Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Мирзиёев ва Атамбаев нималарни муҳокама қилишди?
24.12.2016 19:33,  
10

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ишчи сафар билан Самарқандга ташриф буюрди. Ўзбекистон президенти расмий сайтида берилган хабарга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев Ҳазрати Хизр мажмуига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди ва унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Ислом Каримов руҳи покига Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг, Қирғизистон президенти Ўзбекистоннинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёев билан икки мамлакат ўртасидаги масалалар юзасидан музокара ўтказди.

Хўш, икки давлат раҳбари нималарга келишиб олдилар?

Хабарда таъкидланишича, икки президент "JV MAN Auto-Uzbekistan" Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасига ташриф буюрган.

Олий мартабали меҳмон қўшма корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва бу ерда яратилган шароитлар билан танишган.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон жаҳонда автомобил ишлаб чиқарувчи етакчи давлатлар қаторига қўшилди. Бугун Ўзбекистон автосаноати маҳсулотларига кўпгина мамлакатларда, жумладан, Қирғизистонда ҳам талаб юқори.

"JV MAN Auto-Uzbekistan" қўшма корхонасининг ташкил этилиши Ўзбекистонда автомобилсозликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2011-йил 16-февралдаги "Оғир юк кўтарадиган автомототранспорт воситаларини ишлаб чиқаришни келгусида ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистонда оғир юк кўтарадиган "МАН" автомобилларини ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш комплекси барпо этилди.

Бу ерда 15 тоннадан 50 тоннагача юк кўтариш қувватига эга замонавий юк машиналари, жумладан, автокранлар, изометрик фургонлар, сув ташиш машиналари, комбинацияланган йўл машиналари, канал тозалаш машиналари, бетон қоригич, пахта ва чиқинди ташиш машиналари ишлаб чиқарилмоқда.

Завод ҳудудида ташкил қилинган тайёрлов ва малака ошириш марказида юк автомобилларига техник хизмат кўрсатадиган механик ва чилангарлар ўқитилмоқда. Корхонада хавфсиз ва самарали бошқариш бўйича махсус "МАН ПрофиДриве" дастури асосида оғир юк кўтарадиган машиналар ҳайдовчилари тайёрланмоқда. Ҳайдовчиларни ушбу тизим асосида ўқитиш ёқилғининг 20-30 фоизини тежаш, ҳаракатлантирувчи қисмлар ва трансмиссия элементларининг хизмат муддатини узайтириш, автомобилни хавфсиз бошқариш имконини беради.

Қирғизистон Республикаси Президенти замонавий стандартларга мувофиқ энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган ва Ўзбекистон автомобил саноатининг муваффақиятини намоён этадиган ушбу корхона фаолиятини юқори баҳолади.

Олий мартабали меҳмон завод ҳудудида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган замонавий енгил автомобиллар, юк машиналари, трактор ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари билан танишди.

Форумлар мажмуаси саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев ўртасида музокара бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбоевга Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти вафоти муносабати билан чуқур таъзия билдиргани учун миннатдорлик изҳор этди. Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Ўзбекистон халқига бўлган юксак ҳурмат ифодасидир.

Алмазбек Атамбоевнинг ташрифи Қирғизистон Ўзбекистон билан муносабатларни кенгайтиришга муҳим аҳамият бераётганидан далолат экани қайд этилди.

Қирғизистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан яна бир бор табриклади.

Президентлар сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ва иқтисодий муносабатларни кенгайтириш масалаларини муҳокама этиб, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик қатор муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.

Томонлар экстремизм ва диний ақидапарастлик минтақамиз барқарорлигига хавф солаётганига эътибор қаратдилар.

Бундай хавф-хатарларга қарши ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масаласини муҳокама этиш чоғида ушбу жафокаш заминда тинчлик ва осойишталикка эришиш бутун минтақамизда хавфсизликни таъминлаш, истиқболли транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш, иқтисодиётни янада тараққий эттириш учун муҳим омил ҳисобланиши таъкидланди.

Давлат раҳбарлари яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва уни сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитиш зарурлигини таъкидладилар.

Томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида 2016-2017-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури янги шаклдаги сиёсий мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик давлатлараро муносабатларнинг муҳим соҳаси ҳисобланади.

Ушбу масалалар муҳокамасида 2016-йилнинг ўтган даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 23 фоиз ўсганига қарамасдан, бу кўрсаткич етарли даражада эмаслиги ва икки мамлакатнинг мавжуд имкониятларига мос келмаслиги қайд этилди. Президентлар икки йил давомида товарлар турини тубдан кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион долларгача кўпайтириш чораларини кўриш зарурлигини таъкидладилар.

Шавкат Мирзиёев бунинг учун Қирғизистонга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, енгил ва юк автомобиллари, автобусларни тизимли асосда етказиб бериш ва уларга техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, қирғизистонлик шерикларга азот, фосфор, калий ва мураккаб комплекс ўғитлар, электротехника маҳсулотлари – трансформаторлар, барча турдаги кабел-ўтказгич маҳсулотлар, маиший техника, шунингдек, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, препаратлар, мебел, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва бошқа саноат маҳсулотлари етказиб бериш таклиф этилди.

Қирғизистон томони, ўз навбатида, Ўзбекистонга етказиб берилаётган товарлар турини қайта кўриб чиқиши таъкидланди.

Шу мақсадда икки мамлакатнинг тегишли тузилмалари ўртасида тўғридан-тўғри узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш зарурлиги қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев музокаралар давомида эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги саҳифаларини очишига ишонч билдирдилар.

Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг Ўзбекистон Республикасига амалий ташрифи давом этмоқда.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан