“Новатэк” хусусий газ компанияси эгаси Леонид Михелсон Россия бойларининг сардори деб топилди. Бизнесменнинг бойлиги 18,4 млрд доллар деб баҳоланган. Бу Михелсоннинг бойлиги ўтган йилдагидан тўрт млрд долларга ўсганини кўрсатади.
Иккинчи ўринда “Северстал” директорлар кенгаши раиси Алексей Мордашев бўлиб, рейтингда 2016 йилдаги ўрнидан тўрт поғона илгарилаган. Forbesга кўра унинг активлари 17,5 млрд долларга тенг. Ўтган йилдаги ўрнидан биратўла беш поғона кўтарилган Владимир Лисин Россиянинг учинчи бойи ҳисобланади. Новолипецк металлургия комбинати эгаси бўлмиш Лисиннинг 16,1 млрд доллар бойлиги бор.
Россиянинг бадавлат бизнесменлари рўйхатида Volga Group эгаси Геннадий Тимченко (16,1 млрд доллар), USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов (15,2 млрд доллар), “Альфа-Групп” эгаларидан бири Михаил Фридман (14,4 млрд доллар) ҳамда “Интеррос” ва “Норникел” президенти Владимир Потанин (14,3 млрд доллар) каби шахслар бор.
Forbesга кўра 2016 йилда ҳам Россиянинг энг бой тижоратчиси Леонид Михелсон ҳисобланган.