Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори кимларнинг қўлида эканлигини биласизми?
25.02.2017 16:55,  
26

Риэлторлик ташкилотлари ходимлари фикрига кўра, Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори расмий вакиллари ҳиссасига олди-сотдиларнинг атиги 20 фоизи, «қора маклерлар»га эса қолган қисми тўғри келмоқда.

Мазкур бозорда юзага келган вазият ҳақида «Экономическое обозрение» журнали мухбири Риэлторлик ташкилотлари ассоциацияси ижрочи директори Абдумалик Алиев билан суҳбатлашди, деб ёзади Дарё нашри.

— 2011 йил июнида Ўзбекистонда «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган, мазкур ҳужжатда кўчмас мулк бозори қатнашчилари (сотувчилар ва харидорлар, ижарага берувчилар ва ижарага олувчилар) ҳамда риэлторлар — хизматларнинг профессионал етказувчилари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиши кўзда тутилган эди. Шу мақсадда риэлторлик фаолиятининг лицензияланиши жорий этилган, риэлторлик хизматлари тоифалари ўрнатилган, риэлторлик ташкилотлари ва риэлторларга (хусусий тадбиркорларга) минимал талаблар белгиланган, риэлторлик ташкилотларининг давлат тизимлари, уй-жой коммунал хўжаликлари, ўз-ўзини бошқариш органлари билан муносабатлари аниқланганди.

Бироқ афсуски, риэлторлик хизматларининг профессионал субъектлари ҳамон камчилик бўлиб қолмоқда ва соҳани фаолиятини ноқонуний амалга ошираётган минглаб «маклерлар» билан бўлишишга мажбур бўлмоқда.

— Кўчмас мулк ҳақидаги маълумотлар, яъни ҳужжатлар тўплаш ҳуқуқига фақат риэлторлик ташкилотлари эга, тўғрими?
—Маълумотларни тўплашга фақат риэлторлик ташкилотлари ҳақли, чунки хизматлар кўрсатишга шартнома ҳам улар билан тузилади. Бироқ қонуннинг бу бандини четлаб ўтиш осон ва бундан мазкур фаолият билан шуғулланиш учун ҳеч қандай тегишли ҳужжати бўлмаганлар ҳам фойдаланмоқда. Бунинг учун маълумот тўплашга нотариал ишончнома расмийлаштирилади, холос. Бундай вазият кўчмас мулк бозорининг асосий қисми «қора риэлторлар» томонидан эгаллаб олинишига сабаб бўлмоқда, бу эса жуда катта маблағни ташкил этади.

Таҳлилий маълумотларга кўра, ўтган йил 1 октябрь ҳолатига турли сайтларда 10 мингга яқин квартира ўртача 40 минг доллар нарх билан сотувга қўйилган, уларнинг жами қиймати тахминан 400 миллион доллардан иборат. Воситачиларнинг хизмат ҳақи 3 фоизни, яъни 12 миллион долларни ташкил этади. Бу маблағдан ноқонуний бозорга 9,6 миллион доллари тўғри келмоқда. Бу маблағдан солиқ тўланмаганлигидан ташқари, уларнинг нимага сарфланиши ҳам номаълум, чунки давлат назоратидан четда.

«Қора маклерлар» томонидан хизматлар нархининг минимал даражага туширилиши мижозлар билан шартнома тузадиган ва ташкилотни тутиб туриш, лицензия, ходимларни ўқитиш билан боғлиқ барча харажатларни зиммасига оладиган риэлторлик ташкилотлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу тариқа қонун доирасида иш кўрадиган риэлторлик ташкилотларининг фаолияти барбод қилинмоқда.

Уларнинг сони эса, айниқса, минтақаларда шундай ҳам етарли эмас. Масалан, ўтган йил 1 июнидаги маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларига атиги 4 тадан, Сурхондарёга 3, Сирдарёга эса 2 та лицензия тўғри келмоқда. 

Бундай вазият яхшиликка олиб келмайди, чунки кўчмас мулк эгалари турли фирибгарлар учун нишонга айланиши мумкин. Бу сотувчиларга ҳам, харидорларга ҳам тегишли. Улар ўзлари деярли билмайдиган, танимайдиган инсоннинг қўлига ҳужжатларини топшириб қўяди. Агар у бирданига ғойиб бўлса ёки бирор кор-ҳол юз берса, кўчмас мулк ҳужжатларини қайтаришнинг иложи бўлмайди. Мижоз алданса, айбдорни топиш ўта мушкул. «Қора маклерлар»дан фарқли равишда, риэлторлик ташкилоти расман шартнома тузади ва ўз ҳаракатлари учун тўлиқ жавоб беради.

— Ассоциация «қора маклерлар»га қарши кураш учун қандай чоралар кўрмоқда?
— Биз барча манфаатдор давлат тизимлари билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Кўчмас мулк бозоридаги ноқонуний фаолиятга чек қўйиш юзасидан ишлар олиб борилаётган бўлса ҳам, натижалар жуда камтарона. Ассоциация риэлторлик ташкилотлари орқали ижтимоий тармоқларда кўчмас мулк объектлари ҳақида маълумотлар алмашиладиган гуруҳларга эга «қора маклерлар» ҳақида ахборотлар тўплаган. Бироқ бу маълумотлар талаб этилмай қолиб кетяпти.

— Кўчмас мулкнинг расмий бозори мураккаб даврни бошдан кечираётгани ҳақида айтиш мумкин. Бу вазиятдан чиқишнинг қандай йўлларини кўрмоқдасиз?
— Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бошқа қонунлар билан бир қаторда «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг ҳам мониторингини ўтказмоқда. Ассоциация томонидан унинг айрим моддаларини ўзгартириш бўйича таклифлар киритилган. Уларда бугунги кунда кўчмас мулк бозорида юзага келган ҳолат ҳисобга олинган.

Хулоса ўрнида мазкур бозорда тартиб ўрнатиш бўйича давлат даражасида тегишли ҳужжатлар қабул қилиш вақти аллақачон келганини таъкидлаб ўтишни истардим.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан