“Кутаётган жонзот” меми Россиянинг рамзи деб эътироф этилди

10.02.2017 | Жамият | 877

Санкт-Петербургдаги Европа институти профессори, сиёсатшунос Дмитрий Травин мемга айланган кутувчи жонзот (“Кутарбой”) Россиянинг бош рамзи, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда “Ведомости” нашри ёзмоқда.

Сиёсатшуноснинг айтишича, илгари Россиянинг рамзи Ёртиқулоқ (Чебурашка) эди. “Россиянинг “Кутарбой”и ғамгин, ялқовгина ва ланж. Аммо ёқимтой. Унин баданини ёғ босган, бурни осилган, ёғи қат-қат қорнида қўлларини қовуштирган, чунки мамлакатда аллақачондан бери касодлик ҳукм сурмоқда, на сиёсий, на фуқаровий, на сармоявий фаолликка шароит йўқ. Аммо Кутарбой некбин. Умидсизликка берилмайди. У дилига тугиб кутмоқда”, деб изоҳлайди Травин.

Бундан ташқари, сиёсатшунос ёш “Кутарбой”лар тоифаси ҳақида сўзлаб берди. Улар амалдаги элита кетиб, жой бўшатишини кутмоқда. Қари “Кутарбой”лар эса “тартиб ўрнатиш, душманларни йўқ қилиш, ССРИнинг қайта дунёга келиши, халқларнинг дўст-биродарлиги, мамлакатда ишлаб чиқарилган арзон колбаса ва уни ҳазм қилиш имконини берувчи яхши импорт таблеткаларни кутмоқда”.

Сиёсатшунос 2018 йилдан кейин ҳам Кутарбой қўлини қорнига қовуштирганча кутишда давом этишини билдирди.

Кутарбой ҳайкалини голланд рассоми Маргрит ван Брифорт ишлаган. Ҳайкал расми интернет мемга айланиб кетди. Кутарбойни ясашга рассомни шифокорга навбатда турган одамлар илҳомлантирган.