Ўзбек энди “ўзбек эмас”лиги ҳақида

09.01.2017 | Блог | 8915

Олдиндан дарҳол айтиб ўтай: мен ўзбекман (ўзбеклигимдан фахрланаман!) ва ўзбеклигимча қоламан. Ҳозир гап мавзуи бошқа. Охиригача ўқисангиз, гап нимадалигини англайсиз. Олдин бир савол бераман:

Уйингизда сервант борми?

Бўлиши керак. Идиш-товоқлар терилган сервант совет даврида ҳам, советдан сўнг ҳам турмушимизнинг ажралмас қисми саналади. Мана шу сервантни мен ёмон кўраман. Сервантниям, ичидагиларниям. Дарвоқе, ичида нима бор? Тўғри. Идиш-товоқлар. Ким учун? Албатта, меҳмонлар учун. Юз ҳолатдан 99тасида ишлатилмайди, аммо ташвиши оламга татийди.

Ўзбеклар – меҳмондўст халқ. Бу менга жуда ёқади. Қаерга ташриф буюрма, хонлардек қарши олишади. Меҳмонхонаси шоҳона таъмирланган, қимматбаҳо мебеллар билан жиҳозланган бўлади. Энг кўпи билан ойда бир марта ишлатилиши ҳам муҳим эмас. Меҳмонлар учун атай идиш-товоқ сотиб олинади. Нархи осмон бараваридан. Мадоннасидан! Четига тилла суви юритилганидан. Шунга минг долларча сарфлашади. Харид қилишади. Ва… сақлашади. Қутиларда. Йиллаб.

Мен камсуқум одамман, оддий идишдаям овқатланавераман.

Ўзимиз қанақа идишда овқатланамиз? Камтар одамлар бўлсак. Камида 25 йилдан бери оддий оқ (баъзида, ҳатто, ёрилган) идишда овқатланамиз. Шундай эмасми? Ҳаммамиз совет даврида чиқарилган ликопларда таом емаймизми? Камига “Сделано в СССР” деб орқасига ёзиб қўйган, агар йиллар давомида ўчиб кетган бўлмаса.

16 яшар қизимиз учун эса бозордан энг қиммат идишларни харид қиламиз. Ётоқ жиҳозлари ва мебелларнинг энг қимматидан. Ким учун? Бўлажак куёвнинг оиласи учун. Аниқроғи, тамоман нотаниш кишилар учун.

Шунақа пайтда каллам қотиб қолади. Мен буни сира тушуна олмайман. Нимага ўзимиз учун эмас, бошқалар учун яшашимиз кераклигини тушунмайман. Эътибор бермасликка қанча уринмай, бундай турмуш тарзи мени ғижинтира бошлайди. Тўйлар, анъаналар, орзу-ҳавас мавзуини TROLL UZ саҳифасида юмор орқали доим кўтариб чиқаман. Аммо бу денгиздан томчи тугул зарра ҳам эмас. Чамаси, булар ҳаммаси тескари натижа бераётибди: одамлар борган сари ўзини кўз-кўзлашга берилаётибди. Боласининг тўйи қўшнининг боласиникидан мундайроқ ўтса, қулоғимни кесаман, дейди…

Келин-куёвларга сеп-сидирға ва совғаларнинг иложи борича ялтироғидан қилинади. Ҳаммаси камерага ярқираб тушиши учун. Улар орасида ҳақиқатан керакли матоҳ фақат гиламдир. Ҳашаматларнинг ҳаммасини ўраб, сўнг ёқиб юбориладиган гилам. Сандиқдаги ялтироқ тошчалар ва гуллар қадалган ёстиқ нимага керак? Ёстиқ эмас, нақ модалар уйи жиҳози дейсиз. Гарчи унда моданинг “м”си бўлмаса ҳам.

Байрамгача кутинг

Кейин иш кунлари бошланади. Уйдаги меҳмонлар учун ва “ўзимиз учун” аталган нарсалар орасидан қатъий чегара чизамиз. Меҳмонларнинг идиши, меҳмонлар хонаси, меҳмонлар учун таом, меҳмонлар учун ширинликлар… Худди меҳмонлар учун яшаётгандай ҳис қиламан ўзимни. “Булар нима учун сотиб олинган?” деган савол-чи? Қачон ишлатамиз? Жавоб қойилмақом: “байрам келсин”. Ёшликдаги тотув умрингизнинг ҳар бир куни байрам эмасми? Эски идишларни ташлаб юбориб ўзингга янгисини олиш нега мумкин эмас? Ҳар кунги кечки овқатингиз байрамдек бўлсин. Меҳмонлар учун алоҳида идиш-товоқ олиб нима зарил? Яхши идиш-товоғингиз бор-ку. Чети зарҳалланмаган бўлса, меҳмонлар бурнини жийиради, деб ўйлайсизми? Бурнини жийирса, катта кўча. Бунақа меҳмоннинг бошига овқат тўла лаган билан жон деб туширганим бўлсин. Аммо бу ҳол юз бермайди. Меҳмонлар ҳам сизу бизга ўхшаган одам. Меҳмоннинг ташрифини тантанага айлантириш керак эмас. Бир чиройли овқатланиш учун баҳона кутишнинг нима кераги бор?

“Ўзбек эмас” битта менми?

Бу мавзуни мен тез-тез кўтараман. Барча яқинларимнинг меъдасига тегиб бўлди. Ҳамсуҳбатларимнинг кўпи мени оқимга қарши сузувчи ҳисоблайди. Мени тушунишмайди. Баъзида маъқуллаб қўйишади (гапни давом эттирмаслик учун бўлса керак, ҳарҳолда). Мен турмуш тарзимизни, ҳақиқатан, тушунмайман. Қанақа қилиб, 16 яшар қиз учун олдиндан мебель, ётоқ чойшаби, идиш-товоқ, тилла олиб қўйиш мумкинлигини тушунмайман. У, ҳатто, турмушда нимани ёқтиришини билмайди-ку. Унда, ҳатто, буюмларни танлаш диди шаклланганича йўқ-ку. Инсонни, эҳтимол, умуман ўзига ёқмайдиган шароитга қандай қилиб олдиндан йўллаш мумкин. Сиз жониворларнинг қафасда сақланишига қарши бўлсангиз керак? Нега ўз болангизни қафасга йўллайсиз?

Кимдир мени меҳмонлар учун алоҳида дурустроқ идиш сотиб ололмайдиган камбағал-ночор деб айтар. Агар шундай десангиз, ишонч билан атайин сиз учун айтаман: мен Ўзбекистондаги меҳмонни ҳам иззат қилмайдиган энг камбағал одамман.

Бутун дунёда шунақа. Фақат Ўзбекистонда эмас.

Буни далил сифатида нуқул эшитаман. Тақдир тақозоси билан кўп мамлакатларда саёҳат қилишга муяссар бўлдим. Шунақа гаплар. Бутун дунёда биздагидек эмас. Тасаввур қиляпсизми? Бундай эмас! Бошқа мамлакатлардаги кишилар шунчалик илгарилаб кетганидан ўзлари учун яшашга аҳд қилган. Ўзи учун тановул қилади, ўзи учун саёҳатга чиқади, машинани ўзи учун сотиб олади, велосипедда ўзи учун сайр қилади. Тўғри, гоҳида бой-бадавлатлари ҳам учрайди. Аммо ўзи учун яшайди. Айтганча, Сицилияда жуда бой (ҳамма маънода бой) оиланикида меҳмонда бўлдим. Ҳашаматли пентхаус. Аммо мени шахсан таклиф қилишган тушлик янада қойилмақом бўлди. Биласизми, у ерда идишлар қандай эди? Оддий. Гулли. Тилла суви юритилмаган. Кўряпсизми? Советча идишларга ўхшаб кетиши тўғрими? :) Мен, ахир, меҳмонман. Бегона шаҳардан эмас, Ўзбекистондан. Ўзбекистон кўплаб Италияликлар учун умуман бошқа сайёрада жойлашгандек гап. Бизга Италиядан меҳмон келганида қанақа идиш ишлатишларини тасаввур қиласизми?

Мен Сицилияга саёҳатимдан видео тайёрлайман ва thebox.uz сайтида кўрсатаман. Қўлим тегмаяпти.

Балки, мен жуда “европалашиб” кетгандирман (шундай дейишни ёқтиришади бизда) ва анъаналар тизимига қарши бораётгандирман. Нима десангиз денг. Таниганларим орасида энг самимий ва юзи иссиқ мамлакатим ва халқимни севишимни ўзим биламан. Аммо турмуш тарзимизга тиш-тирноғим билан қаршиман. Биз умуман ҳаётдан роҳатланмаяпмиз. Қўшилмайсизми? Сиз роҳатланяпсизми? Сиз учун хурсандман! Тўғри! Бироқ жуда кўпчилик роҳатланмаяпти. Уларнинг ҳаёти меҳмон кутиш ва ташриф асносидаги арзон томошалар билан ўтиб кетяпти. Айримлар, ҳатто, меҳмондўстлик ялтироқ тусда акс этмаслигини англаб етишмайди. Ҳақиқий меҳмондўстлик самимий табассумда акс этиши керак.

Сўнгги сўзимда дастлабки саволимни такрорлайман:

Уйингизда ҳалиям сервант борми?

Умид Ғафуров

манба: erkak.uz

Мавзуга доир янгиликлар