Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Нима учун Россия Трампнинг ғалабасидан хурсанд?
6.02.2017 09:32,  
6

Доналд Трампнинг АҚШнинг 45 президенти сифатида қасамёд қилиши дунё бўйлаб нафрат, хавотир ва намойишларга сабаб бўлди. Воқеани нишонлаган мамлакатлар жуда кам бўлди. Россия (Исроил ҳам) улардан бири эканлиги ҳеч кимни ажаблантирмади.

Россиядаги ҳам элита, ҳам оддий одамлар АҚШнинг янги президентини мамнунуят билан қарши олишди. Ҳатто сиёсий мухолифатдаги айрим кишилар Трамп тимсолида ижобий ўзгаришлар сабабчисини кўришди.

Россия томонидан президент Трампнинг илиқ кутиб олинишига АҚШ матбуотида уни «Кремл жосуси» деб аталиши ёки сайловда ғалаба қозонишига ёрдам берган «рус хакерлари» ҳақидаги айбловларнинг алоқаси йўқ эди. Бу элита, оддий одамлар ва ҳатто, зиёлилар орасида пайдо бўлган АҚШ-Россия муносабатларидаги ички ва ташқи кескинликларни камайтириш ва ўзаро манфаатларга асосланган янги йўналиш очилишига бўлган умид билан алоқадор эди.

Янги дунё тартиботи бўйича келишув

Ўтган йиллар давомида Россия президенти Владимир Путин ва унинг тобелари 1991 йилда социалистик лагернинг қулаши ва Совет давлатининг парчаланишидан кейин ўрнатилган дунё тартиботи, нафақат, адолатсиз, балки ноқонуний бўлганини бот-бот тилга олишган эди.

Иккинчи жаҳон урушининг сўнгида Ялта конференциясида қабул қилинган тартибот ҳужжатлари ва ташкилий тузилмаларнинг ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ эди. Россия раҳбариятининг назарида ҳеч бир мамлакат АҚШни ҳокими мутлақ, деб тан оладиган мажбуриятни имзоламаган ва шунинг учун бошқалар унинг яккаҳокимлигига итоат этиши шарт эмас.

Ушбу мантиқ Украина ва Суриядаги қарама-қаршиликларни тушунтиргандек бўлади. Кремл уларнинг ҳар иккаласидан «қизил чизиқлар» ҳалиям мавжудллиги ва янги дунё тартиботи учун эҳтиёж борлигини кўрсатиш учун фойдаланди. Россиянинг ташқи сиёсат таҳлилчилари Ялта келишувлари ва ҳозирги бир қутбли тизимнинг ўрнини босувчи халқаро муносабатларнинг янги тартибларини яратиш бўйича музокараларга АҚШнинг янги президенти тайёр бўлиши кераклигини такрор-такрор таъкидлашди.

«Янги Ялта келишувлари» тан олинган буюк давлатларга таъсир доираларини тақсимлаб бериши керак. Шубҳасиз, Кремл маъмурияти Россияни (АҚШ, Хитой ва Европа билан бир қаторда) буюк кучлардан бири сифатида кўрмоқда.

Бошқарув элитаси орасида ўз ташвишларини ўйлаб, Трампдан анчагина камтарона нарсаларни умид қилаётганлар ҳам бор. Қрим Россия таркибига қўшиб олинган ва шарқий Украинадаги россияпараст исёнчилар фаол қўллаб-қувватланган 2014 йилдан бери бошқарув табақасининг кўплаб аъзолари ўзларига қаратилган санкцияларнинг таъмини тотиб кўришди. Улар, агар Трамп ҳақиқатдан ҳам Россия-АҚШ муносабатларида янги саҳифа очишни истайдиган бўлса, санкциялар бекор қилинишидан умид қилишяпти.

Енгил тин олиш

Оддий россияликлар ҳам Трампнинг ғалабасидан хурсанд бўлишди. Унинг сайловолди тарғиботи ва ғалабаси рус ОАВларида хушомадлик билан кенг ёритилди. Аммо хурсандчилик учун асосли сабаблар ҳам бор эди.

Биринчиси яна иқтисодий санкцияларнинг олиб ташланишидан умид эди. Қизиғи, Россия ҳукумати томонидан Европа Иттифоқи ва АҚШга қарши жорий этилган «жавоб санкциялари»дан, ҳақиқатда, оддий россияликлар кўпроқ жабр кўришди. Мазкур савдо чекловлари туфайли энг зарурий маҳсулотлар нархи кўтарилиб, озиқ-овқат дўконларидан сифатли молларнинг айрим турлари бутунлай йўқолди.

АҚШ-Россия муносабатларидаги янги босқичда ушбу «жавоб санкциялари» ҳам олиб ташланиши эҳтимол. Аммо ҳатто санкциялар ўз ўрнида қолган тақдирда ҳам АҚШ билан алоқалар яхшиланиши Россия аҳолиси учун енгил тин олиш имконини беради. Охирги икки йилдаги қарама-қаршиликлар россияликлар орасида нафақат ватанпарварлик туйғулари жўш уришига олиб келди, балки хавотир ҳиссини ҳам жунбишга келтирди. 2016 йил кузининг бошларида «Совуқ уруш» давридан бери илк маротаба Россия жамоатчилигида АҚШ билан бўладиган эҳтимолий уруш ҳақидаги баҳс-мунозаралар бошланиб кетди. Трампнинг ғалабаси эса камида уруш бўлмаслигига ишора сифатида тушунилди.

Америка энди душман эмас

Россиядаги мухолиф зиёлилар АҚШдаги демократларга энг хайрихоҳ кишилар бўлиб, Доналд Трампнинг сиёсати ва услубидан нафратланишади.

Лекин, ҳатто, улар ҳам Трампнинг ғалаба қозониши билан енгил нафас олишди. Гап шундаки, уюштирилган сайловлар ва Путининг президентликка қайтишига қарши 2011-2012 йиллар қишида бўлиб ўтган намойишлардан бери Россия ҳукумати ўз танқидчиларини «ёвуз Американинг таъсири»га алоқадорликда айблаш сиёсатидан фойдаланиб келади.

Бу эса ҳуқуқ фаоллари (улардан кўпчилиги 2012 йилдан кейин Россияни тарк этишга мажбур бўлишди) ва мустақил фуқаролик жамияти ташкилотларига (улар янги «чет эл жосуслари»га оид қонун орқали чекловларга дучор бўлишди) қарши қонуний, сиёсий ва матбуотда босимлар ортишига олиб келди. Шунинг учун ҳам АҚШ билан адоватли муносабатлар мустақил фуқаролик жамиятларини назоратда тутиб туришда муҳим аҳамият касб этди. Ҳукумат бундай ёндошувдан фойдаланишни тўхтатадими, йўқми – ҳеч ким билмайди. Лекин агар Америка душман бўлишдан тўхтаса, шундай бўладигандек туюляпти.

Ҳаттоки, «Стокголм синдроми»га ўхшаш мулоҳазаларга чорлаши мумкин бўлган радикал мухолифат орасида ҳам Доналд Трамп Путин учун анчагина мураккаб ҳамкор бўлишини исботлашидан умид бор. Улар Барак Обаманинг ташқи сиёсатини муваффақиятсиз деб ҳисоблашади. Бундай хулоса унинг Путин билан келиша олмагани ва санкциялар жорий этгани боисидан эмас, балки бундай сиёсат кутилган натижасини бермагани туфайлидир. Уларнинг эътирофича, Обаманинг «кучсизлиги»ни пайқаб қолган Путин ички ва ташқи сиёсатда янада тажовузкор бўлиб борди. Улар Трамп тимсолида Путинни тийиб турувчи «қаттиққўл республикачи» президентни кўришмоқда.

АҚШ-Россия муносабатлари қандай йўналишда бошланишини вақт кўрсатади. Аммо тарихга қараб ниманидир тахмин қиладиган бўлсак, унчалик ҳам хаёлпараст бўлмаганимиз маъқул. Жорж Буш ҳам, Обама ҳам президентликларини иккала мамлакат ўртасидаги алоқаларни қайта тиклаш билан бошлашган. Бироқ иккови ҳам иккинчи президентлик муддатларини муносабатларнинг энг қуйи нуқтасида якунлашди (мос равишда 2008 йилги Россия-Грузия уруши ҳамда 2016 йилги Сурия уруши ва киберҳужумлар можароси).

Президент Трамп билан ҳам ана шундай сценарий такрорланармикин? Яна бир ёки икки йиллик «асал ойи»дан сўнг узоқроқ муддатга чўзиладиган душманликка гувоҳ бўлармикинмиз? Эҳтимоллик юқори, бироқ ҳали ҳеч нарса аниқ эмас.

Умуман олганда, биз Трампнинг президентлиги 2020 ёки 2024 йилда тугашини биламиз, аммо Путин қачон нафақага чиқиши номаълум. Мазкур ҳодиса Трампнинг ваколат муддати тугашидан олдин содир бўлиши мумкин. Бу эса можароли Россия-АҚШ муносабатларида янги саҳифа очиши аниқ.

Иван Курилла, тарих фанлари доктори, Санкт-Петербургдаги Европа университети профессори, Россия

aljazeera.com сайти асосида тайёрланди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан