Жанубий Каролинадаги черковга ҳужум қилган террорчига ўлим жазоси берилди

11.01.2017 | Жаҳон | 800

АҚШнинг Жанубий Каролина штатидаги қора танлилар черковига амалга оширилган террорчилик ҳужуми учун Дилан Руфга ўлим жазоси тайинланди. Бу ҳақида Guardian​ нашри хабар бермоқда.

22 ёшли Дилан Руф 2015 йилнинг 17 июньида Жанубий Каролина штатининг Чарлстон шаҳридаги афро-америкаликлар черковига бостириб кириб, 9 кишини ўлдирган ва бир кишини ярадор қилган эди.

Асли келиб чиқиши америкалик оқ танлиларга мансуб бўлган террорчи 33 турдаги оғир жиноятларни содир этишда айбланмоқда. Улар орасида ирқий камситиш, диний камситиш, диний амалларни бажаришга тўсқинлик қилиш, қасддан одам ўлдириш, ноқонуний қурол ишлатиш каби ўта оғир жиноят турлари санаб ўтилган.

Кеча бўлиб ўтган суд маҳкамаси 3 соат давом этган ва якунда Дилан Руф ўлим жазосига ҳукм қилинган. Ҳукм ўқилган пайтда жиноятчи ўзини жуда хотиржам тутган ва қилган ишидан афсусланиш аломатлари сезилмаган. Саволларга жавоб берар экан, террорчи қилган ишидан пушаймон эмаслигини маълум қилган ва жиноят сабабини тушунтиришдан бош тортган.

Аксинича, унга ўлим жазоси берилишини талаб қилган прокурорларни айблаган. Дилан Руф ҳужум қилган черковда 12 киши Инжил мутолааси билан банд бўлган ва оқ танли кишининг ташрифидан ҳеч бир хавотирга боришмаган. Черковдаги диндорлардан уч нафари ҳужумдан омон қолган. Дилан Руфга нисбатан суднинг сўнгги қарори бугун расман эълон қилиниши кутилмоқда.

АҚШда сўнгги марта ўлим жазоси 2015 йилда Бостондаги марафонда содир этилган портлаш учун Жохар Сарнаевга нисбатан қўлланилган эди.