Криштиану Роналдунинг биринчи автомобили 16 минг еврога сотилмоқда

19.04.2017 | Спорт | 2247

Донғи кетган футболчи 18 ёшида минган машинага арзимаган нарх қўйилди, деб ёзмоқда Carzone сайти.

Bugatti, Ferrari, Lamborghini, Bentley… унинг гаражида нималар йўқ дейсиз? Дунёнинг энг машҳур футболчисининг қимматбаҳо автомобилга муҳтожлиги йўқ. Аммо 14 йил муқаддам камтаргина Audi S3 автомобилида юрганига кишининг ишонгиси келмайди. Португал спортчиси Манчестер Юнайтедда ўйнаб юрганда “Ауди”ни сотиб олганди.

Йигирма йил ўтмасдан “Ауди” эслаб қолинди. Тўғри, тўқ кўк хэтчбекни Роналдунинг ўзи эмас, бошқа эгаси сотмоқда. Португалиянинг Standvirtual савдо майдончасида берилган эълонда Audi S3 футбол юлдузига тегишли бўлгани ёзилган. Ишонмаганларга ҳужжати кўрсатилиши мумкин.

Бундан ташқари Audi S3 2000 йилда ишлаб чиқарилгани, 210 от кучига эга 1,8 литрли мотор ўрнатилгани маълум. Автомобиль шу кунгача идеал ҳолда сақланган, ўз вақтида керакли хизматлар кўрсатиб келинган.

Севимли футболчингизнинг машинасини ҳайдашни истайсизми? Уна 16 минг еврони белга тугиб Португалияга отланинг. Ишонаверинг, юлдузлар минган автомобилни бундан арзон нархга сотиб ололмайсиз.