Тадбиркорларнинг пластик карталаридан исталган харидни амалга оширишга рухсат берилди

25.04.2017 | Ўзбекистон | 4581

Якка тартибдаги тадбиркорлар ўз пластик карточкалари орқали нафақат ишлаб чиқариш эҳтиёжлари, балки ҳар қандай турдаги маҳсулот ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди.

Ўзбекистон Марказий банки «Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан миллий валютадаги банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида"ги низомга тегишли ўзгартишларни киритди.

«Эндиликда томонлар, яъни сотувчи ва банк картаси эгаси ўртасида тегишли шартномани тузиш зарурати йўқ», — дейилади Марказий банк хабарида. Бу каби тўловларни амалга оширишда тегишли тўловни терминал орқали қабул қилган хизматчининг имзоси туширилган «тўланди» муҳри қўйилган счётлар, квитанциялар, анкомат, инфокиоск ва терминал квитанциялари ҳисобот ҳужжатлари бўлиб хизмат қилади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар эндиликда ўз банк карточкаларини фойдаланиш учун бошқа шахсларга бериш ҳуқуқига эга.

Бунга қадар якка тартибдаги тадбиркорлар ўз пластика карточкаларини фақатгина тадбиркорнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ишлата олар эди.