700 метр узунликдаги қоғозга битилган Қуръон рекордлар китобига кириши мумкин

04.05.2017 | Жаҳон | 2580

Мисрлик хаттот Саъд Муҳаммад 700 метр узунликдаги қоғоз ўрамига Қуръони Карим оятларини ёзиб чиқди, дея хабар бермоқда Reuters агентлиги.

Саъд Муҳаммад бу машаққатли вазифани бажариш учун 3 йил вақт сарфлади. Энди у ўз асарини жаҳондаги энг катта  Қуръони Карим нусхаси сифатида Гиннеснинг рекордлар китобидан ўрин олишига умид қилмоқда.

Мисрнинг Белқина шаҳрида истиқомат қиладиган хаттот девор ва шифтларга исломий нақшлар солиш билан шуғулланади. У 700 метр узунликдаги қоғозни дунёдаги энг катта Қуръон нусхасига айлантириш лойиҳаси мутлақо ўзининг ғояси ўзидан чиққани ва харажатларни ўз ҳисобидан амлага оширганини айтади.

“Бу Қуръон 700 метр узунликда. Шубҳасиз, бу жуда кўп қоғоз дегани. Бу лойиҳага уч йил давомида ўзим пул сарфладим. Мен ўртаҳол одамман. Менинг бойлигим ёки бошқа нарсаларим йўқ”, – дейди хаттот Reuters билан суҳбатда.

Гиннеснинг рекордлар китобида Қуръоннинг қўлда ёзилган энг катта нусхаси бўйича рекорд мавжуд эмас. Саъд Муҳаммад ўзи тайёрлаган Қуръон нусхасини Гиннес рекордларидан бири бўлиши учун ариза топширишда ҳомийларнинг ёрдамига муҳтожлигини айтган.