Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонда доллар қимматлагач бошқа валюталар нархи ҳам ошди
27.03.2017 19:21,  
59

Қора бозордаги қувди-қувдилар

16 — 17-март кунлари Тошкентдаги валюта қора бозорлари бўшаб қолди. Валютачиларнинг «доллар, танга, рубл оламиз» деган гаплари эшитилмайди. Юкхоналари сўм пачкаларига тўла машиналар ҳам кўринмайди. Валютачиларни милисалар ушлаб олиб кетишган. Вақтида қочиб қолганлари энди нима бўларкин деб кутиб туришган кўринади.

Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарлари 16 март куни ўтказилган брифингда журналистларга: «Прокуратура органлари валютачиларни, яъни ноқонуний равишда валюта савдоси билан шуғулланувчиларни ушлаш бўйича махсус тадбирлар ўтказди», — деб хабар беришди. Уларнинг айтишича, прокуратура ходимлари махсус операция натижаси ҳақида яқин кунларда маълумот беришар экан.

Бозорни назорат қилувчи зўрларнинг айримлари ҳибсга олингани операциянинг нақадар жиддийлигидан далолат беради. 

Доллар нега қимматламоқда?

Ўзбекистон қора бозорида 15 март куни доллар курси кескин ошди, уни 7700 сўмдан олиб 7800 сўмдан сотишди. Бир ҳафтада у 600 сўм қимматлади.

Қора бозордаги валютачиларнинг ўзлари ҳам «калбош»нинг нархи нега бунча тез ошаётганини билмайди. Мавзуна деган валютачи хотиннинг айтишича, одамлар доллар алмаштиришни камайтирган, чунки ҳамма «калбош» 8000 сўмга чиқармикан-йўқмикан деб кутаяпти. Доллар нархининг ошиши бошқа валюталар нархига ҳам таъсир қилди. Масалан, ҳозир 1000 тангани 21000 сўмга олиб, 23000 сўмга сотишмоқда, бир ҳафта бурун 1000 танга учун 18000 сўм беришаётган эди.

Ўзбекистон марказий банки хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан курсини ҳар сешанба куни ўзгартиради. Мана учинчи ҳафтадирки, долларнинг расмий курси 50 сўм атрофида ошмоқда, қора бозордаги нарх эса шунга мос равишда, ҳатто ундан ҳам тезроқ кўтарилаяпти.

2014—2015-йиллар мобайнида сўм расман 21 фоизча қадрсизланди, натижада расмий курс ва қора бозор курси ўртасидаги фарқ катталашди. Бугун 1 АҚШ долларининг расмий курси 3548,11 сўмга тенг. 10 мартдан мамлакатда 10000 сўмлик янги купюра муомалага киритилди.

Ҳукумат валюта курсларини девалвация қилишга шошилмаяпти

Ҳокимиятдагилар томонидан валюта сиёсати эркинлаштирилиши эълон қилинганидан сўнг аҳоли валюталарнинг расмий ва қора бозордаги нарх-навосини диққат билан кузатиб бормоқда. Мамлакатга келаётган долларларнинг катта қисмини Россия ва Қозоғистонда ишлаётган мигрантлар жўнатаётган пуллар ташкил қилади. Долларнинг барқарорлигидан янги президент анча имтиёз ва енгилликлар ваъда қилган тадбиркорлар ҳам манфаатдор. Ўзбек матбуотида иқтисодиётдаги бугунги, шу жумладан валюта сиёсати билан боғлиқ муаммолар очиқчасига муҳокама қилинмоқда.

Таниқли ўзбек иқтисодчиси Юлий Юсуповнинг фикрича, қора курс иккита сабабга кўра ошмоқда: а) ҳукумат қора бозор ишига аралашмай қўйди (бунгача у қора курснинг ошишини озми-кўпми жиловлаб турган эди), б) девалвацияни кутаётган аҳоли валюта сотиб олишга ҳаракат қилмоқда, яъни унга талаб ошаётир. Одамлар расмий курс билан қора курснинг мувозанатга келтирилган курси ҳозирги қора курсдан баланд бўлишидан қўрқмоқда.

Ҳукумат бундай вазиятда девалвацияни тезроқ ўтказиши керак, аммо у бундай қилмайдиган кўринади.

ЕТТБ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи

ЕТТБ (Европа тикланиш ва тараққиёт банки) раҳбари Сума Чакрабарти 15 март куни Тошкентга ташриф буюрди. Бу ташриф айнан доллар нархи ошишига тўғри келди. Эҳтимол валютачиларнинг қувғин қилиниши шу воқеа билан боғлиқдир.

«Ташрифдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва ЕТТБ ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва келажагини муҳокама қилишдир», — дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда.

ЕТТБнинг Тошкентдаги ваколатхонаси 1993 йилда очилган. 2003 йилнинг май ойида Тошкентда банкнинг йиллик йиғилиши ўтказилиб, унда Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилаётгани, тадбиркорларга тазйиқ ўтказилаётгани ва иқтисодий ислоҳотлар изчиллик билан ўтказилмаётгани учун танқид қилинган эди. Шу вақтдан бошлаб Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги муносабатлар ёмонлаша бошлади ва 2007 йилнинг ноябрида банкнинг Тошкентдаги офиси ёпилди. Лойиҳаларни молиялаштириш буткул тўхтатилди. Ҳозир ЕТТБнинг Ўзбекистондаги фаолияти фақат мавжуд инвестиция портфелини (5 та лойиҳа бўйича 8 млн евро) ишлатишга қаратилган.

ЕТТБ республикада элликдан ортиқ лойиҳани амалга ошириб, Ўзбекистон иқтисодиётига жами 500 млн еврога яқин сармоя киритди. Бу Марказий Осиё мамлакатлари орасидаги энг паст кўрсаткичдир. Масалан, forbes.kz сайтининг маълумот беришича, ЕТТБ қўшни Қозоғистон иқтисодиётига 6,5 млрд евродан кўпроқ сармоя киритган. 2015 йилнинг ўзида банк мамлакатга киритган инвестиция миқдори 708 млн еврога тенг.

Мана энди Ўзбекистон раҳбарияти ЕТТБ билан муносабатларни тиклаб, иқтисодиётга инвестиция жалб этишга қарор қилди. Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, банк-молия секторида бир қатор лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, қишлоқлардаги инфратузилмани янгилаш, агросаноат комплексида, химия ва нефт-химия саноатида, металлургия соҳасида, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги корхоналарни ташкил қилиш белгиланган.

ЕТТБ делегацияси келиб кетганидан сўнг, dollaruz.net сайтининг маълумот беришича, доллар нархи бироз тушган. Ҳозир қора бозорда бир доллар 7200-7300 сўмга, бир танга 20 сўмга сотилмоқда.

Шуҳрат Хуррамов
Манба: Tafsilot.uz

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан