Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ранг-баранг ҳайдовчилар
1.04.2017 09:04,  
23

Автомобиль ранг-баранг бўлишини биламиз, ранг-баранг ҳайдовчиси нима бўлди, дея ажабланманг. Қуйида турфа феълли ҳайдовчилар билан учрашасиз.

Айримларнинг автомобиль ҳайдашда тажовузкорлиги ва бошқаларнинг ҳуқуқини менсимаслиги нафақат нохуш таассурот, балки йўл-транспорт ҳодисасини ҳам келтириб чиқаради.

Барчасини йўлда юриш қийинлиги ва автотранспорт кўплигига тўнкаб, ўзини оқлаш мумкин. Кўпчилик шундай қилади. Аммо автомобиль деган темиртак ўзидан-ўзи қизил чироқда ўтиб кетиши, автотураргоҳда бировнинг ўрнини эгаллаб қўйиши ҳам мумкин эмас.

Мақоламизда шундай ҳолатлар қаҳрамони бўлмиш ҳайдовчиларнинг феъл-атворига чизгилар бериб таснифлаймиз.

Сурбет

Ҳайдовчиларнинг бошига битган бало шу тоифа. Улар ҳар ерда учрайди. Маданият масаласида қаттиқ оқсаши етмагандай, қилдек нохушликни филдек можарога айлантира олади.

Сурбет ҳайдовчининг алоҳида белгилари автомобиль сигналига зўр бериши, оғзидан боди кириб шоди чиқиши ва шовқин солиб гапиришидир.

“Мен ҳақман” деган ёзилмаган қоидага асосланиб, сурбет барчани қўрқитишга уринади. Тартибга чақирган киши ундан эшитадиганини эшитади. Ҳатто ЙТҲ содир қилса ҳам гапини бировга бермайди ва безбетларча атрофдагиларни айблашда давом этади.

Худбин

Сурбетдан фарқли ҳолда худбин ўзининг борлигини ҳаммага сездириб турмайди. Осойишта ва сипо алфозда автотураргоҳдаги ўрнингизга ёки йўл тиқинига олдингизга суқилади. Тартибга чақиришингизга жавобан илтифот билан жилмайганча, сиздан эпчилроқ чиқиб қолганини маълум қилади ва қўлингиздан нима келиши билан қизиқади.

Ёрдам сўралса, худбинлар хушмуомалалик билан рад жавоби беради ёки ҳеч нарсани билмаслигини айтади. (Бунақа вақтда сурбет ёрдам сўровчининг устидан хохолаб кулади).

Дилозор қўпол

Бу тоифадаги ҳайдовчилар назокатли муомалани менсимайди ва эскилик сарқити санайди. Йўлдошларининг дилини ранжитишга ҳамиша тайёр. Дилозор йўлларда ҳаракатланиш қоидасини ҳам, одоб-ахлоқ қоидаларини ҳам бир пулга олмайди.

Руҳиятшунослар бундай феъл-атворнинг сабабини норасолик комплекси билан изоҳлашади. Бир сўз билан айтганда унга сал етишмайди, аммо ҳар қадамда ўзининг зўрлигини исботлашга уринаверади.

Қизил чироқни назарига илмайди, тезлик чекловларига амал қилмайди, зебрани кўрмайди, йўл назоратчиларини эса адолатсиз суллоҳлар ҳисоблайди. ЙТҲларни энг кўп шулар келтириб чиқаради.

Мулойим ялтироқ

У анчайин беозор. Машинасини турли аксессуарлар билан жиҳозлашга муккасидан кетган. Янги акустикасидан, машинанинг ҳар жойига ўрнатилган ялтир-юлтур чироқлардан ва ажабтовур қурилмалардан уни таниб олиш мумкин.

Тўғри, у худбин, сурбет, тажовузкорларчалик зарарли эмас. Аммо янги йил арчасидек безатилган машина бошқаларни чалғитиши мумкин. Дейлик, нур ишқибози олд фараси қизил тусланишини хуш кўради. Бу, эҳтимол, ғаройибдир, бироқ қолган барча ҳайдовчилар учун бу ранг орқа габарит чироғини билдиради. Ажабтовур модали чироқ бошқаларнинг ҳайратига эмас, нафратига дуч келиши мумкин, чунки қаршидан келаётган машина ҳайдовчисини чўчитиб юборади.

Парвойи фалак

Парвойи фалакларнинг аксарияти аёллардир. Кинода кўп кўрганмиз: бир қўли билан қош-кўзига бўёқ суртади, иккинчиси билан боласини овутади, дунёнинг қолган ишлари ўз йўлига. Албатта, бу муболаға, бироқ нафис жинс вакиллари рулда лабини бўяши, дугонаси билан телефонда бамайлихотир суҳбатлашиши кўп учрайди.

Фақат аёлларгина парвойи фалакми? Бир қўли рулда, иккинчиси смартфон экранида бўлган эркакларни ҳам топиш қийин эмас.

Танти

Унга ҳайдовчилик этикасини тушунтириш шарт эмас. У хушфеъл ва киришимли, бошқаларнинг ҳурматини сақлайди. Зарурият туғилса ёрдамини аямайди. Улар йўл ҳаракати қоидаларини бузмайди, сурбетлик уларга ёт, йўлдан диққатини узмайди ва рулда ўзига ишонади.

Ҳайдовчилик маданияти унинг асосий хусусиятидир.

Мана қисқача таснифимиз билан танишиб чиқдингиз.

Йўл ҳаракати қоидаларидан ташқари, ёзилмаган, бироқ ҳамма амал қилувчи ахлоқ меъёрлари бор. Ўзини ҳурмат қилган бирор ҳайдовчи бунга бефарқ бўлмайди.

Йўлда бузилиб қолган машинанинг ёнидан фақатгина тўхташга вақт мутлақо бўлмаганда ўтиб кетиш мумкин. Ҳаттоки, ёрдам беролмаслигингни англаб турган бўлсанг-да, тўхтаб вазиятни билишга уриниш маданиятдандир. Йўлда баъзан энг яқин АЁҚШга етиш учун бир ҳўпламгина ёнилғи етмай қолади.

Ўзини ҳурмат қилган ҳайдовчи йўлдагиларни ҳам ҳурматлайди. Қўпол бўлмайди, тиқилинчда орага суқилмайди, олдидаги автомобиль бир зум тўхтаса, сигнал босишга зўр бермайди. Уятли ҳақорат ва ўрта бармоқ намойиши унга мутлақо хос эмас.

Таснифимиз ҳайдовчиларнинг барчасини ўз ичига олганлигини даъво қилмаймиз (қолаверса, ҳар бир ҳайдовчи истиснодир). Соғлом фикрловчи инсон барчасини ўзи тушуниб олади.

манба: carzone.uz

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан