Евроиттифоқ полицияси iPhone​ билан бир хил кўринишдаги тўппонча ишлаб чиқарилишидан ташвишланмоқда

12.01.2017 | Жаҳон | 191

Евроиттифоқ мамлакатлари полициячилари АҚШда кўриниши iPhone билан бир хил тўппончалар Европа ҳудудига олиб кирилиши мумкинлигидан хавфсирамоқда, деб ёзмоқда  Standard нашри.

Ҳуқуқ тартибот ходимларига "телефон тўппонча"ларнинг Европа давлатларига ноқонуний олиб кирилишини назорат қилиш топширилди.

Икки стволли 9 мм калибрли тўппонча АҚШнинг Ideal Conceal компанияси томонидан ишлаб чиқарилмоқда ва нархи 400 долларга яқин.

"Ҳамма жойда смартфонлар бор, шунинг учун сизнинг янги тўппончангиз бугунги кун муҳити билан осон уйғунлашиб кетади",- деб таъриф берган компания ўз маҳсулотига.

"Бу тўппончанинг мобил телефондан ҳеч қандай фарқи йўқ", — дейилади Derniere Heure газетасида келтирилган иқтибосда.

Америкалик харидорлар бу тўппончани яқин ҳафталардан бошлаб сотиб олишлари мумкин, шу кунгача тўппончага 12 мингта буюртма олинган.