Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Эксперт: «Ўзбекистон девалвацияга тайёрланиб, қора бозор билан хайрлашмоқда»
20.03.2017 17:17,  
7

2017 йилдан бошлаб мамлакатда кенг кўламли молиявий ислоҳот ўтказиш режалаштирилмоқда (мақола 2017 йил 7 январда ёзилган). 2016 йилнинг ноябрида Шавкат Мирзиёев «Валюта сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарор лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйди. Ушбу ҳужжатга мамлакатдаги валютага оид чекловларни бекор қилишга қаратилган ислоҳот даракчиси сифатида қарашмоқда.

Ҳужжатнинг энг муҳим жиҳати — хорижий валюталарнинг миллий валютага нисбатан курсини бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда белгилашдир.

Ҳужжат Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг сайловолди кампанияси давом этаётган бир пайтда халқ муҳокамасига қўйилган.

Бугунги кунда сўмни конвертация қилиш борасидаги чекловлар бизнес йўлидаги энг катта тўсиқлардан бири бўлиб турибди, бундан сайёҳлар ва мамлакатнинг оддий гражданлари ҳам зиён кўрмоқда. Хорижий компаниялар ўз фойдасини конвертация қилиш ва олиб чиқиб кетиш имконсизлигидан таваккал қилишни хоҳлашмайди. Расмий маълумотларга кўра Ўзбекистонда Россия капитали ила ишловчи атиги 800 та фирма ва ташкилотлар фаолият кўрсатишини шу билан изоҳлаш мумкин, қўшни Қозоғистонда эса бундай ташкилотлар сони 20 мингдан зиёддир.

Ўзбекистоннинг валюта бозори

Ўзбекистон — МДҲдаги валютани конвертация қилишнинг учта курси мавжуд бўлган ягона мамлакатдир:

  • Марказий банк курси, экспортчилар валюта тушумининг 50 фоизини (мақола 2017 йил 7 январда ёзилган) шу курсда давлатга сотишга мажбур. Асосан давлатнинг ташқи иқтисодий контрактлари бўйича ва камдан-кам ҳолларда нодавлат контрактлар бўйича шу курсда валюта сотиб олиш мумкин. Хорижий валютадаги хўжалик операциялари ҳисобини, яъни бухгалтерлик ҳисобини юритишда ҳам шу курс қўлланади. Бугунги кунда Марказий банк курси бўйича 1 АҚШ доллари 3500 сўм 01 тийинга тенг.
  • нақдсиз валюта курси, реал импортчи ва экспортчилар ўртасида нақдсиз ҳисоб-китоб – нақдсиз сўмларнинг олди-бердиси шу курс бўйича амалга оширилади. Экспортчилар валюта тушумининг қолган 50 фоизини айнан шу курсда валютага муҳтож импортчиларга сотишади. Валюта биржаси расман мавжуд бўлса-да, амалда бундай курс белгиланадиган ягона савдо майдони йўқ. Ҳозир бу курс бўйича 1 АҚШ долларини 9100 сўмдан 9500 сўмгача сотиб олиш мумкин (мақола 2017 йил 7 январда ёзилган).
  • нақд валюта курси, одамлар қорабозорда валютани шу курсда сотади ва сотиб олади. Унга кўра ҳозир 1 АҚШ доллари 7400-7500 сўмга тенг.

Валюта сиёсати эркинлаштирилса…

Энди янги қонунга кўра мамлакатга 10 минг долларгача эркин олиб кириш ва ундан олиб чиқиб кетишга рухсат этилади, пулингиз 2 минг долларга етмаса уни декларацияда кўрсатиш ҳам шарт эмас. Товарларни пластик карталар орқали валютага сотиб олишга ҳам рухсат бериш режалаштирилмоқда.

Бизнес учун валюта алмаштиришдаги ва хорижликлар билан савдо қилишдаги чекловлар бекор қилинади. Қонун индивидуал тадбиркорларга товарлар ва хизматлар импорти учун ҳақни юридик шахс тузмасдан туриб тўлашга рухсат беради.

Экспортчилар ва импортчилар ички бозорда валюта сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлишади. Хорижий фирмалар учун катта имконият яратилади — Ўзбекистон норезидентлари мамлакат банкларида ҳисобрақамлар очишлари мумкин бўлади.

Энг муҳими — валюта тушуми мажбуран сотилмайди.

Аммо бу тартиб босқичма-босқич жорий этилади — валюта тушуми мажбуран сотиладиган айрим товарлар ва хизматлар рўйхати сақлаб қолинади. Давлат бу рўйхатни аста-секин қисқартириб боради. Бож ва йиғимлар одатдагидай сўмда тўланади. Дивиденди ва фойдани эса хорижий валютада тўлашга рухсат берилади. 

Сўм девалвация қилиниши мумкин

Ушбу қонун ҳақида фикр билдирган экспертлар орасида пессимистлар ҳам, оптимистлар ҳам бор.

Наврўз Хуррамов, молия таҳлилчиси:

— Назарий жиҳатдан лойиҳада кўрсатилган барча чораларнинг амалга оширилиши яқин орада Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиши учун кучли туртки беради дейиш мумкин. Аммо валюта сиёсатининг бундай эркинлаштирилиши ва валютани тартибга солишнинг самарали бозор механизмига бирдан ўтилиши осон ва қийинчиликсиз кечмаслиги аниқ. Одатда бу жараёнда валюта курси кескин ошиб кетиши, банк ва биржадаги конверсион операцияларда вақтинчалик узилишлар бўлиши мумкин.

Бироқ яна шуни ҳам тан олиш керакки, мавжуд валюта сиёсатини эркинлаштиришнинг самараси вақт жиҳатидан ҳам, миқдор жиҳатидан ҳам чекланган бўлади, чунки бу иқтисодиётдаги жиддий муаммолардан фақат биттасинигина ҳал этишга қаратилган қадамдир. Узоқ муддат барқарор ривожланиши учун Ўзбекистон иқтисодиёти бундан бошқа таркибий ўзгартишларга ҳам муҳтож.

Юлий Юсупов, иқтисодиёт бўйича мустақил эксперт:

— Ниҳоят миллий валютани эркин конвертация қилиш тартиби жорий этиладиган кўринади.

Доллар курси 5000-7000 сўм атрофида бўлади (бу ҳукумат ва Марказий банкнинг бошқа хатти-ҳаракатларига ҳам боғлиқ. Бундан валюта кредитлари бўлган банклар ва корхоналар, шунингдек расмий конвертацияга «қўли етадиган» хос импортчиларгина жабр кўради.

Қолганларнинг ҳаммаси ва бутун иқтисодиёт эса ютади.

Шуҳрат Хуррамов
Манба: Tafsilot.uz
———————————————-
Ҳасан Карвонли ўзбекчалаштирди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан