб, «Call-Centre» хизмати орқали келиб тушаётган мурожаатлар ҳам ишчи гуруҳи томонидан расмий кўриб чиқилиши йўлга қўйилди.

  1. Бизга маълум бўлишича, “GM O’zbekiston” АЖ автомобилларини харид қилиш билан боғлиқ асосий муаммо реал навбатнинг мавжуд эмаслиги билан боқлиқ. Шу нуқтаи назардан электрон навбат ташкил қилиш масаласи ўйлаб кўрилганми?Агар навбат мавжуд бўлса, ички бозорда сотилиши режалаштирилган жами автомобиллар сонидан келиб чиқиб, навбатда турган юридик ёки жисмоний шахс ўз навбати тахминан қанча вақтда келишини билиб олиш имконига эгами?

— Бугунги кунда компаниямиз томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобилларга талаб юқори бўлганлиги сабабли, “GM O’zbekiston» АЖ томонидан расмий дилерлик корхоналари орқали харидорлардан буюртма қабул қилиш ва ушбу буюртмани Йиллик тақсимот асосида электрон тизими орқали ишлаб чиқаришга жойлаштириш, яъни олдиндан режалаштириш тамойили асосида иш олиб борилмоқда.

“GM O’zbekiston” компаниясининг республикамиз ҳудудидаги дилерлари алоҳида юридик шахс ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган нормаларга мувофиқ мустақил равишда фаолият юритишади. Расмий дилер корхоналари ва “GM O’zbekiston” АЖ ўртасида тузилган дилерлик келишувига биноан тарафлар томонидан йиллик режа бўйича белгиланган ҳажмда автомобилларни етказиб бериш ва уларнинг савдосини харидорлар билан тузиладиган буюртма-шартномалар асосида амалга ошириш бўйича тегишли мажбуриятлар белгиланган. Шунингдек, электрон навбат тўғрисидаги саволингизга келсак, сотувдаги автомобиллар, автомобиль нархлари, тўлов усуллари ҳамда автомобиль савдосига боғлиқ бўлган бошқа саволлар юзасидан республикамиз ҳудудидаги дилер корхоналарда жойлаштирилган маълумотлар асосида билиб олишингиз ёки “GM O’zbekiston” АЖнинг “Call center” хизматига алоқага чиқишингиз мумкин.

  1. Бугун юридик ёки жисмоний шахснинг маълум бир маркадаги автомобиль сотиб олиш учун мурожаат қилиш тартиби мавжудми ва у қайси ҳужжатда акс этган?

— Автомобиль сотиб олиш истагидаги жисмоний шахслар оғзаки равишда ва юридик шахслар ёзма мурожаат билан тўғридан-тўғри компаниямиз ишчи гуруҳига ёки Республикадаги барча расмий дилер корхоналаримизга мурожаат қилишлари мумкин.

  1. Шу пайтга қадар гуруҳга мурожаатлар бўлдими ва у қай тартибда ҳал этилди. Газетада чоп этиш учун аниқ мисоллар бера оласизми?

— Ҳар бир мурожаат девонхона орқали рўйхатга олиниб, ишчи гуруҳи томонидан тўлиқ назоратга олинган. Шунингдек, кунлик ижро назорати ўрнатилиб, ижроси юзасидан ҳисобот юритилмоқда ва ушбу ҳисоботлар кунлик таҳлил қилиниб борилмоқда. Ишчи гуруҳи томонидан бир ой мобайнида 500 га яқин мурожаат қабул қилинди, уларнинг 117 таси фуқаролар қабули асосида, 194 таси веб-сайт орқали ва 185 таси “Call center” хизмати орқали бўлди. Ҳозирда ушбу мурожаатларнинг 80 фоизга яқини ижобий кўриб чиқилиб, ундан 30 фоизи қаноатлантирилган, қолган 70 фоиз мурожаатларга мамлакатимиз қонунчилиги доирасидаги асосли тушунтиришлар ва масала ечими юзасидан жавоб хатлари жўнатилди”.

… Хуллас, мана шунақа гаплар… Қадрли газетхон, агар бу жавоблардан бирон фойдали маълумот топа олган бўлсангиз, айниқса, электрон навбат тўғрисида бирон нарсани тушунган бўлсангиз, илтимос, бизга ҳам бу ҳақда ёзиб юборинг… Айтганча, биз яна бошқа саволлар билан ҳам Ишчи гуруҳга мурожаат қилганмиз. Балки, муддатидан 3-4 баробар кечикроқ бўлса-да, жавоб ололсак, биз ўзимиз ҳам у-бу нарсани тушуниб қолармиз… (Ҳар ҳолда, GM O’zbekiston”да мижозлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун МАХСУС ИШЧИ ГУРУҲИ ишлаяпти!!!) Ўшанда бу гуруҳнинг савобли ишлари ҳақида юқори органларга мақтовнома ёзиб қолсак, сизга ҳам албатта илинамиз!

Манба: Carzone.uz

«Avto Plyus» газетаси билан ҳамкорлида тайёрланди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан