Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташриф буюрди
21.01.2017 10:43,  
7

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида 20 январь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилади.

Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Хўжайли тумани марказий шифохонасида бўлиб, шифохонадаги шароит билан танишди, қабул, рентген, диагностика ва қатор бошқа бўлимларни кўздан кечирди. Шифокорлар билан мулоқотда малакали тиббий кадрлар етиштириш, тиббий жиҳозлардан унумли фойдаланиш, хизмат малакасини ошириш, шифохоналар қуришда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос иқлим шароитидан келиб чиқиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. 

Шундан сўнг “Мурувват” аёллар интернатига бориб, ушбу муассаса фаолияти билан танишди. Шифокор ва ҳамширалар билан суҳбатлашиб, бу масканда яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш учун давлат томонидан ёрдам кўрсатилишини таъкидлади. 

Тумандаги 69-мактаб ўқитувчилари билан бўлган мулоқот чоғида мактабларнинг инфратузилмасини яхшилаш, бу ерда лицей ва коллежларнинг бўлғуси муносиб ўқувчиларини тайёрлаш ва умуман Ватан равнақи учун малакали кадрлар тарбиялаш ишларини такомиллаштириш мавзуида сўз борди. 

Шавкат Мирзиёев Агросаноат маркази қурилаётган участкага ҳам ташриф буюрди. 2017-2018 йилларда ишга туширилиши мўлжалланаётган ушбу мажмуа 11 гектар майдонни эгаллайди. Бу ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш бинолари, шунингдек, терминал, юк тушириш ва ортиш майдони, музхоналар, иссиқхоналар, божхона, ангар, меҳмонхона, овқатланиш муассасаси, спорт мажмуаси каби иншоотлар барпо этилади. 

Шу ернинг ўзида Хўжайлида турар-жой инфратузилмасини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари одамлар бошланган ўзгаришларни ўз ҳаётида ҳис қилиши учун жорий йил якунигача 40 кўп қаватли турар-жой биноси барпо этиш ва фойдаланишга топшириш тўғрисида кўрсатма берди. 

Шавкат Мирзиёев “Қорақалпоғистон” қишлоқ врачлик пунктида ҳам бўлди. Шифокорлар билан суҳбат асносида аҳолининг давлат идораларига ишончини мустаҳкамлашда тиббиёт муассасалари ходимларининг фаолияти алоҳида ўрин тутиши таъкидланди. Қишлоқ врачлик пунктларини замонавий тиббий жиҳозлар билан бир қаторда дори-дармон ва бошқа зарур ашёлар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. 

Президентимиз Шуманай тумани Жумабой Бозоров номидаги болалар мусиқа ва санъат мактабига ташриф буюрди. “Агросервис МТП” масъулияти чекланган жамиятининг Қанликўл тумани филиалида ҳам бўлиб, баҳорги дала ишларига пухта тайёргарлик кўриш ҳақида фикрлашди. Туманда пахта майдонини босқичма-босқич қисқартириб, чорвачиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди. 

Қанликўл педагогика коллежида бўлган мулоқотда Президентимиз коллеж мутахассисликларини замон талабига мос равишда ўзгартириш, туман иқтисодий-ижтимоий ҳаёти учун зарур кадрлар тайёрлаш кераклигини таъкидлади. Илмий, бадиий адабиётларни қорақалпоқ тилига ўгириш, чоп этиш ва таълим масканларига етказиб бериш бўйича тавсиялар берди. 

Давлатимиз раҳбари Қўнғирот – Мўйноқ ичимлик суви тармоғи қурилиши бошланиши билан танишди. 101 километрлик ушбу сув тармоғи ишга туширилгач, бир кеча-кундузда 7 минг куб метр сув узатиш ва 25 мингдан зиёд аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконияти яратилади.

Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Йиғилишда Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давом этмоқда.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан