"Хонда" тўхтаганда йиқилмайдиган мотоциклни намойиш қилди (видео)

08.01.2017 | Технологиялар | 853

Мотоциклни хавфли транспорт деган қараш қанчалик оммалашган бўлса, мотоциклнинг ашаддий ишқибозлари ҳам шунчалик кўп учрайди. Очиқ ҳавода сочларингни шамолда ҳилпиратиб ҳайдашнинг завқига нима етсин? Аммо светофорда тўхташ ёки паст тезликда манёвр қилишни ҳайдовчи хушламайди. Чунки тез ҳайдаганда мувозанат сақлаш муаммоси бўлмаса-да, тўхтаганда мотоцикл йиқилиб кетиши мумкин. Honda инженерлари мотоциклчиларни бундан халос этди, деб ёзмоқда carzone.uz.

Лас-Вегасдаги шоуда Honda Riding Assist мотоцикли намойиш этилди. Тизим оддий ишланган. У ишга туширилганда вилка бурчаги катталашиб, транспортнинг ғилдираклар базаси кенгаяди. Тизим эса датчиклар сигнали ёрдамида мувозанатни сақлаб, мотоциклни йиқилишга йўл қўймайди. Қизиғи шундаки, унинг оғирлик марказини ўзгартирувчи гироскопи йўқ. Мотоцикл эгасининг орқасидан эргашиб юриши ҳам мумкин. Видеони кўринг.

“Хонда” Riding Assistни ялпи ишлаб чиқариш режаси ҳақида аён қилмади. Аммо бўлажак мотоциклларда ушбу технология ишлатилиши узукка кўз қўйгандек соз иш бўлади. Бу автоном мотоцикл эмас, аммо автономлик сари ташланган қадам дейиш мумкин. Бир оз ғалати кўрингани билан, тажрибасиз мотоциклчиларнинг жонига ора киради, нима дедингиз?