Обама кетишидан олдин Россияга қарши янги санкциялар эълон қилади

29.12.2016 | Жаҳон | 1305

20 январь куни лавозимини тарк этадиган АҚШ президенти Барак Обама сўнгги марта Россияни жазолашни режалаштирган, дея хабар бермоқда Reuters​ агентлиги.

Янги санкциялар Россиянинг АҚШдаги президентлик сайловларга таъсир ўтказиш учун қилган кибер ҳужумлари учун жазо сифатида киритилиши айтилмоқда. АҚШ ҳукумати янги чекловларни бугун эълон қилиши кутилмоқда. Янги санкциялар иқтисодий чекловлар ва рус дипломатларининг АҚШга кириб-чиқишига оид чекловлардан иборат бўлиши тахмин қилинмоқда.

АҚШ ҳукумати ҳозирча янги киритилажак санкцияларнинг моҳияти ҳақида ахборот бермаган. АҚШнинг махсус хизматлари, жумладан Федерал қидирув бюроси ҳамда Марказий разведка бошқармаси 8 декабрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловлари Доналд Трамп фойдасига ҳал бўлишида Россиянинг иштироки бўлганини аниқлаган.

Россия ҳукумати ва Доналд Трампнинг ўзи кибер ҳужумларга доир айбловларни доим рад этиб келади. Аввалроқ, NPR радиосига берган интервьюсида Барак Обама кибер ҳужумларга жавоб тариқасида чоралар кўришга ваъда берган эди.

Аммо АҚШнинг бўлажак президенти Россияга қарши санкциялар қўллаш сиёсатини ёқламаслигини маълум қилган. «Ўйлашимча, биз ўз ҳаётимиз билан машғул бўлишмиз керак», – деб айтган Трамп журналистларга. Бундан аввалроқ республикачи сенатор Линдсей Граҳамнинг Россияга янги санкциялар қўллаш кераклиги ҳақида гапирган эди.