Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистон туризм соҳасидаги муаммолар очиқ муҳокама қилинди
2.01.2017 20:02,  
63

Ўзбекистон сайёҳлик соҳасининг асосий муаммолари 28 декабрь куни «Ўзбекистон» меҳмонхонасида бўлиб ўтган давра суҳбатида муҳокама қилинди. Президентнинг яқиндагина қабул қилинган туризм соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш тўғрисидаги қарори ва уни ҳамкорликда амалга ошириш режаларини муҳокама қилишга бағишланган тадбир Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (собиқ «Ўзбектуризм» Миллий компанияси) томонидан ташкиллаштирилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz». 

Маросимда Олий Мажлис Сенати раисининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари бўйича биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Давлат туризм қўмитаси раиси Анвар Шарапов, ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилёр Ҳакимов, меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда хусусий сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхоналар вакиллари иштирок этди.

Давлат туризм қўмитасининг Соҳалараро ва минтақалараро мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Абдулазиз Оққулов 2017−2021 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш Концепциясининг дастлабки лойиҳаси билан таништирди. Шундан сўнг Анвар Шарапов йиғилганлардан туризм секторини ривожлантириш бўйича таклифларини билдиришини сўради.

Mega Tour сайёҳлик агентлиги вакили Ислом Каримбоев МДҲ давлатлари фуқаролари учун нарх белгилашда имтиёзлар жорий этишни таклиф қилди: «Аввал, 10−15 йил муқаддам МДҲ давлатлари фуқаролари имтиёзларга эга эди, яъни кириш чипталари ва меҳмонхоналарда муайян нархлар белгиланганди. Мазкур бозор биз учун жуда манфаатли, умумий илдизларимиз бор. Россия ва Қозоғистон каби давлатлар фуқаролари юртимизга кўпроқ келишини истар эдим».

Мазкур таклифни изоҳлар экан, Абдулазиз Оққулов юқорида айтиб ўтилган концепцияда аҳолининг алоҳида қатламлари ва сайёҳларнинг айрим тоифаларини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам кўзда тутилганини таъкидлади.

Телебошловчи ва «Все о туризме» дастури раҳбари Эльмира Тухватуллина олий малакали кадрлар тайёрлаш мавзусига тўхталиб ўтди. «Теледастур тайёрлар эканман, университет, институт ва коллежларда туризм учун кадрлар тайёрланишига қарамасдан, етарли даражада салоҳиятга эга бўлмаган кишилар билан тўқнаш келаман. Бундай мутахассисларни тайёрлаш учун амалиётчиларни жалб қилиш лозим, деб ҳисоблайман», — дея таъкидлади журналист.

У Хитой тажрибасидан мисол келтирди: «Хитойда „Ким Буюк Хитой деворига бормаган бўлса, ҳаётни кўрмаган экан“. Менимча, бундай усулдан бизда ҳам фойдаланса бўлади: „Энг оммабоп сайёҳлик йўналишларида бўлмаган Ўзбекистон фуқароси ўз мамлакатини билмайди“. Ички туризмни ривожлантиришни мактабгача ёшдан бошлаш лозим. Бунинг учун мактаб ўқувчиларида ўз ватанини англашга қизиқиш уйғотиш зарур».

Grand Atlas меҳмонхонаси менежери Мансур Зокиров турли давлат маҳкамалари экспертларини жалб этган ҳолда туризм соҳасини ривожлантиришни назорат қилиш бўйича кенгаш тузиш таклифини илгари сурди.

«Туризмни ривожлантириш бўйича давлат кенгаши тузиш, унинг ишига 10−12 маҳкамани жалб этишни таклиф этаман. Кенгаш йиғилиши „Ўзбекистон ҳаво йўллари“, „Ўзбекистон темир йўллари“, ИИВ, ТИВ ва бошқа тузилмалар иштирокида ўтказилиши мумкин», — деди у.

Содиқ Сафоев парламентда маҳкамалараро ҳамкорликни мувофиқлаштириш билан шуғулланувчи махсус гуруҳ тузилишини маълум қилди. Айни пайтда, Анвар Шарапов Давлат рақобат қўмитаси ҳузурида тез орада ҳар бир масалани батафсил ўрганувчи жамоатчилик кенгаши ташкил этилишини таъкидлади.

Мансур Зокиров ҳудудларда туризмни ривожлантириш масаласини кўтариб, Давлат рақобат қўмитасининг жойлардаги бўлимлари ваколатларини кенгайтиришни таклиф қилди. Анвар Шараповнинг сўзларига кўра, вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосаларига ҳудудларда туристик фаолиятни мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган. Бироқ эски иш механизми зарур натижани кўрсатмади. Кўплаб ҳудудий раҳбарлар ўзгартирилади (мазкур жараён бошланган), бошқарув тизими замонавий талабларга жавоб берадиган шаклларга ўзгартирилади.

People Travel вакили Санжар Холмурадов сайёҳларни рўйхатдан ўтказишдаги муаммоларни кўрсатиб ўтди: «Биз чет эллик сайёҳларни рўйхатга олиш бўйича ҳозирги тизим билан экологик ва қишлоқ хўжалиги туризмини ривожлантира олмаймиз. Уч кун (чет элликлар Ўзбекистонда уч иш кунидан кўпроқ муддатга қоладиган бўлса, рўйхатдан ўтишлари лозим — таҳ.) -тоғларга, оилаларда яшаш учун қишлоқ жойларга бориш мақсадидаги кишилар учун жуда камлик қилади. Шунингдек, кўпчилик божхона декларациясидан қўрқади. Шу сабабли қонунчиликни қайта кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблайман».

Унинг сўзларига кўра, темир йўлар билан ҳам муаммолар мавжуд. «Бизда яхши, ҳар жиҳатдан қулай поездлар бор, лекин йўловчи ўринлари етишмайди. Катта муаммо — ҳожатхоналар, шунингдек, навигация — сайёҳлар шаҳарлар бўйлаб мустақил ҳаракат қила олмайди, кўрсатилаётган хизматлардан тўлақонли фойдаланолмайди».

Дилёр Ҳакимов тадбиркорнинг ҳар бир саволига жавоб қайтарди. Жумладан: «Инфратузилмалардаги муаммолар борасида қисман қўшиламан. Сиз поездлар ҳақида гапираяпсиз, лекин бунинг давлат учун етарли даражада катта харажат эканлигини унутмаслик лозим… Бизнес-ҳамжамиятга инфратузилмаларни ривожлантириш бўйича бир қисм масъулиятни ўз зиммасига олишни таклиф қиламан», — деди Дилёр Ҳакимов. Унинг сўзларига кўра, хусусий сектор ва давлат ҳамкорлиги фаол ривожланиши лозим.

Сайёҳларни рўйхатга олиш — баҳсли масала, давом эттирди ТИВ вакили. Бироқ баҳсларда давлат манфаатларини ҳам ҳисобга олиш лозим, биринчи навбатда хавфсизлик соҳасида. Божхона декларацияси борасида вазир ўринбосари сайёҳлик бизнеси вакиллари билан муросага кела олмаслигини билдириб ўтди, унинг айтишича, божхонага оид жараёнлар барча мамлакатларда мавжуд.

«Содиқ Солихович [Сафоев] тўғри гапирди: тизимни ўзгартириш керак. Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятидаги сессия вақтида шундай саволни ўртага ташлади: „Агарда биз, амалдорлар халқни эшитиш, улар муаммосини ечишга қурбимиз етмаса, у ҳолда нима учун керакмиз?“ — деди Анвар Икромов залдаги қарсаклар остида. — Аслида бизнес давлатга қарздор эмас. Сотиб олинган поездлар давлат пулларига эмас, балки тадбиркорлар тўлаган солиқлар эвазига харид қилинган», — таъкидлади у.

«Биз мақсадларимиз бир бўлса ҳам, икки тилда сўзламоқдамиз, — дея сўзини давом эттирди ССП раиси ўринбосари. — Агарда Молия вазирлиги билан кичик бизнес билан машғул кишиларнинг ўртача сони камайиши борасида баҳслашсак, масалага бир томонлама ёндашасиз, бюджетнинг асосий даромадларига эътибор қаратмайсиз. Агарда сиз кўпроқ поезд буюртма берсангиз, демак, улар, тадбиркорлар яхшироқ ишлашни бошлайди, агарда рейслар сонини оширсангиз, улар мамлакатга кўпроқ сайёҳларни жалб этади».

Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов Анвар Икромовнинг фикрларини такрорлади ва ҳукумат ҳамда бизнес-муҳит вакилларини ҳамкорликда ишлашга чақирди: «Давлат органлари ва хусусий сектор манфаатлари муштарак. Агарда сайёҳлик операторлари туристларни жалб қилмаса, у ҳолда „Ўзбекистон ҳаво йўллари“ даромадни қаердан олади? Бу ерда давлат органлари ва бизнес ўртасида тенг ҳуқуқли ҳамкорлик бўлиши лозим».

Dolores Travel Services сайёҳлик оператори директори Фарҳод Расулов Давлат статистика қўмитаси тақдим этган статистик маълумотларни таҳлил қилар экан, маълумотлар нотўғри тушунилишини таъкидлади.

«Ўзбекистонга йил давомида 2 млн сайёҳ келади, дейилади. Биз Давлат рақобат қўмитасидан расман равишда маълумотларни сўрадик ва мазкур рақамларнинг 1,9 миллиондан ортиқроқ эканини кўрдик. Лекин туризм турлари бўйича ҳисоблайдиган бўлсак, анъанавий экскурсион туризмдан 160 минг, хизмат туризмидан эса 190 минг киши фойдаланган. Савол туғилади: „Уларнинг барчаси қаерда яшади?“ Республикадаги меҳмонхона номерлари, жумладан, пансионатлар, санаториялар, болалар лагерларини ҳам ҳисобга олсак, Ўзбекистон бирваракайига кунига 50 минг кишини қабул қила олади. 1,9 миллионни бир йилдаги кунлар сонига бўлсак, у ҳолда биз жисмоний жиҳатдан шунча сайёҳни қабул қила олмаймиз. Бу нотўғри ҳисоб кетганидан далолат беради, дегани эмас, бу шунчаки маълумотларни нотўғри тушуниш демакдир. 1,9 миллион ташриф буюрувчидан 1 миллиони, бу — меҳмонхона туризмига кирувчи этник трафик ҳисобланади, биз учун эса улар ноанъанавий сайёҳлардир. Умуман олганда, республика учун, албатта, улар пул сарфлайдиган сайёҳлар ҳисобланади, бироқ бу ерга мамлакатга фақатгина 350 минг кишини жалб қилган соҳанинг айнан икки йўналиши — экскурсион ва хизмат туризмини муҳокама қилиш учун йиғилганмиз», — деди у.

Фарҳод Расулов соҳа бизнес-ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кучлироқ тарғиб қилиш учун маблағлар етишмаслигини тан олди.

«Хусусий сектор қандай ўйлашига диққат қаратишингизни истар эдим. Республикада 624 меҳмонхона хўжалиги ва 1000 атрофида сайёҳлик фирмалари мавжуд. Биз ягона солиқ тўлаймиз ва буларнинг барчаси жамланса, катта пулга айланади. Барча сукут сақлаётган туристик йиғим ҳақида ҳам унутмаслик лозим. Бир йил давомида „Ўзбектуризм“ жамғармаси тахминан 2 млн доллар қабул қилиб олди. Кўргазмалардаги фаолиятимизга келганида эса, биз ҳаммасига ўзимиз тўлашимиз керак, десак нотўғри бўлади. Чунки бизнинг комиссия кўпи билан 10 фоизни ташкил этади, бу арзимас даромад эмас, бироқ мамлакатни кучли тарғиб этишни истасак, у камлик қилади».

У ўз сўзини давом эттирар экан, таклифларини илгари сурди. «Туризм соҳасидаги 18 йиллик фаолиятим давомида биз қанча таклифларни тақдим этдик, бирортаси ҳам амалга ошмаган таклифлар рўйхатини тузсак, 50 пунктдан ошар эди. Меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш учун таклифлардан бири сифатида биз меҳмонхона хўжаликларини кредитлашни қайта кўриб чиқишни сўрадик. Ҳозирда тижорат банклари энг камида 7 йилга кредит ажратмоқда, меҳмонхоналарнинг харажатларни қоплаш муддати эса 10−12 йилни ташкил этади. Биз Марказий банкнинг тижорат банкларига бундай кредитларни ажратиш тўғрисидаги тавсиясини беришигагина эришдик, бироқ бирорта ҳам банк буни амалга оширмаяпти. Меҳмонхона туризмини ривожлантириш учун мазкур таклиф ҳам концепцияга киритилиши лозим».

Шундан сўнг Фарҳод Расулов айни пайтда туристик секторни энг кўп ташвишга солаётган масалани ўртага ташлади. 2017 йил 1 январдан Ўзбекистон ҳудудида чет эл фуқаролари ҳамда республикада доимий яшамайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларга меҳмонхоналарга жойлашиш учун тўлов фақатгина эркин конвертация қилинадиган валютада амалга оширилади.

«Тўловларни валютага ўтказиш тўғрисида яқиндагина қабул қилинган қарор сабабли биз ўз фаолиятимизни тўлиқ қайта кўриб чиқаяпмиз. Биз 2017 йил учун барча нархларни августда эълон қилган эдик, энди эса меҳмонхоналар нархи 30−40 фоизга қимматлади. Натижа бундай бўлди: бизнинг хорижлик шерикларимиз буюртмаларни қайтариб олмоқда, бу эса йилнинг биринчи ярмида йўқотишга учрашимизни англатади. Меҳмонхоналардан келгуси йилда эски нархлар бўйича хизмат қилишини сўраяпмиз, мазкур бекор қилишлар, улар сони мингдан ошди, мамлакатимиз имиджига қаттиқ салбий таъсир кўрсатмоқда. Давлат рақобат қўмитасидан мазкур муаммони тезроқ бартараф этиш учун туристик операторлар ва меҳмонхона бизнеси иштирокида йиғилиш ўтказишни илтимос қилиб қолар эдик», — деди Фарҳод Расулов.

Тадбиркорлар 2017−2021 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш Концепциясини янада қисқароқ муддатли дастурларга ажратиш ғоясини илгари суриб, 1999 йилда қабул қилинган «Туризм тўғрисида"ги қонуннинг маънан эскиргани ва янги таҳрирда қабул қилиш эҳтиёжи борлигини эслатиб ўтишди.

Давлат рақобат қўмитаси ва бошқа маҳкамалар вакиллари учрашув иштирокчиларини кўтарилган савол ва таклифлар эътиборсиз қолмаслигига ишонтирди. Улар соҳани ривожлантириш концепциясини якунига етказиш бўйича сермаҳсул ҳамкорлик олиб борилишига умид билдиришди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан