Нега кўчада электромобиллар кўпайиб кетмаяпти?

07.02.2017 | Технологиялар | 923

Британиянинг автомобиль саноати институти (IMI) олимлари электромобиллар кўплаб афзалликларига қарамасдан савдоси сустлиги сабабини аниқлашга ҳаракат қилди, деб ёзмоқда Carzone сайти.

Электромобилнинг эксплуатацияси анъанавий автомобилникидан арзонроқ. Ёнилғи талаб қилмайди. Камчиликлари ҳам йўқ эмас: машина қиммат, зарядлаш кўп вақт талаб қилади, йўл захираси эса шаҳар ичида юришга етади. Қолаверса, зарядлаш станциялари ҳам кенг тарқалиб улгургани йўқ.

Британиялик олимлар оддий автомобилдан экологик автомобилга ўтиришига нима халақит бераётганини икки минг ҳайдовчидан суриштирди. Сўралганларнинг 70 фоизи суғурталаш нархи баландлигини сабаб қилиб кўрсатди. Британияда электромобиль ва гибридларни суғурталаш оддий автомобилдан бир ярим баробар қимматроқдир. Бу электрокарни таъмирлаш қимматлиги билан изоҳланади. Бундан ташқари, Англиядаги автосервисларнинг атиги бир фоизи электромобилга хизмат кўрсатади.

Сўралганларнинг 38 фоизи атроф-муҳит мусаффолиги масаласига шак-шубҳа келтирмаслигини билдирди, аммо атиги 17 фоизигина ҳаво тозалиги учун чўнтак кавлашга тайёр экан. Яна бир қизиқ ҳолат: электромобиль ёшларга кўпроқ ёқаркан. 18дан 24 ёшгача бўлган британияликларнинг 21 фоизи электромобилга ўтиришга рози бўлса, 55 ёшдан ошганларнинг бор-йўғи 9 фоизи бунга тайёр.

Россияда 722та электромобиль қайддан ўтказилган. Уларнинг 167таси турли русумдаги “Тесла”лардир. 189та Nissan Leaf ва 249та Mitsubishi i-MiEV бор. Ғарб давлатларидан фарқли ҳолда Россияда электромобиллар давлат томонидан деярли рағбатлантирилмайди. Келажакда Москвада зарядлаш станциялари сонини кўпайтириш ваъда қилинмоқда.

Ўзбекистон кўчаларида электромобилларни учратишни эса ноёб ҳодисага тенглаш мумкин. Хоразм вилоятида оддий автомобилга қайта ишлов бериб электромобиль тайёрлаётган тадбиркорлар ҳақида хабар берилди. Ўзбекистонда ҳам мутасаддилар атроф-муҳит тозалиги йўлида электромобилдан фойдаланишга чақириқлари кўзга ташланмайди.

Экспертлар ҳозир дунёда жами 1,3 млн электромобиль бор, деб ҳисоблайди.

Таҳлилчилар 2035 йилга бориб АҚШдаги автомобилларнинг камида 10 фоизи электромобилдан иборат бўлишини тахмин қилади. Бунинг натижасида нефт нархи пасая бошлайди.