Рамзан Қодиров Сталинни лаънатлади

11.01.2017 | Жаҳон | 2475

Рамзан Қодиров Чеченистон давлатчилигини тикланганлигига бағишланган тадбирда 1944 йилда чеченлар ва ингушларни депортация қилишга буйруқ берган Иосиф Сталинга лаънат айтди, деб хабар қилган РИА Новости.

Рамзан Қодировнинг сўзларига кўра, депортация туфайли чечен халқи "жар ёқасига" келиб қолган ва бу учун Сталин жавобгар. "Илоҳим у абадул-абад лаънатлангай", — деб ёзган Қодиров ўзининг Instagramдаги саҳифасида.

Шунингдек, у чеченларни ўз ватанига қайтаргани учун чечен халқи номидан Хрушчевга миннатдорлик билдирган.

1944 йилнинг 23 февралида Иосиф Сталиннинг буйруғига асосан чечен ва ингуш халқлари Марказий Осиё ҳамда Сибирга сургун қилиниб, Чечен-Ингуш мухторияти тугатилган. Икки халқ 13 йил сургунликда ҳаёт кечирган ва 1957 йил 9 январдан сўнг, Хрушчев уларнинг мухториятини қайта тиклаш тўғрисида қарор чиқаргач, ўз ватанига қайтиш имкониятига эга бўлганлар.