Пора канда бўлмаса, пароканда бўласан ёхуд коррупцияга қарши қандай курашиш лозим?

25.04.2017 | Блог | 3407

Коррупция ҳар қандай мамлакатнинг ривожланишига тўсқинлик қиладиган ғовдир. Коррупция бу жамиятнинг, давлат сиёсатининг илдизига болта урувчи кучлиги ҳеч кимга сир эмас. Бундан ташқари, коррупция оддий аҳоли турмуш тарзининг ачинарли аҳволга тушишига, жамиятда таъмагирлик, фирибгарлик каби иллатларнинг томир отишига имкон берадиган ёвуз кучдир. Ҳуқуқ-тартибот, одил суд, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, фан, спорт каби соҳаларда юксак марраларни забт этишга бел боғлаган ҳар қандай давлат, аввало, коррупцияга қарши кескин (масалан, умрбод озодликдан маҳрум этиш), муросасозликка асосланмаган ва асло кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиши лозим.

Коррупция, порахўрлик иллатига қарши қандай курашмоқ лозим?    

 Коррупцияга қарши кураш бу мураккаб ва бутун бир тадбирлар дастуридан келиб чиқадиган жараён бўлиши лозим. Кўпчилик ишонганидек, порахўрликка қарши иш ҳақи ва маошларни ошириб қўйиб курашиб бўлмайди. Барча мансабдорлар маошини кўтариб қўйиш бу уларни пора олмайди, дегани эмас. Гарчи, давлат амалдорларининг молиявий аҳволи муҳим аҳамиятга эга бўлса-да.

Рағбат учун ишламаймиз, яшаш учун ишлаймиз, қабилида иш тутадиган, нафси ва кўзи оч амалдорлар муайян бир мансабда тўғри, одилона ишлашига ишонч комил эмас. Ҳар доим қачондир ва қаердадир нафси ҳакалак отиб кетиш хавфи мавжуд бўлади. Демак ойликни ошириш ўрта ва қуйи бўғин амалдорлари орасида порахўрликни камайтирса-да, юқори бўғинларда ишлайдиган мансабдорлар орасида бу муаммони ҳал этиб қўймайди.

Бу иллатни даф қилиш учун жамиятда қонун устиворлиги асосий масала бўлиши лозим, деб фикр билдирадиганларга қўшилмасликнинг иложи йўқ, улар минг марта ҳақ.  Давлат ҳокимияти тизимларининг иш фаолияти шаффоф бўлиши керак ҳамда бу шаффофлик жамоатчилик ва ОAВ ёрдамида назорат қилиб борилиши лозим. ОAВ фуқаролар ҳуқуқларини шарҳлаб бориши ва жамиятда ҳуқуқий саводхонлик даражасини юксалишига ёрдам берувчи мустақил ҳокимият манбаи бўлишлиги айни муддао.

Давлат хизматини бажарувчи кадрларни танлаш жараёнида ёлғонни аниқлаш детекторларидан фойдаланиш ҳам самарали усул бўлиши мумкин. Натижада шахс давлат хизматини халқининг фаровонлиги учун бажарадими ёки ўз нафси ва ҳирсини қондириш унинг бош маслагими - аниқ бўлган бўларди.

Давлат амалдорларининг шахсий молиявий харажатлари устидан назоратни амалга ошириш ҳам коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали усулидир. Бу усул шу даражада аниқ ва шаффоф ишлаши лозимки, мансабдорда пора олишга иштиёқни сўндирсин. Мансабдорларнинг ҳар чораклик молиявий киримлари ҳақида солиқ идоралари, жамоатчилик назорати ва ОAВ маълумотга эга бўлиши муҳим. Шу билан бир қаторда мансабдор шахсларнинг оила аъзолари, яқин қариндошларининг (амаки, хола, амма ва тоғалари) даромадлари солиқ декларациясида қайд этилиши ва солиқ қўмитасининг тегишли хужжатларида ўз аксини топган бўлиши лозим. Натижада мансабдор олган маош ва у харид қилган ҳар қандай мулк суммаси ўртасидаги мувозанат мазкур амалдор ўз меҳнат фаолиятини давлати ва халқига нисбатан виждонан олиб бораётганлиги ёки бормаётганлиги ҳақида тўла тасаввурни беради. Қонунчилигимизда мансабдорларнинг солиқ декларациясини тўлдириши мавжуд , аммо бу декларацияга киритилган маълумотлар тўғрилиги текширилганлиги сўроқ остида.

Қонунчиликда давлат амалдорларининг дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланиш тартибларини ва шахсий сир сақлаш ҳуқуқларининг доирасини камайтириш ҳам порахўрликка барҳам беради, деган тахминдаман. Бу тезкор қидирув органлари ходимларига мансабини суистеъмол қилишда шубҳа остида бўлган амалдорларнинг телефон суҳбатларини эшитиш ҳамда уларнинг дўстлари киму ва қаерда қандай фаолият билан машғул эканликларини аниқлаш имконини беради. Шахс давлат хизматига олинган пайтда унга дахлсизлик ва шахсий сир сақлаш ҳуқуқи доираси анча қисқарганлигини уқтириш керак. Бу уни келажакда хизмат фаолиятини амалга ошириш жараёнида юрт равнақи учун хизмат қилиши шартлигини эслатиб туради. Бундан ташқари, давлат хизматчиларининг номаълум шахслар билан хизматдан ташқари мулоқоти исталган пайтда сўроқ қилиниши мумкинлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Судя, прокурор, ички ишлар ходимлари, хавфсизлик хизмати ходимлари давлат хизматини бажариш жараёнида уларнинг обрўсига доғ туширадиган шахсий алоқалар ўрнатиш, тижорий ишлардан узоқроқ юриши мақсадга мувофиқ. Конституция ва қонунчилик шахс дахлсизлик ҳуқуқини таъминлашни ўзида мужассам этганлиги рост, аммо бу дахлсизлик ҳуқуқи чеклови шахс давлат хизматини олиб бориши натижасида чеклаб қўйилиши мумкинлиги ҳуқуқий норматив ҳужжатларда қатъий белгилаб қўйилиши зарур.

Шунингдек, коррупциянинг илдизини қуритишда профилактика ниҳоятда яхши тадбир. Профилактика тадбири билан бир қаторда аввалдан пора олишга мойиллиги бўлган давлат амалдорларини махсус хизмат вакиллари ёзиб олинадиган “пора таклиф қилиш” ундовлари билан синаб кўриши ҳам бу иллатга қарши курашда анча ҳисса қўшади, деган фикрдаман. Пора таклифини олган амалдор, дейлик, 24 соат ичида ўзидан юқори турувчи мансабдорга бу ҳақида маълум қилиши лозим. Aгар бу муддат давомида “таклиф” олган расмий юқорига оғиз очмасликка уриндими, демак унда порани ўзлаштириш режа-тадбирлари бошланиб кетган бўлади.

Сўнг сўз ўрнида

Порахўрлик бу давлат тизимини барбод қиладиган касаллик. Aгар бугун бу иллатга қарши кескин ва аёвсиз кураш бошланмаса, ҳуқуқ-тартибот, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият соҳаларида келажакда фаолият бошлайдиган ёш авлоднинг қалби жароҳатланади, онги заҳарланади. Давлат иқтисоди, таълим ва фан ривожи ҳамда миллат буюклигию, келажаги улкан хавф остида қолиб кетади.     

Жаҳонгир Эргашев