Душанбеда Ўзбекистон-Тожикистон давлатлараро комиссиялар учрашуви бошланмоқда

27.12.2016 | Ўзбекистон | 530

Бугун Тожикистон пойтахтида Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлараро комиссиялари учрашуви бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда РИА Новости.

Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчиси Шоқосим Шоисламов хабар беришига кўра, Ўзбекистон делегация таркибига Ташқи ишлар вазири ўринбосарлари, Ташқи иқтисодий алоқалар ва инвестициялар вазири ўринбосари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосарлари, Божхона қўмитаси раиси ўринбосарлари ва бошқалар кирган. 

Ўзбекистон комиссияси раиси Рустам Азимов, Тожикистон комиссияси раиси эса – бош вазирнинг биринчи ўринбосари Давлатали Саид бошчилик қилмоқда.

Комиссиялар ўзаро савдода иштирок этаётган саноат маҳсулотлари ҳажмини ва турини ошириш, ўзга мамлакат ҳудудида талабгор бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қўшма корхоналар ташкил қилиш, транспорт-коммуникация соҳада, божхона хизматлари ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида музокаралар ўтказишни режалаштирган. 

Ундан ташқари, комиссиялар кун тартибида икки мамлакат орасидаги виза тартибини енгиллаштириш ҳам киритилган. Ушбу йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ва Тожикистон 2017 йилда Тошкент ва Душанбе орасида авиақатнов йўлга қўйишга келишиб олишган эди.