​Аравасини тортмаган раҳбар ўзига ҳам, жамиятга ҳам наф келтира олмайди

10.01.2017 | Жамият | 11927

 "Зарафшон" газетаси расмий сайтида "Аравасин тортмаган раҳбар ўзига ҳам, жамиятга ҳам наф келтира олмайди", сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган.

"Гап ҳар бир шахснинг зиммасига юклатилган қонуний вазифа ва бурчлар ижроси ҳақида бормоқда. Менимча халқ ўртасида оммалашиб кетган ушбу ибора ва тушунчага изоҳ беришга ҳожат бўлмаса керак", дея ўз фикрлари билан бўлишган мақолада "Зарафшон" газетаси Бош муҳаррири Фармон Тошев.

Муаллиф шу ўринда Ўзбекистоннинг янги сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида бу борада айтган фикрлари мағзини чақишга даъват қилган.

"Замон шиддат билан ўзгаряпти, илгарилаб кетяпти, – деди Президент. – Эскича яшаш тарзи билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши даркор. Акс ҳолда, унинг бири икки бўлмайди, жамиятда ўз ўрнини топа олмайди".

Муаллиф бу мавзуга яқин мисолни келтириб ўтган.

"Самарқанд шаҳридаги истаган иккита ўқув юртини солиштириб кўринг. Бирида иситиш тизими ишлайди, иккинчисида – йўқ. Бирининг ҳовлиси ҳавас қилгулик, иккинчисиники ташландиқ ҳолатда. Бирида ўқувчилар бир хилда чиройли кийиниб келади, иккинчисида бу иш ўқувчининг ўзига ташлаб қўйилган. Ўқитувчиларнинг кийинишида ҳам шундай фарқ бор.

Бу ҳолат сизга таниш. Энди унинг сабаби ҳақида фикр юритайлик. Тўғри, иситиш тизими катта маблағ талаб этади, аммо муассаса раҳбари аввало ускуналарнинг шу ҳолга тушмаслик чорасини кўриши, кўп йиллик фаолияти давомида бу пулни йилма-йил жамғариши ёки бюджет ҳисобидан режалаштириши мумкинмиди?

Ўқувчилар интизоми, одоби, кийиниши билан ҳар куни шуғулланиш лозим. Минг афсуски, раҳбар буни ўринбосари ёки бўлим бошлиғига топширган ва назорат қилмаган.

Бу кайфият, табиийки, иш жараёнига таъсир этади. Давоматнинг пастлиги ўқитувчи кайфиятига, раҳбарнинг мажлисма-мажлис юриши ўқитувчи масъулиятига ва ҳоказо. Натижада охирги пайтларда ўқитувчининг очиқ дарс ўтиши гўёки қаҳрамонликка тенглаштириб қўйилди. Ахир у исталган пайтда амалга оширилиши зарур бўлган услуб-ку!

Раҳбарият эса аравасини тортмаётганни ишлатиш ўрнига ижтимоий, маданий тадбирларни, ҳатто услубий семинарларни шароити бор ўқув юртида ўтказишга одатланган.

Ўз аравасини ўзи торта олмаслик атрофдагиларнинг ғашига тегади. Айрим идоралар ҳудудининг ҳатто олд қисмини ҳашар билан тозалаш бошқа муассасада ишлайдиганларга ёқади дейсизми? Ҳашар билан бутун бошли кўча ёки туман марказини тартибга келтиришчи?

Ўша ҳудуднинг аҳолиси қаерда, қани ўша ҳудуд раҳбарлари?! Нега ўз аравасини ўзлари тортмайди?

Маблағ етарли бўлиб, йил бошида таъмирлашни режалаштирмаган директорга "раҳм"и келади кишининг. Мабодо тадбир ўтказиладиган бўлса, мактаб нима учун ҳашар йўли билан тайёрланиши керак? Ота-она ва ҳомийдан пул сўрашга кимнинг ҳақи бор?

Қишнинг ҳозирги совуқ кунларида иситилмайдиган ўқув юртига бориб кўринг, антиқа ҳолнинг устидан чиқасиз: эшик, дераза тирқишидан елвизак ўтади, дераза ойналари синган. Хўш, ана шу ишлар учун ҳам маблағ керакми? Хўжалик мудири тайёр кўмирни қишлоқдошларига "ҳадя" этганидан кўз юмишга "сабр" топган директор эшик-дераза тирқишларини ёпиб чиқишни уюштиришга ҳафсала топмаган.

Бу иллатларнинг асосий сабаби жамоа билан маслаҳат қилмаслик, режаларни пухта ишлаб чиқмасликдир. Яшириб нима қиламиз, кўплаб идораларда ходимлар ўз йиллик фаолиятининг режасидан хабардор эмас. Раҳбар муҳр босиб қўйган бундай "ҳужжат" келаси йилгача сейфдан чиқмайди. Чунки бу режа ижросини сўраш тизими ишламайди. Чунки жамоанинг фикри сўралмайди, ҳар бир ходим ва раҳбар бир-бирига ўз фаолияти юзасидан ҳисоб бермайди.

Мен ушбу мақолага бежиз ўқув муассасаларини мисол қилиб келтирмадим. Давр нафасини айнан зиёлилар теранроқ тушунади ва халққа ҳам тушунтира олади. Ўқув муассасасидаги муҳит эса оилага тез таъсир қилади.

Ҳа, "аравани тортиш" ибораси оилада катта аҳамиятга эга. Китоб, газета ўқимаган, телевизор кўрмаган, улфатчиликдан бўшамайдиган ота-она фарзанд тарбиясини тўғри йўлга қўя олмайди. Яна ўша гап: унинг фарзандлари тарбияси билан маҳалла ва бошқа идоралар шуғулланишади.

Қиссадан ҳисса шулким, ўз аравасини тортолмаганлар доимо кимнингдир (энг аввало, ўғил-қизлари) олдида мулзам, қарздор бўлиб яшайди, бири икки бўлмайди.

Аравангизни тортинг, ҳеч бўлмаганда, тортишга ҳаракат қилинг,  биродар", — дея мақолага хотима ясаган муаллиф.