Доналд Трамп президентлик туфайли ўз бизнесидан воз кечмоқчи эмас

12.01.2017 | Жаҳон | 478

АҚШнинг янги сайланган президенти Трамп мамлакатни бошқаришдек вазифани бажариш учун ўзининг бизнес лойиҳаларини сотмоқчи эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақида Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Омадли ишбилармон ва АҚШнинг энг йирик бизнесменларидан ҳисобланган Доналд Трамп президентлик муддати давомида тадбиркорлик ишларини юритишни катта ўғиллари Эрик ва кичик Доналдга топширади. Янги президент бу ҳақида чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган:

«Аслини олганда, бир вақтнинг ўзида ўз бизнесим ва ҳукуматни бошқаришим мумкин эди. Менга бундай йўл тутиш маъқул келмади. Агар истасам, буни уддалай олган бўлардим».

Кўчмас мулк ва қурилиш бизнеси билан шуғулланувчи Доналд Трамп меҳмонхоналар, голф клублари ва казинолардан иборат кўп миллиардлик мулкларга эгалик қилади. Доналд Трамп ўзи бошчилик қилаётган бизнес империясидаги барча лавозимларни тарк этади. Унинг ишларини эндиликда ўғиллари бошқариб туришади, аммо мулкларга эгалик қилиш ҳуқуқи АҚШ президентининг ўзида қолади.

Шунга қарамай, Доналд Трамп ўз ўғилларига ўзи бизнеснинг қандай юритилаётгани ёки қандай шартномалар тузилганига оид маълумотларни текшириш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ишончнома бериши лозим бўлади.

Бундан ташқари, прездентлик муддати давомида Трумп Организатион ташкилоти халқаро лойиҳаларда қатнаша олмайди. Аммо хорижий мамлакатларда фаолият кўрсатаётган меҳмонхоналардан келадиган даромад президентнинг мулки ҳисобланади. Маълумот учун, ўтган йилнинг охирида Доналд Трамп турли компаниялардаги ўз улушларини сотиб юборган эди.