Стивен Ҳокинг: Юз йилга қолмай Ердан кўчиб кетинг

06.05.2017 | Илм-фан | 4829

Машҳур назариётчи физик олим Стивен Ҳокинг муқаррар оламшумул ҳалокатдан омон қолиш учун янги сайёрага кўчиб ўтиш заруратини таъкидлаб, бунинг учун юз йил муҳлат берди.

Бунинг сабаблари “Стивен Ҳокинг: янги Ерга экспедиция” ҳужжатли фильмида батафсил айтилган. Фильмни ёзда ВВС телеканали намойиш этади.

Аввалроқ Ҳокинг оламшумул ҳалокатда омон қолиш учун имконият эшиги тобора тораяётгани ва яқин 1000-10000 йил ичида юз бериш эҳтимоли кучлилиги, бироқ бошқа сайёраларга кўчиб ўтиб омон қолиш мумкинлигини билдирган эди.

Физик сайёрамизга астероид урилиши, эпидемиялар, иқлим ўзгариши ва Ер аҳолисининг ўта ошиб кетишини келажак учун асосий хавф сифатида кўради. Бундан олдин хавфлар қаторига Ҳокинг ядро уруши, глобал исиш, генетик модификацияланган вируслар ва сунъий идрокни қўшган.

Бир муддат илгари Ҳокинг рус тадбиркори Юрий Милнер билан биргаликда юлдузлараро маконларни нанозондлар ёрдамида тадқиқ қилишни режалаштираётгани хабар қилинганди.