Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Эврилишлар даври: Туркия тарихий референдум арафасида
16.04.2017 14:30,  
38

16 апрел куни Туркия тарихида улкан бурилиш ясаши кутилаётган референдум бўлиб ўтади. Туркия фуқаролари президентга кенг ваколатлар берадиган конситуциявий ўзгаришлар учун овоз берадилар. Референдум натижаси Туркия Жумҳуриятининг келажакдаги бошқарув тизими қандай бўлишини белгилаб беради.

Бундан ташқари, референдум натижаси Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг мамлакатдаги қудратини ошириш ёки мавқеи пасайиши учун хизмат қилади. Туркиянинг давлат тузуми 1923 йилдан бери парламентар республика шаклида сақланиб келган. Мустафо Камол Отатурк барпо қилган Германия намунасидаги парламентар бошқарувга орадан салкам 100 йил ўтиб барҳам берилиши мумкин.

Туркиянинг амалдаги конституциясига кўра, президент лавозими кўпроқ рамзий характерга эга бўлиб, сиёсий ҳокимиятга эга бўлмаган вазифа ҳисобланади. Туркияда президентга кўпроқ ваколатлар бериш Эрдўғон бош вазир лавозимига киришган 2003 йилдаёқ бошланган. 2010 йилда ўтказилган референдумда конституцияга қатор ўзгартиришлар киритилган, судлов тизими ўзгартирилиб, армия назоратга олинган. 2014 йилда Туркия тарихидаги илк умумхалқ сайловида Эрдўғон президентликка сайланган эди.

Таклиф қилинган конституциявий ўзгаришлар Туркиянинг сиёсий тизимини парламентар тузумдан президентлик республикасига айлантиришни назарда тутади. Коонституциянинг янги таҳририга кўра, ҳукумат раҳбари ҳисобланган бош вазир лавозими бекор қилинади ва ижроия ҳокимият президентга ўтказилади (Бундай бошқарув тизими АҚШда самарали фаолият кўрсатмоқда).

Референдумда Эрдўғон ғалаба қозонадиган бўлса, бу президентга вазирлар, юқори лавозимли мулозимлар, судлов тизими раҳбарлари ва янги ташкил қилинадиган вице-президентни тайинлаш ваколатини беради. Бундан ташқари, президент парламентни тарқатиш, қарор ва фармонлар чиқариш ҳамда фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.

Ўзгариш тарафдолари янгича тизим Туркияни янада барқарор ва мустаҳкам қилишини айтишмоқда. Қарши тараф эса ўзгаришлар мамлакатда авторитар бошқарув ўрнатилишига олиб келишини таъкидлашмоқда. Конституциянинг янги таҳрири Эрдўғон асос солган «Адолат ва тараққиёт» ва «Миллий ҳаракат» партиялари томонидан таклиф қилинган бўлиб, уни умумхалқ муҳокамасига қўйиш ҳам президент ва унинг партияси ташаббуси бўлган эди.

«Адолат ва тараққиёт» партияси референдум олдидан йирик ташвиқот кампаниялари ташкил этгани ҳолда, ўзгаришларни қўллаб-қувватлаган «Миллий ҳаракат» партияси вакиллари ўртасида якдиллик кузатилмади. Партияда референдум тарафдорлари ҳам унга қарши бўлганлар ҳам ташвиқотлар ўтказишди.

«Барқарорлик ва хавфсизлик»

Ражаб Эрдўғон сайловолди чиқишларидан бирида Туркиянинг ҳозирги бошқарув тизими жуда кўплаб қисқа давр фаолият кўрсатган ҳукуматларни пайдо қилгани ва ҳукумат алмашишлари ғарб давлатларидан фарқли равишда тез-тез содир бўлганини айтди.

«Бизда 48 та ҳукумат бўлгани демократиямиз кучининг эмас, беқарорлигининг ифодасидир. Бошқарув тузумининг асослари барқарорлик ва хавфсизлик бўлиши керак», – деб айтган эди президент ўз чиқишларидан бирида. Унинг фикрича, қабул қилинаётган ўзгаришлар Туркияни янада кучлироқ ва мустаҳкам қилишга қаратилган.

Сўнгги йилларда курд жангарилари ва ИШИД томонидан амалга оширилган портлашларда юзлаб хавфсизлик ходимлари ва фуқаролар ҳалок бўлди. Ўтган йилнинг июль ойида Туркия амиясининг айрим аъзолари ҳукуматни ағдаришга уриниши туфайли хавфсизликка таҳдид масаласига кўпроқ урғу берилишига олиб келди.

Ҳукумат амалга ошмаган ва 300 кишининг ўлимига сабаб бўлган тўнтариш учун АҚШда яшайдиган диний раҳнамо Фатҳуллоҳ Гуленни айблади. Референдум тарафдорлари Эрдўғонга ишонишларини ҳамда иқтисодий ва сиёсий барқарорлик зарурати уни қўллаб-қувватлаш учун асосий сабаб эканини айтишмоқда.

Ўзгариш тарафдорлари Евроиттифоқдан норози

Конституциявий ўзгаришлар тарафдорларининг Европа Иттифоқи ва курдларнинг «Халқ демократик партияси»га қарши норозилик кайфияти кучайиб бормоқда. «Курд террорчилари ҳамда уларнинг қўлловчилари бўлган партия Европа Иттифоқи – Туркиянинг душманларидир. Улар президентлик тузумига қарши. Шунинг ўзи референдумни қўллашим учун етарли сабаб бўлади», – дейди 18 ёшли талаба Энес Арслан.

Парламентдаги ўринлари бўйича учинчи бўлган ва ўзгаришларга қаршилик қилаётган мухолифатдаги «Халқ демократик партияси» аъзолари бир қанчаси тақиқланган, АҚШ ва Евроиттифоқ томонидан террорчи ташкилот сифатида эътироф этилган «Курдистон ишчилар партияси»га алоқадорлиги учун ҳибсга олинди.

Яқинда Евроиттифоқ ва Туркия муносабатлари яна кескинлашиб кетди. Германия ва Нидерландияда туркиялик сиёсатчилар сайловолди кампанияси ўтказиши тақиқланиши ортидан Туркия расмийлари Европани нацизмда айблашди. Европада миллионлаб туркияликлар истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти Германия, Франция ва Нидерландияда қўним топган. Хориждаги Туркия фуқаролари 27 мартдан 9 апрелгача Туркия дипломатик ваколатхоналарида овоз бериб бўлишди.

«Авторитаризмга қарши»лар фикри

Қаршилик қилиш кампанияси мухолифатдаги «Республика халқ партияси» томонидан ўтказилмоқда. Улар янги ўзгаришлар ҳокимиятнинг бўлинишига путур етказиши ва яккаҳокимликка олиб келишини айтишмоқда. Уларнинг тарғиботида Отатурк номини тез-тез учратиш мумкин. Қаршилар замонавий Туркия асосчисига бағишланган қўшиқлар ва миллий мадҳиядан шиор сифатида куйлашмоқда. Уларнинг фикрича, конституциявий ўзгариш мамлакатда демократия барҳам топишига олиб келиши мумкин.

«Текширилмайдиган ҳокимият хавфли. Демократиянинг мавжуд тамойиллари ҳокимиятни назоратсиз қолдирмасликни тақозо қилади», – дейди мухолиф партия етакчиси Камол Қиличдорўғли.

Мухолифат «Адолат ва тараққиёт» партиясини уларнинг ташвиқот кампанияларини матбуотда камроқ ёритишга уринишда айбламоқда. «Референдум нотенг шароитларда ўтмоқда. Улар давлатга қаршли самолётлар, транспорт воситалари, пул ва телеканаллардан фойдаланишмоқда», – дейди мухолифат вакиллари.

Улар келажакдан хавотирда

Ўзгаришларга «йўқ» дейишни тарғиб қилаётганлар президент келажакда мавжуд қонунларни бекор қилдиришидан хавотир олишмоқда. Улар янги тузумдан нимани кутишни билишмайди. Айримлар мамлакатда монархия тузуми ўрнатилишига шама қилмоқда.

«Мен турли ташкилотлар бир-бирларини ўз ваколатлари доирасида назорат қила оладиган мамлакатда яшашни истайман. Агар ҳокимиятда ўтирганларни ҳеч ким сўроққа тутмаса, менинг ҳуқуқларимни ким ҳимоя қилади?», – дейди 29 ёшли Ҳилол Мард.

аljazeera.com сайти асосида тайёрланди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан