Жиззах-Тошкент йўлининг Қозоғистондан ўтган қисми очилади

07.01.2017 | Ўзбекистон | 7110

Ўзбекистон ва Қозоғистон делегациялари учрашувида М-39 трассасининг Қозоғистондан ўтган қисмини очиш ҳақида келишиб олинди.

Ушбу келишув Ўзбекистон ТИВининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Илҳом Неъматов ва Жанубий Қозоғистон вилояти раҳбари Жансеит Туймебаевлар учрашувидан кейин маълум бўлди.

М-39 трассаси Олмаотадан – Термизгача давом этиб, умумий узунлиги 808 километрни ташкил қилади. Трасса Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг бир неча вилоятлари ҳудудидан ўтади. Тошкент ва Самарқанд орасидаги М-39 йўлининг бир қисми Қозоғистон ҳудудидан ўтган бўлиб, у 1998 йилда беркитилган эди. Шундан кейин Ўзбекистоннинг ғарбий вилоятларидан Тошкентга йўл олган барча автомобильлар Сирдарё вилояти орқали айланиб 70 км ортиқча масофа босиб ўтар эди.


М-39 йўлининг Қозоғистондагн ўтган бўлаги очилганидан кейин, Самарқанд ва Сирдарё орасидаги масофа 78 км ўрнига 24 кмни ташкил қилади. Келишилган шартномага кўра, ушбу йўлдан фақат енгил автомобильлар ҳаракатланиши мумкин. Экспертлар фикрига кўра, ушбу шартнома Ўзбекистон ва Қозоғистон орасида савдо-сотиқ муносабатларини ривожлантиришга қаратилган улкан қадам бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябр ойида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Улуғбек Розуқулов иштирокида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон ва Қозоғистон орасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш ва икки мамлакат чегараси яқинида савдо ҳудудлари ташкил қилиш ҳақида келишиб олинган эди.