“Реал” раҳбарияти Шаҳрам Ғиёсов билан алоқага чиқди

24.12.2016 | Спорт | 4602

Бокс бўйича Рио-2016 Олимпиадасида кумуш медални қўлга киритган Шаҳрам Ғиёсовга “Реал” вакиллари миннатдорчилик изҳор қилишди.

Бу ҳақда боксчи News Arena газетасига берган интервьюсида таъкидлаб ўтган.

Тадбиркор Бекзод Ортиқов газетанинг 15 декабрь куни чоп этилган сонида Шаҳрам Ғиёсовга мурожаат қилиб, Криштиану Роналдунинг гол нишонлаш услубидан фойдаланиши унга футболчининг ўзи билан суҳбатлашиш имконини бергани ёки йўқлигига қизиққан.

“Шахсан Роналду билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмади. Мадриднинг “Реал” клуби вакиллари алоқага чиқишди”, — деб айтиб ўтган Шаҳрам Ғиёсов.

“Жамоамиз аъзосига тегишли услубни энг нуфузли мусобақа — Олимпиадада қўллаб, бизга бўлган ҳурматингни намойиш этдинг. Бундан жуда бахтиёрмиз. Ўйлаймизки, сен билан учрашиш насиб этади. Бу йўлда имкониятни ишга соламиз”, — деб “Реал” томони Ғиёсовга миннатдорчилик билдирган.

Шаҳрам Ғиёсов, шунингдек, футболни яхши ўйнай олишига ойдинлик киритган.

Боксчи саволга жавобида “Реал”дан ким ва қачон алоқага чиққанига ойдинлик киритмаган. “Реал” томонидан билдирилган фикрлар телефон орқали суҳбатда айтилганми ёки маткуб сифатида ёзилганми маълумот берилмаган.

Манба : daryo.uz