Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Турсунбой Рашидов: Тошкентни деярли “нолдан” тиклаган эдик
26.04.2016 10:00,  
194

Бундан 50 йил олдин – 1966 йил 26 апрел куни Тошкентда тонгги соат 5:22 дақиқа 53 сония ўтганда вайрон этиш кучига эга бўлган зилзила содир бўлган эди. Кучли силкиниш оқибатида Тошкентда бир ярим миллион аҳолининг 300 мингдан ортиғи уйсиз қолди, деб ёзмоқда Sputnik Ўзбекистон.

Зилзила натижасида вайрон бўлган бино. Архив сурат

Зилзиладан талафот кўрган Тошкентга собиқ Иттифоқдош республикаларидан катта ёрдам кўрсатилди: шаҳар қисқа муддат – 3,5 йилда тўлиқ қайта тикланди. Янги даҳалар, йўлдош шаҳар – Сирғали бунёд этилди. Умумий ҳисобда 1 миллион 200 минг квадрат метр турар жой қурилди, 300 минг тошкентлик уй-жой билан таъминланди.

Зилзилани бошдан кечирган ва вайрон бўлган шаҳарни қайта тиклашда иштирок этган Ўзбекистон Фанлар академияси катта илмий ходими Турсунбой Рашидов 1966 йил апрел воқеаларини қуйидагича ёдга олади: 

"Зилзила содир бўлиши менинг Сейсмология институтига раҳбар бўлиб тайинланган кунимга тўғри келган эди, — дейди олим. Эрталаб 10да чақирилган мажлис давомида менинг номзодим раҳбарликка тасдиқдан ўтгач, ҳаммамиз зилзиладан сўнг етказилган зарар ҳажмини аниқлаш учун кўчага чиқдик. Қарангки, янги ишга ўтган кунимдаёқ тақдир менга жуда катта синов тайёрлаб қўйган эди. Аммо, ёш, куч-ғайратга тўла эмасманми, дарҳол жон-жаҳдим билан ишга киришдим".

"Бахтни қарангки, зилзила туфайли қурбон бўлганлар сони унчалик кўп бўлмади. Бу борада Тошкентга омад кулиб боқди, дейиш мумкин. Қолаверса, аҳоли ўртасида ҳам саросима сезилмади. Зилзиладан талафот кўрганлар кўчада қолмасликлари учун, палаткалар қуришни ташкиллаштира бошладик. Баъзи бино ва иншоотларни тиклаш мумкин эди, аммо, умуман олганда, шаҳар капитал қурилишга муҳтож эди”, — деб ўз ҳикоясида давом этди суҳбатдош.

Сейсмолог олимнинг сўзларига қараганда, зилзила вақтидаги илк силкинишлар марказ томонидан қайд этилмаган. Суҳбатдошнинг айтишича, айнан улар жуда катта кучга эга бўлади. "Афсуски, ўша вақтда станция ишламай қолган", — дейди Рашидов.

"Бир сония ҳам вақтни ўйлаб ўтиришга сарфламай, тезкорлик билан экспедиция ташкил этилди. Экспедиция аъзолари пиёда юрган ҳолда, жуда қисқа вақт ичида Сквердан Эски шаҳаргача бўлган ҳудудни ўрганиб чиқдилар. Мутахассислар талафотларни ўзаро таққослаш ёрдамида, рўй берган зилзила 8 баллдан сал юқори кучга эга бўлганини аниқладилар. Зилзила ўчоғи Тошкент маркази, яъни Сквер остидан ўтган эди".

Тошкент сейсмик жиҳатдан хавфли Тошкент–Писком сейсмоген зонасида жойлашган. Тошкентда сўнгги 150 йил давомида 10 га яқин кучли зилзила бўлиб ўтган.

"Ўтказган тадқиқотларимиз натижасида, зилзила кучи қаердадир 7 балл, қаердадир 8 баллни ташкил қилганини аниқладик. Зилзила ўчоғидан узоқлашгани сари вайронакор куч секин-аста сўниб боргани маълум бўлди. Хуллас, илмий қўлланмаларга таянган ҳолда экспедиция ўтказган кузатувлар натижасида, Тошкентда 8 баллик зилзила содир бўлганини исботлаб бердик. Ўша вақтларда Москвага исбот талаб қилмас далилларни келтириш ва ҳисобот бериш осон иш эмас эди. Аммо биз бу ишни уддаладик ва пойтахтимизни 8 балли зонага киритдик”, — деб ёдга олади Фанлар академияси ходими.

Сейсмограф. Зилзила. Архив сурат

Олинган сейсмик материалларни синчиклаб ўрганиш ва уларни Тошкентолди ҳудудининг тектоник тузилиши билан боғлаш натижасида шу нарса аниқландики, Тошкент ва унинг атрофида рўй берган зилзилаларнинг кучи 8 баллдан ошмайди. Шунга кўра зилзила эҳтимоли бўладиган сейсмоген зоналар асосида тузилган мукаммал сейсмик районлаштириш харитасида Тошкент 8 балли зонага киритилган.

“Шундан сўнг улкан Умумиттифоқ қурилиши бошланди. Ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, Тошкентни қайта тиклаш ишларида шўнғиди. Бу ақл бовар қилмас ҳодиса эди. Собиқ Иттифоқнинг деярли барча республикалари бизга ёрдамга шошилди. Тошкентга Украина, Белоруссия, Россия, Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа кўплаб мамлакат ва давлатлар аҳолиси ёрдам қўлини чўзган эди.

Янги дўстлар, ҳамкасблар, суҳбатдошлар билан танишдим. Улар билан биргаликда лойиҳалаштириш ва қурилишдаги мураккаб масалаларга ечим топиб, архитектура соҳасида янги ечимларни амалиётга киритдик, шунингдек, объектлар қурилишида юқори зилзилабардошликка эришдик. У шундай давр бўлгандики, бунда нафақат қурувчи ва архитекторлар, балки, бошқа соҳа кишилари ҳам Тошкентга, шунчаки, ўзининг ўзбек биродарига холисона ёрдам бериш учун келган эди. Ҳатто, узоқ масофа ҳам улар учун бу хайрли ишда тўсиқ бўла олмади.

Сейсмологнинг хотирлашича, атиги бир неча йил ичида Ўзбекистон пойтахти қайта тикланди.  “Тошкентда жуда кўп бинолар қад ростлади, қурилиш ишларида иштирок этганларнинг кўпчилиги шаҳарда қолиб кетди. Улар бу ерда орттирган ахил оиласидан ажралишни истамай қолишган эди".
“Орадан бир неча йил ўтгач, яъни 1967 йилда, Тошкент метрополитенини қуриш ҳақида гап очилди. Ўша вақтларда, вайронакор зилзилани бошдан кечиргандан кейин Тошкент метро қуришни режалаштириши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди”, — ҳикоя қилади Рашидов.

Экспертнинг ҳикоя қилишича, Тошкент учун янги бўлган ер ости объекти қурилиши атрофида воқеалар шиддат билан ривожланган, ҳатто, ўта қизиқарли тус ола бошлаган. Юқорида таъкидланганидек, Марказга бу режани амалга оширишнинг иложи борлиги-ю, ўзбек пойтахти ўз ер ости темир йўлига эга бўлиши мумкинлигини исботлаш талаб қилинарди. "Бу ерда, — дейди мутахассис, — ер ости иншоотлари зилзилалар туфайли вайрон бўлмаслиги бизга жуда қўл келди”.
"Ёдимда, мени республика бош сейсмологи сифатида Шароф Рашидов ҳузурига чақиртиришди. Бу учрашувнинг нақадар муҳим ва масъулиятли эканлигини англаган ҳолда, у ерда қандай масала муҳокама қилиниши ҳақида ҳеч ким мени огоҳлантирмаган эди. Келсам, бутун Иттифоқдан лойиҳачилар, қурувчилар ва архитекторлар тўпланган. Тупроқ қатлами унчалик яхши бўлмаган, қолаверса, сейсмик жиҳатдан хавфли ҳудудда қандай қилиб метро қурилиши мумкин, деган савол ўртага ташланган эди. Шу пайт Шароф Рашидов, "Мана, орамизда менинг фамилиядошим ўтирибди, у шу саволга жавоб беради", деб қолди. Ўрнимдан туриб, бу савол жиддий ўрганишни талаб қилишини ва бир оз вақт кераклигини айтдим. Шунда у киши: “Рашидовга топшириқ беринглар, у лойиҳаловчилар билан биргаликда ишласин”, деди.

Турсунбой Рашидовга ўшанда жиддий ёндашувни талаб қиладиган 10га яқин саволлар берилган. Бу саволларнинг баъзи бирларига ҳозирга қадар жавоб топа олганим йўқ, деб тан олади сейсмолог. Аммо метро барибир қурилди.

Биринчи Чилонзор ва Ўзбекистон бекатлари қуриб топширилди. Уларнинг қурилиш ишларида Сейсмология институти раҳбари сифатида Турсунбой Рашидов ҳам иштирок этган эди.
"Ўша давр — буюк ишлар амалга оширилган давр бўлди. Тошкентнинг қайта тикланишида кўрсатилган ёрдамдан сўнг, биз ҳам, ўз навбатида, иттифоқдош қўшниларимиз бошига кулфат тушганда уларнинг ёнида бўлдик. Спитакда рўй берган кучли зилзиланинг эртаси куни йўлга чиқиб, у ёқда зилзила сабабларини тушунтириш ҳамда қайта тиклаш ишларини амалга ошириш бўйича комиссияга раҳбарлик қилдим. Мен билан бирга ўзбекистонлик ҳамкасбларим ҳам келишган эди. Биз ҳамиша бирга бўлганмиз, хурсандчилик кунларимизда ҳам, бошимизга иш тушганда ҳам. Ўз вақтида биродарларимиз ва қўшниларимиз елкадошлигини ҳис қилганимиз учун бизда ҳеч қачон қўрқиш ҳисси бўлмаган”, — дея суҳбатга якун ясади Турсунбой Рашидов. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан