Ўзбекистонда кутилаётган валюта ислоҳотлари чет эл матбуотида қизиқиш уйғотмоқда

09.01.2017 | Ўзбекистон | 5850

2017 йилда Ўзбекистонда кенг миқёсли молиявий ислоҳотлар амалга оширилиши кутилмоқда. 2016 йил ноябрида «Валюта сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарор Ягона интерактив давлат хизматлари порталида муҳокама учун чоп этилди. Ҳужжат мамлакатда валюта сиёсатини кенг миқёсда либераллаштирилишини назарда тутади. Бу ҳақда Дарё нашри ёзмоқда.

Мазкур ҳужжат ва у назарда тутадиган ислоҳотлар жаҳон матбуотида ҳам акс садо бермоқда. Жумладан, Қозоғистоннинг «365info.kz» сайти молия ва иқтисодиёт соҳаси экспертларининг бу борадаги фикрларини ўрганиб чиқди.

«Ҳужжатнинг асосий жиҳати — миллий валютанинг чет эл валюталарига нисбатан курсини фақат бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда белгилаш», — деб таъкидланади материалда.

«Бугун банк операциялари ва сўмни чет эл валютасидаги ўтказиш масалалари бизнес учун катта муаммолар туғдирмоқда, бундан туристлар ҳамда мамлакатнинг оддий фуқаролари қийналмоқда. Чет эл компаниялари даромадни конвертациялаб, олиб чиқиб бўлмагани учун таваккал қилгиси келмайди. Шунинг учун, айтайлик, расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги 800 та фирма ва ташкилот ишламоқда, қўшни Қозоғистонда эса уларнинг сони 20 мингта», — сўзида давом этади материал муаллифи.

Валюта сиёсатининг либераллашуви қандай кечади?

Эндиликда мамлакатдан 10 минг долларгача олиб чиқиш мумкин, 2 минг долларгача бўлган маблағни эса декларацияга киритиш шарт эмас. Шунингдек, пластик карталар ёрдамида валютада товар сотиб олишга рухсат бериш режалаштирилмоқда.

Бизнес учун валюта айирбошлаш ва чет элликлар билан савдо муносабатлари ўрнатишдаги тақиқлар олиб ташланади. Қонун якка тартибдаги тадбиркорларга товар ва хизматлар импорти учун тўловни юридик шахс яратмасдан амалга оширишга рухсат беради.

Экспортчилар ва импортчилар ички бозорда валюта харид қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Чет эл фирмалари учун ҳам катта имкониятлар очилади — Ўзбекистон норезидентлари мамлакат банкларида ҳисоб оча олади.

Асосийси — валюта тушуми мажбурий сотилиши бекор қилинади.

«Аммо бу чора бирданига амалга киритилмайди — валюта тушумининг мажбурий сотилиши сақланиб қоладиган айрим товар ва хизматлар рўйхати бўлади. Давлат бу рўйхатни ‘бутунлай бекор қилингунига қадар’ қисқартириб боради. Бож ва йиғимлар олдингидай сўмда тўланади. Дивидент ва даромадни эса хорижий валютада тўлашга рухсат этилади», — дейилади мақолада.

Сўмни девальвация кутяптими?

Материалда таъкидланишича, экспертлар юқоридаги қонунчилик ташаббуси ҳамда у назарда тутган ислоҳотларга турлича баҳо бермоқда — пессимистлар ҳам, оптимистлар ҳам бор.

Наврўз Хуррамов, молиявий таҳлилчи:

«Назарий нуқтаи назардан, лойиҳада таърифланган барча чораларнинг амалга оширилиши ва татбиқ этилиши ўрта истиқболда Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожига жиддий туртки бериши, бу эса иқтисодиётдаги қатор муаммоларни ҳал қилиши мумкин. Қисқа истиқболда эса, ўйлайманки, валюта сиёсатининг бундай либераллашуви ҳамда иқтисодиётда валюта назоратининг самарадор бозор механизмига ўтилиши оғриқсиз кечмайди. Одатда бундай ўтиш валюта курси вақти-вақти билан кескин ўйнашига, шунингдек, банк ва биржа конверсион операцияларида вақтинчалик узилишлар келиб чиқишига олиб келиши мумкин.

Лекин тан олиш керакки, мавжуд валюта сиёсатининг либераллашувидан келадиган ижобий таъсир вақт жиҳатдан ҳам, Ўзбекистон иқтисодиётидаги миқдорий кўрсаткичларда ҳам чекланган бўлади, негаки бу қадам иқтисодиётдаги жиддий муаммоларнинг биттаси ҳал этилишига олиб келади. Бундан ташқари, Ўзбекистон иқтисодиёти узоқ истиқболда барқарор ривожланишга туртки олиши учун бошқа структур ўзгаришларга ҳам муҳтож».

Юлий Юсупов, иқтисодиёт бўйича мустақил эксперт:

«Афтидан, ниҳоят миллий валютанинг эркин конвертацияси жорий этилади.

Сўмнинг расмий курси девальвация қилинади.

Мувозанатга солинган курс долларга 5–7 минг сўм бўлади (Марказий банк ва ҳукуматнинг бошқа ҳаракатлари билан боғлиқ равишда). Валюта кредитлари бор банк ва корхоналар, расмий конвертация рухсатини олган айрим импортчилар жабр кўради.

Қолган ҳамма ва умуман иқтисодиёт ютади».