Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Яманда очарчилик туфайли одамлар чиқиндиларни еб кун кечиришга мажбур бўлмоқда
11.01.2017 17:09,  
31

Маҳдий Абдуллоҳнинг ичига ботиб кетган ёноқлари, суяклари бўртиб турган танаси ва рангпар териси – барчаси унинг аламли турмушидан дарак беради.

45 яшар саналик ишсиз бўлиб, овқат сотиб олиш учун пули йўқ. Айни кунларда у овқат топиш учун боришга фақат битта манзилни билади: ахлатхона.

«Бир неча ойлардан бери ишсизман. Бир риёл ҳам пул топганим йўқ. Бу мени ҳар қандай йўл билан: ахлат уюмлари орасидан овқат излаш ёки тиланчилик орқали бўлсин оиламни таъминлашга мажбур қилди», – дейди у.


Сананинг Байт Бос маҳалалсида истиқомат қилувчи Абдуллоҳ ҳар куни ахлат уюмлари орасидан ўзи ва 10 кишилик оиласи учун ейишга бирор нарса топиш умидида шаҳар бўйлаб дарбадар кезади.


«Оилам очлик туфайли ўлим чангалида қолмаслиги учун қиладиган кундалик ишим шундан иборат. Мен ахлатхоналарнинг доимий меҳмонига айланганман. У ерда ўзимга ўхшаганларни учратаман», – дея ўз ҳаётини тушунтиришга уринади у.

Қарийб икки йилдан бери давом этаётган Ямандаги фуқаролар урушидан миллионлаб одамлар жабр кўрди. Араб дунёсининг энг қашшоқ мамлакатини кенг қамровли озиқ-овқат етишмовчилиги ўз комига олди: Жаҳон озиқ-овқат дастури 14 миллион яманлик озиқ-овқат муаммосига рўбаро бўлгани, улардан ярми ўта қалтис вазиятда эканлигини маълум қилди.

Яманлик иқтисодчи Аҳмад Шамах фикрича, уруш мамлакатни оммавий очарчилик сари бошлади:

«Мамлакатда тараққиёт тўхтаб қолди. Юриб турган бизнеслар ёпилди. Бу эса Ямандаги озиқ-овқат бўйича вазиятнинг кескинлашувига улкан ҳисса қўшди. Шу билан бирга, низонинг тўлови кўплаб яманликларнинг ишидан маҳрум бўлиши бўлди… Бугун аҳолининг бир қисми чиқиндихоналардан овқатланиш ва ошхоналардаги овқат қолдиқларини топиб ейиш орқали кун кечиришмоқда. Бу уларга тирик қолишга ёрдам беради».

Урушдан олдин Яман озиқ-овқатнинг 90 фоизини четдан импорт қиларди, аммо уруш туфайли четдан озиқ-овқат келтириш ишлари тўхтаб қолди.

Ўтган йилнинг охирларида халқаро миқёсда тан олинган ҳукумат Яман Марказий банкини исёнчилар назоратидаги Санадан Аданга кўчириши ортидан Яманлик оилаларнинг иқтисодий аҳволи ҳам ёмонлашди. Мазкур ҳаракат исёнчиларга иқтисодий зарба бўлиши мақсад қилинган эди. Бироқ мазкур ҳаракат бир неча ойлардан буён маош олмаган барча давлат хизматчиларига салбий таъсир кўрсатди.

Саналик 12 ёшли Башар Яман озиқ-овқат инқирозининг қурбонларидан бири. «Ҳар куни одамлар бирор нарса берармикин деган умидда тиланчилик учун кўчага чиқаман. Айримлар пул беради, айримлар эса йўқ. Оилада 4 нафар оға-иниларим бор. Отам бир неча ой муқаддам қазо қилган», – дейди у.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Яманда 370 мингдан ортиқ бола очарчилик хавфи остида бўлиб, икки миллиондан ортиқ яманлик болалар уруш туфайли мактабсиз қолган.

Гуманитар инқироз айрим маҳаллий ташаббускорларни энг йўқсил оилаларга уруш оқибатларини юмшатиш учун ёрдам ташкил қилишга ундади. Санада «Қўлни қўлга бериб» ёшлар ҳаракати ресторанлардан одамларга тарқатиш учун овқат йиғиш ишини ташкил этди.

«Кўплаб яманликлар овқат масаласида жуда оғир қийинчиликларга дуч келишмоқда. Ҳатто аксарият оилалар тирик қолиш учунгина етарли нон олиш учун курашишмоқда», – дейди ҳаракат раҳбари Абдулфаттоҳ Ҳамадий.

Ташкилот очликка қарши курашаётган юзлаб оилаларни кунлик овқат билан таъминламоқда. Бироқ ҳамма оилалар ҳам бировнинг қўлига қарашни истайверишмайди.

«Айрим оилалар бошқалардан овқат сўрашдан кўра ўлишни афзал кўришади. Ташаббускорлар гуруҳи уларга ёрдам беришга уриниб кўрди. Сентябрдан олдин бир миллиондан ортиқ давлат хизматчилари маош оларди. Маошлар берилиши тўхтаганда, вазият янада оғирлашди», – дейди Ҳамадий.

Уларнинг ҳаётлари уруш ва сиёсат туфайли вайрон бўлди. Кўплаб яманликлар шунчаки одатий ҳаёт тарзига қайтишга умид қилишмоқда.

«Мен тинч яшашни истайман. Фарзандларим очликдан омонда бўлишини ва хайрия ёки чиқиндиларга куни қолмаслигини кўришни хоҳлайман», – дейди саналик Абдуллоҳ.

аljazeera.com сайтидан олинди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан