АҚШдаги аэропортда отишма содир этган шахс қўлга олинди

07.01.2017 | Жаҳон | 641

АҚШнинг Флорида штатидаги Форт-Лодердейл шаҳри аэропортида кетма-кет отишмалар сабаб аэропортнинг 2-терминалида  5 киши ҳалок бўлган ва 8 киши яраланган, яна 37 киши жабрланди.

Отишма 6 январь куни Флорида штатидаги Форт-Лодердейл аэропортидаги юк топшириш бўлинмаси олдида содир бўлди. Хабарларга кўра, жиноят Лотин Америкаси фуқароси бўлган Эстебан Сантьяго исмли шахс томонидан амалга оширилган. Айни вақтда у қўлга олинган. 

Associated Press ахборот агентлигининг маълум қилишича, қотил ўтган йилнинг ноябрида Федерал қидирувлар бюроси ходимлари билан суҳбатлашган. Суҳбат чоғида Сантьяго унинг онгини АҚШ ҳукумати назорат қилаётгани ва улар гўёки уни интернетда ИШИД жойлаштирган видеоёзувларни кўришга мажбур қилаётганини айтган. Бу учрашувдан кейин ФҚБ ходимлари полицияни чақиртирганлар. Полиция Сантьягони психиатрик текширувга юборган, бироқ текширув натижалари маълум қилинмаган.