Руминия бош вазири Сорин Гриндяну ҳукуматнинг мамлакатда кенг кўламли норозилик намойишларини келтириб чиқарган афв этиш ва жиноий қонунчиликка тузатишлар киритиш ҳақидаги қарори бекор қилинишини айтди. Бу ҳақда Romania TV телеканали хабар берди.
«Эртага биз ушбу қарорни бекор қилиш учун ҳукуматнинг шошилинч мажлисини ўтказамиз. Мен Руминияни парчалашни хоҳламайман. Айни пайтда Руминия гўёки икки қисмга ажралиб қолгандек, бу эса мен истайдиган охирги нарса», — деди Гриндяну.
Бош вазир баёнот билан чиқиш қилган вақтда ҳукумат бошб қароргоҳи қаршисидаги майдонда намойишчилар сони 160 минг кишига етган.
Фармонга кўра, коррупция бўйича қамалган бир қатор амалдорлар амнистия қилиниши белгиланган. Бу эса аҳоли орасида норозиликларга сабаб бўлди. Одамларнинг фикрича, амнистия натижасида коррупциялашган сиёсатчилар ва баъзи хавфли жиноятчилар озодликка чиқиб кетиши мумкин.