2016 йил: Жаҳон айвонида содир бўлган энг ҳайратланарли хабарлар

27.12.2016 | Жаҳон | 1053

2016 йил ҳам бутун дунё эътиборига тушган ҳодисаларга бой бўлди. Келинг, шулардан айримларини эслаб ўтамиз.

Суриядаги уруш

Февраль ойида Сурия ва Ироқ аҳолига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш учун махсус жамғарма ташкил этилиши маълум қилинди. ИШИДга қарши курашувчи халқаро коалицияга қўшилган 23 давлат – Австралия, Баҳрайн, Бельгия, Буюк британия, Дания, Миср, Германия, Иордания, Ироқ, Испания, Италия, Канада, Қатар, Қувайт, Нидерландия, Янги Зеландия, Норвегия, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, АҚШ, Туркия, Франция, Швеция – барча йўналишлар бўйича террорчиларга қарши курашиш бўйича мажбуриятларни зиммасига олди. Хусусан, террорчиларни молиялаштириш йўлларини тўсишга ҳам катта эътибор қаратиладиган бўлди.

27 февралдан қуролли тўқнашувларни тўхтатиш бўйича келишувга эришилгани айтилган бўлса-да, низо ҳали ҳам давом этмоқда. 2011 йилинг мартида бошланган уруш юз минглаб одамларнинг ёстиғини қуритди, миллионлаб суриялик қочқинга айланди.

 

Буюк Британиянинг Европа Иттифоқини тарк этиши

Июнь ойида ўтказилган референдумда британияликлар мамлакатнинг Европа Иттифоқидан айрилиши учун овоз берди. Мамлакат аҳлининг бу истаги бош вазир Дэвид Кэмероннинг истеъфосига сабаб бўлди.

Сиёсий ноаниқлик туфайли Буюк Британиядан инвестиция чекина бошлади. Ernst & Young аудиторлик-консалтинг компаниясининг аниқлашича, Буюк Британия инвесторлар учун энг жозибадор давлатлар рўйхатининг илк бешлигини тарк этди. 2016 йил ёзидан бери мамлакат иқтисодиёти хорижий инвестицияларнинг қарийб 45 фоизидан маҳрум бўлди.  

 

Ниццадаги теракт

Франциянинг Ницца шаҳрида 15 июль кунги байрам тантаналари чоғида фожиа юз берди: террорчи юк машинасини мушакбозликни томоша қилиш учун соҳилда тўпланган одамлар томон ҳайдади. Бунинг оқибатида 80 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 100 га яқин киши яраланди. Юк машинаси ҳайдовчисини эса полиция отиб ўлдирди.

The Daily Mail нашри ушбу ҳужумни ИШИД ўз бўйнига олгани ҳақида хабар тарқатди.

 

Италиядаги зилзила

Бу йил ер силкинишлари юзлаб италияликларнинг ўлимига сабаб бўлди. 24 августга ўтар кечаси Италиянинг марказий қисмидаги тоғли ҳудудларда 6,0 магнитудали зилзила рўй берди. Зилзила маркази пойтахт Рим шимоли-шарқидан 113 киломер узоқликда жойлашган эди. Табиий офат 280га яқин кишининг ёстиғини қуритди, қурбонларнинг кўп Аматриче шаҳридан эди. Зилзила бу шаҳарни вайронага айлантирди: биноларнинг 75 фоизи бузилиб кетди, қолганлари эса яшаш учун яроқсиз ҳолга келди. Табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун бир неча ҳафта вақт керак бўлди.

Зилзила бу билан тинчиб қолмади: 27 октябрда яна ер силкиниши қайд этилди. Зилзиланинг иккинчи тўлқини бир неча соат кейин, учинчи тўлқини эса 30 октябрда кузатилди. Айнан шу учинчи тўлқин энг кучли – 6,5 магнитудали бўлди.

Италияда бошпанасидан айрилганлар сони 100 мингга етиши мумкинлиги айтилди.

 

АҚШда президент сайлови

Шубҳасиз, 8 ноябрь куни АҚШда бўлиб ўтган президент сайлови 2016 йилнинг энг эсда қоларли ҳодисаларидан биридир. Сайлов натижасини нафақат америкаликлар, балки бутун дунё қизиқиш билан кутди.

Сайловда Демократик партия вакили Хиллари Клинтон ва Республикачилар партияси вакили Дональд Трамп беллашди. Кўпчилик умид қилганидек бўлмади: сайловда ғалаба Трампга насиб қилди.

Янги президентнинг инаугурация маросими 2017 йилнинг 20 январига белгиланган.

 

Истанбулдаги теракт ва Анқарада Россия элчисининг ўлдирилиши

11 декабрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги “Водафон арена” стадиони ёнида икки бор теракт содир бўлди. Портловчи модда ортилган машинанинг портлаши ва террорчининг ўзини портлатиб юбориши натижасида 44 киши ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти полицяи ходимлари эди. Бундан ташқари, 150 киши турли даражада жароҳат олди. Теракт муносабати билан мамлакат президенти Режеб Таййип Эрдоған Қозоғистонга ташрифини бекор қилди.

19 декабрь куни эса пойтахт Анқарада Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карловга суиқасд уюштирилди. Элчи Замонавий санъат марказига “Россия турклар нигоҳида” номли фотокўргазманинг очилиш маросимига келган эди. У нутқ сўзлаётган маҳал орқасида турган Мевлут Алтинташ бир неча бор ўқ узди. Оғир яраланган Андрей Карлов касалхонада оламдан ўтди.

Элчининг жонига қасд қилган 22 ёшли Алтинташ полиция билан отишмада ўлдирилди. Унинг ўзи ҳам полиция ходими бўлгани маълум қилинди.

Россия ушбу ҳодисани теракт деб баҳолади. Россиянинг Анқарадаги элчихонаси жойлашган кўча Андрей Карлов номи билан аталадиган бўлди.

 

Спорт олами

2016 йилда бир қатор йирик спорт мусобақалари бўлиб ўтди. Спорт ихлосмандлари Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинларини ва футбол бўйича Европа чемпионатини ҳаяжон билан кузатди.

Ёзги Олимпия ўйинлари 5-21 август кунлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтди. Ўйинларда рекорд даражада – 206 мамлакат иштирок этди. Жумладан, Косово ва Жанубий Судан илк бор Олимпиадада қатнашди.

Жорий йил футбол бўйича Европа чемпионатига Франция мезбонлик қилди. Ўйинлар 10 июнь-10 июль кунлари бўлиб ўтди. Чемпионатда ғолиблик Португалия терма жамоасига насиб этди.