Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






ШУКУР ЖАББОР. Соҳиби узр
7.03.2017 00:49,  
145

Ҳикоя

Бутун дунёда шунақа. Ҳар бир қишлоқ, ҳар бир мавзе, ҳар бир овулнинг ўз жинниси, эси пасти бўлади. Ҳа бутун дунёда шунақа. Мана, одамзод яралганига ўн бир минг йил бўлибдики, барча эра, барча замон, барча маконда бу тоифа камситилади, дунёнинг ҳамма булук бурчагида паст назар билан қаралади. Бу девонасифат эси пастларнинг бирор аъзоси ишламаганлиги ёки чала ишлагани, айниқса ақли заифлиги туфайли худди ҳайвонот оламида бўлганидек, ҳақир тутилади, туртиб-туртиб четга суриб қўйилади. Тўй-хашамларда масхара қилинади, дастурхонлардан суриб чиқарилади.

Қинғирми-қийшиқми, паҳмоқми-аҳмоқми, пийпиқми-қийтиқми қанақа бўлишидан қатъи назар уларни онаси яхши кўради. Ҳа, жигарининг бир бўлаги бўлган онаси яхши кўради. Йўқ-йўқ, отаси яхши кўрмайди, ор қилади. Ота шунақа махлуқки, ўз пушти камаридан бўлган бундай одамчани кўрганида негадир бош чайқаб, тамаки чеккиси келиб қолади. Айтмоқчи, уларни Правардигори олам ҳам яхши кўради. Шунинг учун уларни “Соҳиби узр” деб эълон қилган ва жаҳаннам ўтидан озод этади. Тўғри-да, бу бечоралар учун яшаб турган шу бужур дунёмиз жаҳаннам бўлгани етади-да.

Бизнинг Ашир ҳам шу тоифага мансуб. Ҳамма уни “Ашир чиллашир” деб чақирарди. Унга янги ном қўйишим “Ашир чиллашир” деган номни одамлар ёдидан ўчириб юборди. Бир маъракада биров “Ошнинг устига бир қути чой сепиб қўй” деб хазиллашганида у бу гапни тўппа-тўғри қабул қилиб энди дамланиши керак бўлган паловнинг устига чойни қоғозидан очиб худди зира сепагандай қилиб, ҳаммасини тўкиб юборади. Уни кўрган ошпаз Аширни урмоқчи бўлганида мен орага тушиб “Бунда айб йўқ, гап ўргатганларни ургин, бу соҳиби узр ҳиосбланади” деб ажратволганман. Шаръий истилоҳ бўлган бу “соҳиби узр” деган атама ибодат қилиш ва уни мукаммал бажаришдан озод бўлган эси паст, жинни, ногирон кишиларга қўлланади. Яна ё бирор касаллик туфайли ё жуда кексалиги учун пешобини ушлаб туролмайдиганлар ҳам “соҳиби узр” ҳисобланиб таҳорат ва ибодатда имтиёз ва енгилликка эга. Ўша куни мендан соҳиби узр нима деб сўраб қолганларида шундай деб тушунтирганман. Шундан кейин одамлар уни аввал бошда “Соҳиби узр” деб, кейинроқ “узр” қўшимчаси оғирлик қилгани учун “Соҳиб” деб чақиришадиган бўлишди. “Узр” деган сўз ўзи доим оғирлик қилади. Шундай қилиб унинг исми “Соҳиб”га айланди-қолди.

Мен нимасини айтай, улар бутун дунёда деярли бир хил кийинишади. “Бир хил кийинади” дейишим қайси маънодаки, худди каска кийиб ишлаётган одамни қурилишда ишчи, оқ халат кийган кишини шифокор эканига шубҳа қилмаганимиздек, бу тоифанинг кийинишига қараб “соҳиби узр” эканини аниқ айта оламиз. Чунки, ё шими почасини пайпоғига тиқволган, ё ёзни кунида ҳам қалин пахталиқ камзулининг устидан чопон кийволган, ё белбоғ устидан яна белбоғ боғлаган, ё қишнинг совуқ кунида ҳам пайпоқ киймай йиртиқ жойи сим билан тикиб олинган калиш кийган бўлади.

Ўша тўйда нозик меҳмонлар келиб, тўй эгаси оёғи куйган товуқдай, захартанг қилиб қолган мешкобдай типирчилаб қолди. Ва у ўша “нозик меҳмонлар” учун ажратилган хона эшиги ёнига тасодифан бориб қолган Аширни қўлини бегиз қилиб кўрсатиб “Носир, қанисан, йўқот анавини!” деб бақирди. Ҳа “анави”, яъни “Соҳиб” мунғайиб у ердан ўзи нарироққа кетди...

Эй, хом сут эмган банда! Кимни ҳайдадинг?! Фариштани ҳайдадинг-ку! “Нозик меҳмонлар”инг учун ташиган ароқларингни кўргандаёқ, ростакам фаришталар осмонга қочиб кетган бўлса ҳам мен “Фариштани ҳайдадинг” деганимда Аширни – ўзимизни Соҳибни назарда тутдим... Аслида тўйдан тўйга кириб, сассиқ кекирдак бўлиб еб-бўкиб келаётган казо-казоларингдан кўра, дастурхонинга ана шу Ашир ҳақдорроқ эмасмиди?!.. Ана шунда эҳсонинг жойига тушган бўлмасмиди?! Ана шунда ўзи шундоқ ҳам сув ичавериб захлаб кетган жойга эмас, аксинча, сувга ташна, тап-тақир ерга сув қуйган бўлмасмидинг?!..

Бу ҳам камдай эртаси куни “Жаги” лақабли Қувват деган безори бир кишининг дўконига ўғирликка тушиб, ҳамма қилган ишини Соҳибга юклаб қўйди. Ваҳоланки, Соҳиб у ерда бўлмаган. Тергов жараёнида ҳамма ишни Соҳиб ўз бўйнига олди. Шу иш содир бўлганида Қувват Соҳибнинг ёнига серқатнов бўлиб қолган. Бу ерда бир гап борлигини сезиб, Қувватни қисди-бастга олдим. Унга “Соҳибни нима қилдингки, сен қилган ишни у бўйнига олди?” деганимда у “Бўлди, унингизни ўчиринг! Дамингизни чиқарманг, Соҳиб бўйнига олди-ку! Ўзингизга душман орттириб, ўзингизга муаммо орттириб нима қиласиз?!” деди. Бу гап оҳанги ўғирликни у қилганидан далолат берарди. Соҳибдан сўрасам, кўзлари жавдираб, қўрқиб, чучук тил билан “Ўжим қиллим” деб туриб олди. “Бу ишни Қувват қилиб, агар сен қилдим демасанг ёшлигингда қилган бирор айбингни ҳаммага айтиб бераман, деган шундайми”, десам қизариб-бўзариб, олдимдан тура солиб беўхшов шаклда қочиб кетди. Демак, “Бу ўғирликни мен қилдим демасанг, анави ишни ҳаммага айтаман” деб Қувват Соҳибни қўрқитган. Чамамда ўша менга қоронғу бўлган – ёшлигидаги қандайдир “анави” иши ҳозирги ўғирликка қараганда аҳамиятсиз эканини бечора Соҳиб тушуниб етмаган.

Соҳибнинг қўлига кишан солиб олиб кетаётганларида унинг онаси сочини ёйиб “Болам ҳамма нарсани қилади, лекин ўғирлик қилмайди! Қўйворинглар боламни!..” деб юзини юлиб йиғлади. Мен у онаизорни “Қўрқманг, қамашмайди, у соҳиб узр!” деб тинчлантирмоқчи бўлдим.

Соҳиби узрни ҳатто Худо ҳам жазоламайди, бандаси ким бўпти?! Онаизор эса гапимни эшитдими, йўқми дод солиб йиғларди. Менинг тилимда фақат “Соҳиби узр!” деган сўз қолди, холос.

Соҳиби узр! Соҳиби узр!! Соҳиби узр!!!..

Шукур Жабборнинг Facebook саҳифасидан

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан