Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Зилзилалар ҳақида 5 та афсона
26.04.2017 13:45,  
488

1966 йил 26 апрелда Тошкентда ХХ асрнинг энг вайронкор зилзилаларидан бири содир бўлди. Фожиадан буён 51 йил ўтди, ва бу вақт ичида зилзилалар табиати янглиш фикрлар, тахминлар ва мифлар билан қопланди.

Зилзила қандай балларда ҳисобланади? Эшик тагида туриш керакми? 50 йил аввалги зилзила қайтарилишидан хавфсираш керакми? VOT ушбу саволларга Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институти минтақавий сейсмиклик лабораторияси мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор Турдали Усмоналиевич Ортиқов кўмагида жавоб топишга қарор қилди.

Биринчи афсона: баллар ва магнитудалар

Эрта тонг. Сиз ошхонадасиз. Тўсатдан деворлар силкина бошлайди, 30 сониядан сўнг эса барчаси ўтиб кетади. Ҳаммаси жойида, уй ўз ўрнида эканлигини кўриб, эркин нафас оласиз ва компьютерни ёқиб, севимли сайтингизга ҳодиса ҳақида маълумот олиш учун кирасиз. «Афғонистон жанубида Рихтер шкаласи бўйича 6 балли кучли зилзила юз берди», — деб ўқийсиз ва тинчланасиз: хайрият бизда эмас экан.

Бу хабарда ҳодиса жойини ҳисобга олмаганда, фойдали маълумотнинг ўзи йўқ. Рихтер шкаласининг баллга ҳеч қандай алоқаси йўқ, одамлар эса офат кучи ва кўламини белгилашда қўлланиладиган бир нечта тушунчаларни ўзаро чалкаштириб юборади.

Биринчи параметр — бу зилзила энергияси, унинг кўрсаткичи эса магнитуда деб аталади. Бу усулни махсус шкала билан бирга 1935 йилда америкалик олим Чарльз Рихтер таклиф қилган. Сейсмологлар магнитудани ер қатлами кўчишининг кўлами ва ўнли логарифмлардан фойдаланган ҳолда мураккаб формулалар орқали ҳисоблаб чиқади, натижани эса 1 дан 9,5 гача бўлган рақамлар кўринишида тақдим этади. Ушбу кўрсаткич муайян миқдорли эквивалентга эга эмас ва зилзила ўчоғи эга бўлган энергия ҳақидагина маълумот беради. «Рихтер шкаласи» тушунчасининг ўзи ҳозир деярли ишлатилмайди, унинг ўрнини «энергетик синф» ва «сейсмик момент» эгаллади, аммо кундалик ҳаётда у қўлланилиши мумкин.

Биз ер юзасида ҳис қиладиган нарса интенсивликдир. Оддий сўз билан айтганда, бу зилзила одамларга, биноларга ва уларни ўраб турган барча нарсаларга ўтказадиган таъсирдир. Айнан интенсивлик балларда ўлчанади, ва уни баҳолаш учун бир нечта шкала мавжуд. Ўзбекистонда жами 12 баллдан иборат МSК-64 шкаласи ишлатилади. Бу объектив катталик бўлиб, уни зилзиладан сўнг бир қанча вақт ўтгач аниқлаш мумкин.

Магнитуда интенсивликка фақат билвосита таъсир қилиши мумкин. Ўчоқ чуқурлиги, эпицентрдан муайян ҳудуднинг қанчалик олисдалиги, ернинг ҳолати ва ер ости сувлари бор-йўқлиги ҳам ўз ролига эга. Масалан, 1966 йилги Тошкент зилзиласининг магнитудаси — 5,2. Бироқ ўчоқ ер остида саккиз километр чуқурликда жойлашган эди, бу интенсивлик шкаласи бўйича 8 баллга тенг оқибатларга олиб келди.

Иккинчи афсона: йирик зилзилалар ҳар 50 ёки 100 йилда содир бўлади

1923 йил 1 сентябрида Япониянинг Канто ҳудудида 8,3 магнитудали зилзила юз берди. У Токио ва Йокогаму шаҳарларини бутунлай вайрон қилди, 174 минг кишини ҳаётдан олиб кетди ва 4,5 миллиард долларлик зарар етказди. Шундан буён 93 йил ўтди, энди баъзи японлар у такрорланишидан хавфсирамоқда. Аммо тадқиқотлар хавотирга ўрин йўқлигини — ер қобиғида шундай кўламдаги офатни чақириши мумкин бўлган тиғизлик йўқлигини кўрсатмоқда.

Тошкентда кучли зилзилалар камдан-кам кузатилади ва улардан бири 1866 йил апрелига тўғри келди. 100 йил ўтиб содир бўлган фожиадан сўнг одамлар улар юз йиллик фарқ билан айни бир хил вақтда қайд этилгани ҳақида гапира бошлади. Аммо ҳеч ким 1918 йилда тақвим ўзгарганини ҳисобга олмади, у ҳолда XIX асрдаги зилзила бошқа вақтда содир бўлган бўлади. Шунингдек, ҳеч ким интенсивлиги 7—8 балл даражасида бўлган 1868- ёки 1886 йилдаги зилзилаларни тилга олмади.

Шундай экан, зилзила 50, 100 ёки 200 йилдан сўнг қайтарилиши мумкинлигини таъкидлаш учун ҳеч қандай асос йўқ. Зилзилаларнинг ўзини прогноз қилиб бўлмайди, улар ҳеч қандай муддатга ҳам риоя қилмайди.

Учинчи ва тўртинчи афсоналар:

йирик зилзилалар ҳаддан ташқари иссиқ ҳавода ёки эрта тонгда юз беради
1966 йилги зилзила тонгги олти атрофида содир бўлди. Шундан сўнг халқ орасида вайронкор зилзилалар куннинг айнан шу қисмида юз бериши ҳақида янглиш фикрлар пайдо бўлди. Бироқ сўнгги 60 йил давомида ўтказилган тадқиқотлар бу фикрни рад этади. Зилзилалар энг кўп эрталабки 10—11 да, уларнинг энг кучлилари эса кундузги 2 да қайд этилган.

Ҳаво ҳарорати ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин. Қуёш нури ер қобиғига 20—25 метр масофадагина таъсир ўтказиши мумкин. Зилзила ўчоқлари эса ўз навбатида, ўнлаб ва юзлаб километр чуқурликда жойлашган, шундай экан, қуёш энергияси у ерга етиб бора олмайди. Фасллар зилзилалар кучи ва миқдорига таъсир қилмайди — уларга ер қатламининг ҳаракати таъсир ўтказади, ҳаддан ташқари иссиқ ҳаво эса сейсмология билан умуман боғланмаган.

Ҳар битта муайян нуқта учун зилзиланинг максимал эҳтимолий интенсивлигини кўрсатиб бериш учун, олимлар сейсмик туманлаштирилган махсус хариталарни тузади. Бундан мақсад — зилзилалар юз бериш эҳтимолини ҳисоблаб чиқиш ва шундан келиб чиқиб, бинолар қурилишини мустаҳкам ва барақарор томонларга йўналтириш.

Сейсмик туманлаштириш харитасида Тошкент 8 ва 9 балли иккита ҳудудга бўлинган. Бу яқин 50 йил ичида сайёрада кузатиладиган ҳар қандай зилзила Тошкент учун 8 ва 9 баллдан ошмаслигини билдиради. Ушбу тамойил асосида лойиҳалаштириш ва қурилиш ишлари олиб борилади — у ёки бу ҳудудда жойлашган бинолар ушбу ҳудуд учун максимал эҳтимолий бўлган интенсивликка дош бера олади.

Бешинчи афсона: эшик тагига бекиниш керак (тасдиқланди)

Тошкентда эшик жойлашган оралиқ ёки зина тагида шикаст олиш қийин бўлади, чунки уйлар юкка мўлжалланган. Агар бино ичида бўлсангиз, деразадан нари туриш керак. Эшик тагида туриш мумкин, бу сизни бошингизга оғир буюмлар тушишидан ҳимоя қилади. Шунингдек, мустаҳкам стол ҳам яхши пана жой бўла олади. Бундан мақсад бинонинг қулаб тушишидан эмас, зарар етказиши мумкин бўлган майда объектлар тушишидан ҳимояланишдир. Ушбу усулларнинг хавфлилиги тўғрисидаги гап-сўзлар бинолар юқори интенсивликдаги зилзилаларга тайёр бўлмаган шаҳарлардан тарқалади.

Хавфли маҳаллий зилзила 20 сониядан узоқроқ давом этмайди. Бир ёки икки дақиқалик зилзилалар эса биздан олисда бўлган ва биз учун ҳеч қандай хавф туғдирмайдиган ер ости силкинишлари натижасидир. Буларга республикадан ташқаридаги ҳар қандай зилзилалар киради — уларнинг интенсивлиги  Тошкент ҳудудида олти баллдан ошмайди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан