Ўрта-махсус таълим тизимидаги инқироз ҳақида

03.01.2017 | Жамият | 4703

Анчадан бери кайфиятим бунақа бузилмаган эди. Бу дилхираликка сабаб кимдандир дакки эшитганим эмас, балки бугунда менинг соҳамда вужудга келган муаммоли ва оғриқли ҳолатнинг аниқ ечимини кўра олмаганимдир. Муаммо ўзи нимадан иборат? Муаммо шундаки, бугунги кунга келиб ўрта махсус таълим тизими бутунлай ва капитал ислоҳотга эҳтиёж сезмоқда (балки таълимнинг бошқа бўғинларида ҳам бундай ҳолат мавжуддир, лекин мен ўзим бевосита ишлайдиган соҳа ҳақида гапиришни афзал кўраман).

Келинг, муаммоларни тафтиш қилишдан олдин ютуқларни бир қатор эслаб ўтайлик, зеро аччиқ дорини ширин қобиққа ўраб бериладику беморларга.

Аввало, бугунги кунда ўқитувчи мустақиллигимизнинг илк йилларига солиштириб бўлмайдиган даражада моддий фаровонлик даражасига эришган. Айтайлик, ўқитувчи бир ставка тўлиқ дарс юкламаси билан ишласа, унча-мунча одам ҳавас қиладиган маош олади. Агар у фаол ўқитувчилардан бўлиб, директор устамасига лойиқ деб топилса ёки чет тилидан дарс бериб, ДТМ томонидан бериладиган CЭФР сертификатига эга бўлса, топиш-тутишдан камчилиги бўлмайди. Ўз устида ишлайдиган ўқитувчи бугун икки миллион сўм маош олиши мумкин.

Кейинги ютуғимиз бу моддий-техника базасининг мавжудлиги (мен сифат ҳақида гапирмаяпман, лекин барибир…). Ўқув муассасасининг эҳтиёжлари учун қониқарли даражадаги моддий техника базаси мавжуд. Бунга кутубхона, лабораториялар, компютер техникалари кабилар киради. Мавжуд ресурслардан қай даражада оқилона фойдалана олаётганимиз — умуман бошқа масала.

Учунчи ютуғимиз ҳар бир ўрта махсус таълим муассасасининг ўз биносига эгалиги ва бу биноларнинг барчаси (ёки деярли барчаси) янги экани билан боғлиқ. Менимча, ҳозирча ютуқларимиз шу. Энди савол туғилади: «Бино бор экан, жиҳозлар етарли экан, ўқитувчининг маоши дуруст экан, муаммо нимада?!»

Математикада шундай гап бор: «Масалани тушуниш — уни ярим ҳал қилиш». Бизнинг муаммомиз — муаммонинг нимада эканлигини яхши англай олмаётганимизда. Кошки бугунги қийинчиликларимизнинг ўзагини топсак эди, муаммолар ҳақида бош қотирмай, аллақачон уларни ҳал қилишга киришиб кетган бўлардик. Шундай бўлса-да, кўз билан кўриб, қулоқ билан эшитиш мумкин бўлган аниқ муаммолар ҳақида гапирсам:

а) давомат;

б) дарс сифати.

Ҳа, шу икки аждарҳони енгган кунимиз, бизнинг соҳа гуллаб-яшнайди.

Энди шу муаммоларнинг ичига саёҳат қиламиз. Умид қиламанки, бу саёҳатни мен билан бирга тугатишга тоқатингиз етади. Акс ҳолда, бу матнни ўқишни шу ерда тўхтатишингиз мумкин.

Давомат нима учун керак? Статистика учун! Ҳа, айнан шундай. Агар гуруҳининг давомати ҳақида қайғуриб, «Эҳ аттанг, бугун келмаган ўқувчиларим янги билимларни ўргана олмай қоляпти-да!» дейдиган ўқитувчи мавжуд, десангиз, ғирт ёлғончи бўласиз. Чунки давомат бу қуруқ рақамлар. Унинг орқасидаги тақдирлар, инсон ҳаёти ва ўқувчининг ҳолати ҳеч кимни АСЛИДА қизиқтирмайди. Агар фикримга қарши бўлсангиз, мен сизнинг терс далилларингизни олқишлар билан кутиб оламан.

Хўш, нега куратор юқорида ёзилганидек, меҳрибон устоз сифатида қайғурмайди? Чунки, дарсга келмаган ўқувчиси янги билимдан мосуво эмас, аксинча айнан дарсга келмай янгироқ ва сифатлироқ билим олаётганини у билади. Албатта, ҳамма ўқувчилар ҳам дарсга келмаслик ҳисобига бошқа муассасада сифатлироқ билим олишга уринаётгани йўқ. Қанча ўқувчи уйидан чиқмай телевизор кўриб ётар. Яна қанчаси кўча-кўйда.

Қандай бўлмасин, давомат масаласининг замирида битта воқелик ётади: ўқувчи қандай фаолият тури билан шуғулланмасин, ўқишга келиш ва дарсга қатнашиш унинг учун бошқа машғулотларидан кўра фойдалироқ эмас. У ўқишга қатнашмаслик орқали ҳеч нарса йўқотмаслигини билади. Ўқиш муҳитида бундай бўшлиқнинг пайдо бўлишига эса жуда кўп омиллар сабабчи.

Биринчидан, ўрта махсус таълим тизимида ишлаётган аксарият «ўқитувчилар» ўз фанларини яхши билишайди. Ўзининг фанини эгаллай олмаган ўқитувчи қандай қилиб ўқувчида ҳурмат уйғота олсин? Баъзан ўз ўқитувчисидан билимлироқ бўлган ўқувчи қандай қилиб бундай «устоз»нинг дарсини тинглаб ўтирсин?! Ахир, керак бўлса, унинг ўзи бундай устозга дарс беришга қодир-ку! Ўқитувчиларнинг йиллик талаб қилинадиган ҳужжатларни тўплаш маҳоратига эмас, балки уларнинг ўз фанига бўлган салоҳиятига нисбатан қатъий талаблар қўйилмас экан, бу муаммо асло ечим топмайди. Аттестация даврида абитуриентлар ечадиган 36 тест саволларидан 18-20 тасига тўғри жавоб берган ўқитувчиларни кўриш нақадар ачинарли! Нима, келажагимиз эгаларининг куни шуларга қолдими?!

Иккинчидан, ўқитувчиларда мотивация етишмайди. Наҳот педагоглик эрталаб 08:00 дан 16:00 гача иш жойида вақтни мароқли ўтказишдан иборат бўлса? Ҳой муаллим, эртага ёшинг бир жойга борганда, фарзанду набираларингга қайси жасоратларингни ҳикоя қилиб берасан? Қайси ютуқларинг билан мақтанасан? Уйдан ишга иложи борича кечроқ боришу ишдан уйга қараб иложи борича эртароқ туёқни шиқиллатишними? Шундай муаллимлар борки, улар омадсизлик ридосини эгниларига илиб бўлганлар. Ҳали ҳеч нарсага ҳаракат қилмай туриб, ҳеч қандай натижага эриша олмасликларини олдиндан тан олишган.

Ўқитувчилар борасидаги муаммонинг ечими нисбатан осон, чунки уларга таъсир ўтказиш учун керакли усуллар бисёр. Лекин, коллеж ва лицейларга касбига ва фанига лаёқатсиз ходимлар ишга олинаверар экан, бу муаммо ечимсиз қолаверади. Бу – факт.

Учинчидан, янгича дарс ўтиш. Янгича дарс ўтиш бу албатта компютер ёки интернетдан фойдаланиш дегани эмас. Шубҳасиз бу иккиси дарснинг қизиқарли ва мазмунли бўлишига катта ҳисса қўшади, лекин дарс фақат улардан иборатмас. Биз XXI аср боласига таълим беряпмиз. Бу ёшларнинг олдинги авлодлардан бошқача эканлигини ҳамма тан олади. Демак, биз уларнинг эҳтиёжларию хоҳишлари ҳам янгича эканлигини тан олишимиз шарт!

Бугуннинг боласи кўп меҳнат қилишни хоҳламайди. Дарров натижа кутади. Ўрганаётган ҳар бир билимининг амалдаги татбиқини излайди. Пифагор теоремасининг кундалик ҳаётда нимага кераклигини, фазодаги юлдузлар ҳаракатининг бизга қандай аҳамияти борлигини айтиб бера олмаган ўқитувчи қандай қилиб ўқувчининг эҳтиёжини қондирсин?

Куну туни интернет, ижтимоий тармоқлардан иборат бўлган, орзулари узоқ мамлакатларга саёҳат қилш бўлган болага бу нарсалар ҳақида тасаввурга эга бўлмаган ўқитувчи қандай қилиб илҳом бағишласин?

Устоз деган ном жуда улуг ва масъулиятлидир. Бундай номга эга инсон ўз ортидан ўқувчиларини тўғри йўл сари етаклай олиши шарт. На фанини на бугунги кундаги дунёни яхши идрок этолмаган ўқитувчи албатта бундай вазифанинг уддасидан чиқа олмайди.

Тўртинчидан, ўқувчиларни жазолашнинг аниқ белгиланган чоралари қўлланилмас экан, олдимиздаги муаммоларни енгиллаши амри маҳол. Албатта бугун замон бошқа, ёшлар бошқача. Олдинги авлод вакиллари устозларининг шапалоғию таёқлариниларини эътирозсиз қабул қилган бўлса, бугун ундай эмас. Олдин тартиббузарлиги учун ўқишдан осонгина ҳайдалган ўқувчи бугун ўзини ўқиш жойида подишоҳдай ҳис қилади. Бир нарса аниқ, ўз фанини мукаммал билган ва қатъиятли ўқитувчи ҳеч қачон ўқувчиларга изза бўлмайди. Шунга қарамасдан, тартиббузар ва интизомсиз ўқувчилар учун қатъий жазо чораларини белгилаш ва уни ҳаммага баробар қўллаш ШАРТ. Ҳаммага маълумки, ўзининг жазодан омон қолишига ишонган жиноятчи борган сари тубанлашиб боради. Интизомсиз ўқувчилар ҳам шундай.

Бешинчидан, соҳадаги давомат муммосини келтириб чиқараётган омиллардан яна бири ота-оналар. Баъзан шундай ота-оналар билан мулоқот қилдимки, улар фарзандининг тарбиясини тўла қўлдан чиқаришган. «Билганингизни қилинг, уринг, сўкинг» дейиш орқали, ўз масъулиятларини ўқитувчига юклаб кетишади. Ҳой ота, ҳой она, сен 16 йилда бермаган тарбияни ўқитувчи қандай қилиб 3 йилда бера олади? Бошқа тоифадаги ота-оналар эса фарзанди ўқишга келмаса, ҳеч нарса ютқазмаслигига ишонишади. Айрим ота-оналар ҳақиқатдан фарзандлари кўмагига муҳтож. Баъзи ота-оналар жуда калондимоғ ва фарзандларининг тақдири билан шуғулланишни ўзларига лойиқ иш деб билмайдилар. Ота-она қайси тоифага мансуб бўлмасин, унинг ўз фарзанди келажагига лоқайдлигини ҳеч қандай куч билан бартараф қилиб бўлмайди.

Олтинчидан, мен сўз юратаётган соҳадаги ўқувчилар энди вояга етиб келаётган ёшлардир. Табиийки, уларнинг ҳаётида турли муаммолар пайдо бўлиб, бу руҳиятларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай ўқувчилар ўз яқинлари билан сирлашади, албатта, лекин барибир улар МАЛАКАЛИ ва инсон, айниқса, ўсмирлар руҳиятини биладиган психолог ёрдамига муҳтож бўладилар. Хулоса шуки, таълим жараёнига психолог дипломига эга шахсни эмас, балки ҳақиқий психологни жалб қилиш лозим.

Еттинчидан, XXI аср —бозор иқтисодёти асри. Ҳамма ўзига мижоз жалб қилиш учун ўзи уриниши зарур. Ўқувчиларимиз бизнинг мижозларимиз, чунки бизнинг қай даражада гуллаб-яшнашимиз уларнинг бизга қизиқишига боғлиқ. Демак, танлов жараёнига ҳам, таълим жараёнига ҳам бюрократ бошқарувчи сифатида эмас, маркетолог мутахассис сифатида ёндашиш зарур. Ўз махсулотининг харидоргир бўлишини хоҳлаган маркетолог, аввало, махсулотининг асосини ташкил қилувчи омилнинг юқори сифатли бўлишини таъминлаши шарт.

Мулоҳазаларимни Навоий ҳазратларининг қуйидаги мисралари билан якунламоқчиман:

Камол эт касб ким, олам уйидин

Санга фарз ўлмағай ғамнок чиқмак.

Жаҳондин нотавон ўтмак баайниҳ,

Эрур ҳаммомдин нопок чиқмак.

Манба:Tafsilot.uz

Искандар Саттибоев