Ўзининг БМТдаги ваколатини якунлаётган америкалик дипломат АҚШнинг янги ҳукуматини Россияга ишонмасликка чақирди, дея хабар бермоқда Al Jazeera телеканали.
Обама ҳукуматида АҚШнинг БМТдаги элчиси вазифасини бажарган Саманта Пауэр Al Jazeera телеканалига берган интервьюси чоғида янги иш бошлаётган ҳукуматни Россия хавфидан огоҳлантирган. БМТда Антонио Гутерреш иш бошлар экан, АҚШ вакиласи ўз лавозимини тез орада тарк этиши кутилмоқда.
Телеканалнинг Вашингтондаги мухбири Жеймс Бейз билан суҳбатда Саманта Пауэр, жумладан, шундай деган: «Қўшнисиникига бостириб кирадиган, тинч аҳолини ўлдирадиган ва Американинг сайлов жараёнига аралашадиган мамлакатга ишонмаган бўлардим».
Маълумот учун, АҚШда 20 январь куни президентликка янги сайланган Доналд Трампнинг қасамёд маросими бўлиб ўтади ва янги ҳукумат иш бошлайди. Саманта Пауэр АҚШнинг БМТдаги янги элчиси тайинлангунга қадар бу вазифани бажариб туради.