Саудия Арабистонида суриялик қочқинлар учун хайрия пуллари йиғилмоқда

27.12.2016 | Жаҳон | 589

Қирол Салмон ибн Абдулазиз бошпанасиз қолган сурияликларга ёрдам бериш учун хайрия пуллари тўплашга фармон берди, дея хабар бермоқда Reuters​ агентлиги.

СПА агентлиги хабарига кўра, хайрия тадбири бугундан бошланади. Фармонда махсус жамғарма учун 100 миллион риял (27 миллион доллар) миқдорида маблағ ажратилган. Йиғилган пуллар сурияликлар учун қочқинлар лагерьи қуриш, уларни озиқ-овқат, дори-дармон ва кўрпа-тўшаклар билан таъминлаш учун ишлатилади. Қурилажак қочқинлар лагерьи қаерда жойлашган бўлишига ҳозирча аниқлик киритилмаган.

Хайрия тадбири учун қирол ўз ҳисобидан 20 миллион риял маблағ ажратган. Шунингдек, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Нойиф 10 миллион риял ва иккинчи валиаҳд шаҳзода Муҳамамд ибн Салмон 8 миллион риял хайрия қилиши хабар қилинган.

Reuters​ агентлиги маълумотларига кўра, 5 йилдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган фуқаролар уруши туфайли Сурияда 300 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган ва 11 миллиондан ортиқ одам бошпанасиз қолган. Саудия Арабистони 2011 йилдан бери Башар Асадга қарши курашаётган исёнчиларга кўмак бериб келмоқда.