Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Таҳлил: Эрон Ислом Республикасидаги президентлик сайловолди жараёнларининг айрим жиҳатлари
5.05.2017 15:34,  
12

Эрон Ислом Республикаси 2017 йил 19 майда белгиланган навбатдаги президентлик сайловлари арафасида турибди. Умумхалқ овоз бериш яқин қолгани сари Эроннинг икки сиёсий гуруҳи – консерваторлар ва реформаторлар ўртасидаги ҳокимият учун кураш янада кескин тус олмоқда.

Бу галги сайловлар ҳам Эроннинг келажаги учун муҳим экани айтилмоқда. Хўп, нима учун Ўзбекистон, минтақа ва дунё учун Эрондаги сайловлар муҳим?

Аввалига Эроннинг Яқин Шарқ минтақасидаги етакчи давлатларидан бири эканини ёдга олиш керак. Мамлакатнинг ядро дастури бор ва Ироқ ҳамда Суриядаги шиалар бошчилигидаги ҳукуматни қўллаб-қувватлаб келади. Дунёнинг етакчи давлатлари Эронни минтақадаги муаммонинг бир қисми ва шу муаммонинг ечими ҳам деб эътироф этишади. Буларнинг барига Эронда президентликка ким келиши таъсир қилади.

Ҳозирда Эрон сиёсатида қудрат талашиш икки куч – реформаторлар ва консерваторлар ўртасида кечмоқда. Бошқа томондан сайлов натижаси ва ким президент бўлиши мамлакат ички ва ташқи сиёсатида туб ўзгаришларга сабаб бўлмайди. Чунки асосий ҳокимият мамлакат Олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманий қўлида жамланган.

Аммо шуни ҳам ёдда тутиш керакки, таҳлилчилар томонидан ҳозирги президент Роҳаний мўътадил ва ислоҳотчи сиёсатчи деб кўрилади, айнан у Олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманийни тарихий саналган ядро дастури келишувига кўндирган эди.

28 апрель куни Эрон президентлиги лавозимига олтита номзод ўртасида «Irib TV1» миллий телеканалида биринчи мунозаралар бўлиб ўтди. Ушбу мунозара уч соатга яқин давом этиб, унда ижтимоий-иқтисодий масалалар баҳсларнинг асосий мавзусига айланди.

Президентлик сайлови кампанияси аъзоларининг биринчи учрашуви арафасида томошабинлар амалдаги президент Ҳасан Руҳоний ва унинг асосий рақиби Эроннинг собиқ бош прокурори консерватив Иброҳим Раисий ўртасида қизғин баҳс бўлишини тахмин қилишганди. Лекин бу баҳс содир бўлмади.

Руҳоний кутилган умидларни оқламади. У секин ва умумий иборалар билан гапирди, чиқиш қилиш учун тақдим этилган вақтдан унумли фойдаланмади. 

Уч номзод – Эроннинг собиқ саноат вазири Мустафо Ҳошимий-Таба, Иброҳим Раисий ва собиқ маданият вазири Мустафа Мирсалим Руҳоний ва Жаҳонгирийларнинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг истеъфодаги қўмондони, Теҳрон ҳокими Муҳаммад-Багир Калибафга қарши баҳси соясида қолиб кетишди.

Мунозаралар пайтида Иброҳим Раисий Маҳмуд Аҳмадинежад руҳида популистик риторикани сақлаб турди ва асосий урғуни ижтимоий адолатга берди. Аммо, иқтисодий масалада у ҳукуматнинг амалдаги сиёсатига муқобил вариант илгари сурмади. Эрон таҳлилчилари ва ОАВлари бу жиҳатни унинг музокалардаги асосий камчилиги деб баҳолашди. У ўз харизмасини кўрсата олмади. Энди савол туғилади: Раисий Руҳонийга жиддий қаршилик қила оладими? Эндиликда консерваторлардан асосий номзод бўлган Иброҳим Раисий, ҳатто, унинг тарафдорлари ҳам Руҳонийга жиддий қаршилик қила олишига шубҳа билан қарашмоқда. 

Теҳрон ҳокими Муҳаммад-Багир Калибаф ўз сайлов компаниясини Руҳонийнинг 2013 йилдаги сайловолди ваъдаларини эслатиб, ҳукуматни танқид қилиш руҳи асосига қурмоқда. Унинг асосий шиори «сўз ҳукуматидан ижро ҳукуматига ўтиш» бўлиб, телемунозаралар мобайнида у асосан Руҳоний билан баҳс юритди. Шаҳар ҳокими ишсизлик ва иқтисодий тангликка урғу бериб «4 фоиз 96 фоизга қарши», яъни аристократия камбағалга қарши формуласини илгари сурди. Муҳаммад-Багир Калибаф учун бу сайлов президентлик лавозимини эгаллаш учун охирги имконият, бу унинг учинчи президентлик сайлови кампанияси ҳисобланади.
Эрон сиёсий таҳлилчиси Ҳасан Расулийнинг «Entekhab» порталига берган баёнотига кўра, Муҳаммад-Багир Калибафнинг чиқиши ва Иброҳим Раисийнинг биринчи мунозараларда кўзга яққол ташланмаслиги консерватив кучлар стратегиясига асосланади. Ҳозирда консерваторлар Калибафнинг рейтингини оширишмоқчи, кейин эса уни Раисий фойдасига номзодлигидан воз кечишга кўндиришмоқчи эканлигини таъкидлайди сиёсий таҳлилчи.

Кутилмаганда Эроннинг биринчи вице-президенти Эсҳоқ Жаҳонгирий мунозараларнинг асосий юлдузига айланди. ОАВ ва таҳлилчилар унинг ролини Руҳонийнинг «яшин қайтаргичи» ва «спойлер номзод» (ғалабага имкони бўлмаса-да, ўз рақиби ғалабасига ҳам йўл қўймайдиган номзод) деб қарашмоқда. Аммо, у ўзини вазмин ва совуққон тутди, ҳукуматни танқид қилиб берилган саволларга статистик маълумотларга таяниб дадил жавоб берди. 

Қолган беш номзоддан фарқли равишда, Жаҳонгирий реал иш юзасидан гапирди. У Калибаф билан юзма-юз қаршиликка борди.
Жаҳонгирий барча номзодлардан кўра дадил кўринди. Мунозаралардан сўнг ижтимоий тармоқларда унинг тарафдорлари сонининг бирдан ўсиши ҳайратланарли эмас. «Twitter» саҳифасида Жаҳонгирийни асосий номзод сифатида Ҳотамий маъмуриятининг бошлиғи – Муҳаммад Али Абгахий, Эрон давлат телерадиокомпанияси етакчиси Воҳид Имоний ва бошқа журналистлар қўллаб-қувватлашган. Бу борада кинояли гапларни эса биринчилардан бўлиб Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига яқин ахборот агентлиги «Tasnim News» тарқатди. Консерватив ОАВлар биринчи вице-президент эмас, балки Руҳоний ўз номзодлигини олиб ташлаши мумкин деган кинояларни қилишни бошлашди.

Шу билан бирга, консервативлар орасида катта ролни Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ўйнайди. Феврал ойида консерватив қанотнинг ўн нафар аъзолари ягона номзодни аниқлаш мақсадида Ислом инқилоби халқ фронтини тузишганди.

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси сайловларда консерватив фракциянинг ғалабаси учун оғзаки тарафдорлик билан чекланиб қолмай, реал ҳаракатларни ҳам амалга оширмоқда. Жумаладан, сўнгги ойда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси разведка хизмати амалдаги ҳукумат ва президентни қўллаб-қувватловчи бир қатор журналистлар ва сунъий йўлдош каналлари раҳбарларининг 12 нафарини қамоққа олди. Баъзи журналистларга эса қамоққа олиш билан таҳдид қилинди.

Мажлис депутатлари ҳарбий тузилманинг бундай ҳаракатларидан ғазабланишганини билдиришган. Парламентдаги «Умид» реформатик фракциясининг тўрт аъзоси президент Ҳасан Руҳоний номига хат ёзиб журналистларни озод этишни сўрашган. Теҳрон вакили Муҳаммад Содиқий эса президент Руҳоний очиқ хат билан чиқиб бу масалани ҳал этишни илтимос қилган. Содиқийнинг хабар беришича, ҳукуматни ёқлаб чиққан ислоҳотчи руҳидаги журналист ва канал директорларигина қамоққа олинган, консерватив руҳдаги каналлар эса ўз эркин ташвиқотини давом эттиришмоқда.

Бундан ташқари, президент Ҳасан Руҳоний ҳам Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг сайлов жараёнларига аралашаётганлигини танқид қилиб, Корпуснинг асосий вазифаси хавфсизлик ва тингликни таъминлаш эканлигини таъкидлаб ўтди. Руҳоний ва Раисийни сайлов кампанияси етакчи номзодлари сифатида кўрилган башоратлар ўзини оқламади. Реформаторлар томонида ноаниқлик ҳукмрон.

Аммо, Эрон парламентининг «Умид» реформатик фракцияси раҳбари Муҳаммад Ризо Ориф «ISNA» агентлигига маълум қилишича, Руҳоний ёки реформаторларнинг бошқа номзодининг ҳолати анча яхши, ва у биринчи турнинг ўзидаёқ сайланади. Номзодларнинг кўплиги консерваторлар фойдасига эмас.

Ўз ўрнида Раисий қўллаб-қувватлаб турган кучлар ҳам унинг позициясини мустаҳкамлашга қарор қилишди. Қум илоҳиёт ўқитувчилари жамияти таркибига кирувчи оятуллоҳ Муҳаммад Меҳди Фақиҳий собиқ прокурор номзодлигини қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Фақиҳийнинг сўзларига кўра, 28 апрелда бўлиб ўтган ташкилот йиғилишида аъзоларнинг кўпчилиги Раисийга овоз берган. Шу сабабли президентлик сайловларида ҳам улар унинг номзодини ёқлашларини маълум қилишган. Эроннинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётида муҳим рол ўйновчи яна бир ташкилот – «Курашувчи маърифат жамияти» ҳали номзод борасида ўз қарорини билдирмаган. Бу икки ташкилотнинг фикри номзоднинг сайловларда ғалабасини кафолатлаши мумкин.

«Entekhab» портали ўтказган сўровлар натижасига кўра, биринчи тур мунозаралари Руҳоний-Жаҳонгирий бирлиги ғалаба қозонган. Улар учун 84 фоиз портал фойдаланувчилари овоз берган. Калибаф-Раисий бирлиги эса 13 фоиз, қолган номзодлар эса атиги 3 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлишди. Интернет-сайловда 25,5 минг киши қатнашган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Эрондаги президентлик сайлов олди жараёнлари қизғин палласига кириб бормоқда. Мамлакат президентлигига 6 нафар номзод кураш олиб бораётган бўлиб, улар икки сиёсий куч – реформаторлар ва консерваторлар гуруҳларига ажралган. Таҳлил натижалари эса реформаторлар гуруҳидан бўлган амалдаги президент Ҳасан Руҳонийнинг иккинчи муддатга қайта сайланиш имконияти юқорилигини кўрсатмоқда. Аммо, шуни унитмаслик керакки, Эрондаги олий ҳокимият Олий раҳбар оятуллоҳ Али Хоманаий бошчилигидаги консерватив руҳонийлар қўлида жамланган. Бу эса консерваторлар гуруҳининг ҳам ушбу сайловларда имкониятлари паст эмаслигидан далолат беради.

Мустақил тадқиқотчи А.Т.Музаффаров

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан