Уч экранли Razer ноутбуки CES 2017 кўргазмасидан ўғирлаб кетилди

11.01.2017 | Технологиялар | 700

Куни кеча поёнига етган  CES 2017 кўргазмасида бу йил жуда кўп янги ва ноодатий гаджетлар тақдим этилди. Жумладан, Razer компаниясига тегишли стенд кўпчилик техника ихлосмандларининг эътиборини жалб қилди. Айниқса, компания намойиш қилган уч экранли Project Valerie ноутбуки ва ўйин учун мўлжалланган Project Ariana проектори бошқа қурилмалар орасида яққол ажралиб турди. Афтидан, мазкур қурилмалар кимгадир жуда маъқул келган шекилли, инновацион гаджетлар кўргазманинг сўнгги кунида ўғирлаб кетилган.

“Менга хабар беришларича, бизга тегишли иккита прототип кўргазмадаги бурчагимиздан ўғирлаб кетилган. Айни пайтда биз ташкилотчилар ва хавфсизлик хизмати билан ушбу масала устида бош қотирмоқдамиз”, — деган Razer раҳбари Мин Лян Тан.

Энг қизиғи, бундай ҳолат Razer билан биринчи марта рўй бераётгоани йўқ. 2011 йилда компаниянинг Сан-Францискодаги офисидан иккита Blade ўйин ноутбукларининг прототиплари ҳам ўғирлаб кетилган эди.

Манба: Terabayt.uz