АҚШ сенати: бизга Россия Федерацияси ҳужум қилди

11.01.2017 | Жаҳон | 2257

Америкалик сенаторлар Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот-анжуманда  сенатор Бен Кардин бошчилигида Россияга қарши янги санкцияларни киритиш тўғрисида қонунчилик лойиҳасини тақдим этди, дея хабар қилмоқда РИА Новости. 

"Бу Америка манфаатларига қарши иш кўрадиган Россияга қарши қўшимча санкцияларни киритувчи кенг кўламли қонунчилик лойиҳасидир. Биз ҳужум остида қолдик, бизга Россия Федерацияси ҳужум қилди. Эндиликда бу борада тортишишга ҳожат қолмади", — деб таъкидлаган Кардин.

Янги қонунлойиҳасига кўра, Конгресс жисмоний шахсларни мустақил равишда санкциялар рўйхатига киритиш имкониятига эга бўлади.

Унинг сўзларига кўра, санкциялар — АҚШ сенати томонидан киберҳужумлар, Украина ва Қрим, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва коррупциялар учун жавобгар деб топилган жисмоний шахсларга жорий қилинади.

"Биз мамлакатимизга уюштирилган киберҳужумлар учун жавобгар жисмоний шахсларга нисбатан қўшимча санкцияларни киритяпмиз. Санкциялар туфайли улар экспорт билан шуғулланиш, АҚШ банк тизимидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар", — деб таъкидлаган Кардин. 

"Янги сайланган АҚШ президенти Дональд Трамп қандай позицияни ёқлашидан қатъий назар Конгресс Россиянинг Украина ва Суриядаги ҳаракатларининг олдини олиши шарт, — деб таъкидлаган сенатор Жон Маккейн.

Қонунчилик лойиҳаси иккала партия вакиллари — республикачи Маккейн ва демократ Кардин ҳамда Роберт Менендеслар томонидан тайёрланган. Ҳужжат қонуний кучга кириши учун Конгресснинг иккала палаталари томонидан қабул қилиниши ва президент унга имзо чекиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг олтинчи январ куни Америка махсус хизматлари махсус баённома эълон қилиб, унда Россияни АҚШдаги презиентлик сайловларида аралашганликда айблаган эдилар

Расмий Кремль Вашингтон томонидан қўйилаётган айбловларни тўлиқ рад этиб келмоқда.