Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилиш тартибини ишлаб чиқди.
Бу ҳақда, Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизматига таяниб, «UZ24» хабар бермоқда.
Гид ва сайёҳлар учун тайёрланган тавсияларга кўра, «Мўйи Муборак» мадрасаси — муқаддас Қуръони Карим жойлашган музейга бир вақтнинг ўзида 40 нафаргача зиёратчи кириши мумкин, экскурсия вақти 20 дақиқадан ошмаслиги керак.
Мажмуа ҳудудида баланд овозда гапириш, баҳслашиш, видео ёки фотога олиш мумкин эмас. Зиёратчи аёллар бошига рўмол ёки шарф ташлаб олишлари керак, кийим ҳам зиёрат талабида — меъёрдан ортиқ калта, тор ёки очиқ бўлмаслиги керак.
Мажмуа ҳудудида чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, майсазорда юриш, гулларни узиш, скейтборд ва роликда учиш, велосипед ҳайдаш каби ҳаракатлар тақиқланади.
Музей сайёҳлик мавсумида — 1 мартдан 30 июнга қадар, шунингдек, 1 августдан 30 ноябргача шанба ва якшанба кунлари ҳам соат 9:00 дан 16:00 га қадар ишлайди.