Алишер Султонов Миллий олимпия қўмитасига раҳбар этиб сайланди

06.01.2017 | Ўзбекистон | 1695

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг 6 январь куни Тошкентда бўлиб ўтган Бош ассамблеясида спорт ташкилотининг янги раҳбарлар таркиби танланди.

Овоз беришлар натижасида «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси бошқарув раиси Алишер Султонов МОК президенти этиб сайланди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси раҳбари Валерий Тян, Бокс федерацияси президенти Салим Абдувалиев ва ўтган даврда ҳам мазкур лавозимда фаолият кўрсатган Фарҳод Турдиев унинг ўринбосарлари этиб сайланди. МОК бош котиби Ойбек Қосимов яна қайтадан ушбу лавозимда фаолият олиб борадиган бўлди.

Ассамблея ишида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, бош вазир ўринбосарлари Адҳам Икромов ва Танзила Норбоева, мамлакат спорт федерацияларидан 140 нафарга яқин вакиллар иштирок этди.

2013−2016 йилларда МОК фаолият тўғрисидаги ҳисобот «қониқарли» деб қабул қилинди. Ассамблея делегатлари ўз вазифасини тарк этаётган МОК президенти Мираброр Усмоновга мамлакатда спорт ҳамда олимпия ҳаракатини ривожлантиришдаги улкан улушини қайд этган ҳолда унга миннатдорчилик билдиришди.