Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Мирзиёев биринчи расмий сафарини нега Туркманистондан бошлаяпти?
4.03.2017 12:36,  
7

Яқин кунларда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатидаги биринчи хорижий сафари бошланади. Яна шуниси ҳам эътиборли ва ҳатто рамзий маънога эга-ки, Мирзиёеву ўтган ойда янги сайланган Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг биринчи олий мартабали меҳмони бўлади.

"Ўзбекистон раҳбари феврал ойида йўллаган табрикномасида Гурбангули Бердимуҳамедовни сайловда эришган ишончли ғалабаси муносабати билан қутлар экан, бўлажак ташриф икки томонлама муносабатларда том маънодаги тарихий воқеа бўлажагига ишонч изҳор этган эди. Қолаверса, кейинги ярим йил давомида мамлакатларимиз ўртасидаги турли даражалардаги алоқаларнинг жадал тус олгани ҳамда конструктив ҳамкорликнинг шу пайтга қадар қўйилган мустаҳкам замини ҳам бундан далолат беради", — деб ёзган "Жаҳон" АА.

Нашр шунингдек, туркман ва ўзбек халқи асрлар давомида маънавий қадриятлар, тил дин, тарих, урф-одат ва анъаналар муштараклигига асосланган дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари ўзаро боғлаб келгани ҳақида эслатиб ўтган.

Ана шундай эҳтиромнинг рамзи сифатида Туркманобод шаҳрида Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари номи билан аталадиган марказий кўчадаги Ислом Каримов номли хиёбонда Ўзбекистон Биринчи Президентининг хотира мажмуи барпо этилмоқда. Туркманистон раҳбари ўтган йил 4-ноябр куни Ашхободда Ўзбекистон ҳукумати делегациясини қабул қилган чоғдаёқ бу ҳақда баёнот берган.

Туркманистон Президентининг Ўзбекистон ҳукумати аъзолари билан бўлган яна бир учрашуви икки томонлама муносабатларнинг ўсувчан эканлигидан далолат беради. Гурбангули Бердимуҳамедов ўтган йилнинг 26 – 27-ноябри кунлари Ашхободда бўлиб ўтган БМТнинг Барқарор Транспорт бўйича биринчи Глобал конференцияси доирасида Ўзбекистон делегациясини қабул қилди. Самимий суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг, шу жумладан, транспорт-коммуникация соҳасидаги ўзаро алоқаларнинг истиқболлари муҳокама этилди.

Шу ўринда яна бир жиҳатни қайд этиш жоиз: мамлакатлар кўп томонлама музокаралар доирасида ҳам бир-бири учун ишончли таянчдир. Ўзбекистон Туркманистон раҳбарининг Халқаро нейтралитет кунини таъсис этиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлагани бу фикрнинг яққол тасдиғи ҳисобланади. Бунинг натижасида жорий йил 2-феврал куни БМТ Бош Ассамблеясининг 71-сессиясида 12-декабрни Халқаро нейтралитет куни, деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюция Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида қабул қилинди.

1996-йил 16-январдаги Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги Шартномада кўзда тутилганидек, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ўзаро муносабатлардаги асосий жиҳатлардан бири ҳисобланади. Мазкур Шартномани бугунги кунга қадар имзоланган қарийб 190 та икки томонлама битимлардан иборат салмоқли ҳужжатлар тўпламининг "тожи" дейиш мумкин.

Ўз-ўзидан аёнки, юқорида қайд этилган шартномаларнинг аксарият қисми Тошкент ҳам, Ашхобод ҳам устувор даражада эътибор қаратадиган савдо-иқтисодий ҳамкорликка алоқадордир.

Бу йўналишдаги ҳамкорлик кўлами ва унга бериладиган аҳамият кўлами катта эканлигини тасдиқлаш учун биргина мисолни келтиришнинг ўзи кифоя: сўнгги олти ой мобайнида Ўзбекистон — Туркманистон савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг иккита мажлиси бўлиб ўтди.

Сўнгги мажлис якунлари бўйича томонлар бошқа йўналишларда ҳам бўлгани каби иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, сув-хўжалик объектларидан биргаликда фойдаланиш, қишлоқ хўжалик техникаси ва нефт маҳсулотлари етказиб бериш, ўзаро миллий кўргазмаларни ташкил этиш юзасидан келишувларга эришдилар.

Мазкур ҳукуматлараро комиссиянинг номланишидан ҳам аёнки, томонлар маданий-гуманитар ҳамкорлик масалаларини мунтазам равишда муҳокама этишади. Чунки ўзаро ҳамкорликнинг бу йўналиши ҳам халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишида катта аҳамият касб этади. Бунинг самаралари ҳам кафтдагидек равшан: Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари ҳар икки мамлакатда ўтказиладиган турли концертлар, фестивал ва танловларда мунтазам қатнашмоқда. Шу билан бирга, ҳар йили ўзбек ва туркман санъат даргъаларининг иқтидори ва юқори маҳоратини очиб берадиган тадбирлар ташкил этилади. Ўтган йил 26-28-сентябр кунлари Ашхободда бўлиб ўтган "Ўзбек киноси кунлари" доирасида ўзбек кино санъати усталари томонидан суратга олинган 8 та бадиий фильм намойиш этилди.

Ўша йилнинг 7-11-ноябри кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтган "Туркманистон маданияти кунлари" тадбири доирасида Ўзбекистон аҳли қардош туркман халқининг бой анъана ва урф-одатлари билан яқиндан танишди. Тошкент ва Бухоро шаҳарларида дўст мамлакат хонандалари ва санъат усталари иштирокида кўргазмалар, ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, концертлар ва фильм намойишлари бўлиб ўтди.

Жорий йил 4-5-феврал кунлари Ўзбекистоннинг Бухоро ва Хоразм вилояти делегациялари Туркманистоннинг Лебап ва Тошҳовуз вилоятларига ташрифлари ҳам учрашув ҳамда номи тилга олинган минтақалар маъмуриятлари раҳбарлари, ишбилармон ва жамоатчилик доираларининг вакиллари иштирокидаги музокараларга бой бўлди. Ташриф қатнашчилари қардош мамлакат ва халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ҳамда ҳурматга асосланган бундай муносабатларнинг юқори даражасидан алоҳида қониқиш билдирдилар.

Шунингдек, минтақалараро даражадаги тўғридан-тўғри ва яқин шериклик алоқаларини, энг аввало, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни ривожлантиришнинг муҳим эканлиги қайд этилди. Ташрифлар чогъида Ўзбекистон делегацияси учун Туркманистоннинг республикамизга чегарадош бўлган вилоятларидаги саноат корхоналари ва маданий муассасалари билан танишув тадбирлари ташкил этилди.

Икки мамлакатда истиқомат қиладиган ўзбек ва туркман этник гуруҳларининг вакиллари икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланишида салмоқли ўрин тутади. Маълумки, Ўзбекистонда яшайдиган миллат ва элатларнинг ҳар томонлама ривожланишига Ўзбекистонда алоҳида эътибор қаратилади. Шуни қайд этиш жоизки, бугунги кунда республиканинг турли вилоятларида қарийб 189 минг нафар туркман қардошлар истиқомат қилади. Бу миллат фарзандлари туркман тили ўқитиладиган 47 та мактабда таҳсил олишмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда Туркман миллий маданий марказлари ҳам муваффақият билан фаолият кўрсатмоқда. Улар Ўзбекистон фаровонлигига ҳамда миллатлараро ҳамжиҳатликнинг мустаҳкамланишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларнинг ана шундай дўстона ва яқин қардошлик моҳиятига эга эканлиги, қолаверса, бўлажак ташриф кун тартибининг учрашув ва музокараларга жуда бойлиги ҳам Мирзиёевнинг олдинда турган давлат ташрифи икки халқ тарихида том маънодаги унутилмас воқеа бўлиб қолишидан дарак беради. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ҳамда Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида аллақачон йўлга қўйилган ишончли ва конструктив мулоқот туфайли энди икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатдан янги, стратегик шериклик даражасига олиб чиқилиши учун кенг имкониятларнинг эшиклари очилмоқда, деб ёзган нашр.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан