АҚШ ҳукумати 20 йилдан бери Суданга қарши амалда бўлган иқтисодий чекловлар олиб ташланганини маълум қилди. Бу ҳақида Al Jazeera телеканали хабар бермоқда.
Ҳукумат қарори жума куни президент маъмурияти томонидан эълон қилинган. Америка ҳукумати баёнотида Судан ҳукумати томонидан ҳудуддаги хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳаракатлари олқишланган ва санкцияларнинг бекор қилиниши Судан ҳукумати билан алоқаларни яхшилашга қаратилгани таъкидланган.
Судан сўнгги 20 йил ичида биринчи марта АҚШда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни импорт қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Бундан ташқари, АҚШ давлат ғазнаси томонидан музлатилган суданликларнинг АҚШдаги мулклари ва маблағларидан ҳам фойдаланишга рухсат берилади. Шунингдек, АҚШ компанияларига Судандаги нефть ва газ саноати вакиллари билан савдо қилишга имкон берилади.
«Судан санкциялар ҳамда АҚШ томонидан 20 йил аввал жорий этилган бошқа чекловлар тазйиқидан халос бўлиш иштиёқини анчадан бери билдириб келган эди. Сўнгги икки йил давомида ўтмишдаги айрим ўзаро ишончсизликлардан устун келиш учун Судан билан ишлаш йўлини изладик», – деб айтган америкалик мулозим журналистлар билан суҳбатда.
Суданга нисбатан 20 йил давомида амалда бўлган чекловларнинг бекор қилиниши Барак Обама ҳокимиятдан кетишига бир ҳафта қолганда юз бермоқда. Обама ўзининг президентлик муддати давомида узоқ йиллар АҚШ санкцияларига дучор бўлган Эрон ва Куба билан ҳам алоқаларни яхшилаган, Россия ва Шимолий Корея каби давлатларга қарши янгидан-янги чекловлар жорий қилган.
Айни пайтда, АҚШнинг 20 январь куни ҳокимиятга келадиган президенти Доналд Трампнинг Суданга қарши иқтисодий чекловларга муносабати мавҳумлигича қолмоқда. Обама маъмуриятининг қарори Судан ҳукумати томонидан мамнуният билан қарши олинган.
Маълумот учун, АҚШнинг Суданни «терроризм ҳомийси» сифатида жорий қилган қурол савдосига оид чекловлари ўз кучида қолган.