Австралияда самолёт савдо марказига келиб урилиши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди

21.02.2017 | Жаҳон | 457

Австралиянинг иккинчи энг катта шаҳар – Мелбурнда кичик самолёт савдо маркази томига урилиши натижасида 5 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақида Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Шаҳар ташқарисидаги аэродромдан кўтарилган Beechcraft King Air самолёти бугун тонгда Эссендон аэропорти учиш йўлаги охирида жойлашган савдо марказига урилган. Самолёт ҳалокатига унинг двигательидаги носозлик сабаб бўлгани айтилмоқда.

Ҳодиса оқибатида самолёт бортида бўлган 5 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, самолёт урилиш пайтида портлаб кетган. Ҳалокат вақтида савдо маркази харидорлар учун ҳали очилмаган бўлган.

Маҳаллий полиция ҳодиса тафсилотлари ва қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот бермаяпти. Эссендон аэродроми парвозлар учун вақтинча ёпилган. Ҳалокатга учраган самолёт Тасмания штати яқинидаги ороллардан бири томон йўлга чиққан бўлгани маълум бўлган. Австралия Траснспорт хавфсизлиги бюроси ҳодисани ўрганмоқда.