Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Автомобиль учун қалбаки ва оригинал эҳтиёт қисмларни фарқлай оласизми?
6.05.2017 21:24,  
16

Машинани таъмирлаш учун эҳтиёт қисм танлаш осон иш эмас. Чунки тажрибасиз киши алданиб қолиши мумкин, шу боис кўпни кўрган автомеханик ҳамроҳлигида дўкон кезган маъқул. Carzone.uz сайти оригинал ва қалбаки эҳтиёт қисмларнинг фарқлари, уларнинг тайёрланиши хусусидаги мақоласида харидорларга ўз тавсияларини беради.

Муқаддима ўрнида

Автомобил кафолат муддатини ўташ мобайнида эгаси эҳтиёт қисм ғамини емайди, чунки бир жойи тиқ этса, дилернинг хизмат кўрсатиш марказига олиб боради. Шубҳасиз, дилерлик марказларидаги эҳтиёт қисмларнинг барчаси оригиналдир, қалбакисини ишлатишга уларнинг ҳаққи йўқ.

Аммо кафолат муддати тугаган сари автомобиль соҳибининг патагига қурт тушади, чунки машинасига қаерда хизмат кўрсатилиши муаммоси кўндаланг бўлади. Бизда кенг тарқалган ечим бор: устачилик билан шуғулланадиган камида 2та танишимиз орқали тегишли усталарни топиб машинани тузаттираверамиз. Чунки дилернинг хизмат кўрсатиш марказидаги нархлар қимматлик қилади. Якка тартибдаги усталар эса қандай эҳтиёт қисм ишлатишидан қатъи назар чўнтакбопдир.

Оригинал эҳтиёт қисмлар қандай бўлади?

Булар конвейерда йиғилган ва расмий дилер автосалонига етказиб берилган компонентлардир. Ҳаттоки, машинанинг мойи ва турли суюқликларигача оригинал бўлиши мумкин. Аммо буларнинг барчаси айнан компаниянинг заводида ишлаб чиқарилганлигини билдирадими? Йўқ, албатта.

Машинасозлик заводи автомобилни йиғади. Аниқроғини айтганда, унинг барча қисмлари ва агрегатлари шартнома асосида турли заводларда ишлаб чиқарилади. Ўрни келганда эслаб ўтиш керакки, бу тажрибани биринчи бўлиб урушдан кейин японлар амалда қўллаган. Мақсад: ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг энг кичигини ҳам қўллаб-қувватлаш эди. Ҳаттоки, оддий фаранинг қисмлари турли фабрикачаларда тайёрланган ва йиғилган.

Автомобиль ишлаб чиқарувчи концерн, одатда, дилерлик хизмат кўрсатиш марказини эҳтиёт қисмлар билан ўн йил давомида таъминлаб туради. Шунинг учун, эскириб қолган машинанинг эҳтиёт қисмларини ҳам марказ омборидан тортинмай суриштириш мумкин.

Қандай эҳтиёт қисмларни оригинал деб атаймиз?

  1. Йиғувчи конвейерга компонент етказиб берувчи завод тайёрлаган эҳтиёт қисмларни.
  2. Автоконцерн (ишлаб чиқарувчи корхоналар гуруҳи) қадоқлаган компонентни.
  3. Шунингдек, аввал фойдаланилган эҳтиёт қисмларни ҳам бу рўйхатга қўшиш мумкин (унинг оригиналлигини тасдиқловчи белгиси бўлиши шарти билан).

Оригинал эҳтиёт қисмни қандай фарқлаб олса бўлади?

  1. Ишлаб чиқарувчи фирмага тегишли (фирменний) пакетга жойланган бўлади.
  2. Пакетдаги маҳсулотда тегишли заводга мансублиги тамғаси бўлиши мумкин (аммо қалбакисидан эҳтиёт бўлиш зарур)

Оригинал бўлмаган эҳтиёт қисмлар қанақа бўлади?

Келинг энди “оригинал эмас” эҳтиёт қисмларни кўриб чиқамиз. Биз ҳар бир автокомпаниянинг кўплаб эҳтиёт қисм етказиб берувчи корхоналари борлигини билиб олдик. Сиз “aftermarket” сўзининг маъносини биласизми? Aftermarket деб завод конвейерига компонент етказиб берувчи корхона томонидан тайёрланган, аммо ўз дистрибюторлари орқали эркин савдога олиб чиқилган эҳтиёт қисмга айтилади.

Дарвоқе, алоҳида эҳтиёт қисмлари дўкони фақат собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларида учрайди. Бутун дунёда автомобилларга хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисмлар савдоси автосервиснинг бир бўлаги саналади.

Афтемаркет эҳтиёт қисмлари конвейерга кирувчи эҳтиёт қисмларга нисбатан сифатсизроқ бўлади, деган қараш устун. Бунинг сабаби бор. Албатта, компонентсоз завод маҳсулотлари устидан сифат назорати ўрнатилади. Аммо автомобилсоз заводда эҳтиёт қисм иккинчи маротаба сифат текширувидан ўтади, демак бу маҳсулот ишончлироқдир.

Масалан мотор шамларини (свеча) олайлик. Оригинал мотор шамлари худди шу марка белгиси туширилган пакетлардаги “эгизак”ларидан сифатлилиги бўйича барибир ажралиб туради.

Бу қонуният кўплаб маҳсулотларда амал қилади. Масалан япон концернларига подшипник етказиб берувчи завод Японияда жойлашган. Аммо иккиламчи бозорни худди шундай подшипник билан таъминловчи бешта завод Хитойдадир.

Дубликат (аналог, ўхшаш) ва оригинал бўлмаган эҳтиёт қисмлар

Сарлавҳадаги тушунчаларни бир-биридан ажратиб олиш учун таснифлаймиз.

  1. Aftermarket (конвейер учун чиқарилган) эҳтиёт қисмлар.
  2. Бошқа корхоналар ишлаб чиқарган (конвейер учун эмас) эҳтиёт қисмлар.
  3. Монобрендлар.
  4. Қайта упаковкаловчилар.

Биринчи ва иккинчи тоифаларнинг орасидаги фарқ оз.

Монобрендлар сўнгги йилларда диққат марказига кўтарилди. Кам танилган бирор бренд ўзини машҳур бренд номидан (масалан, япон ёки немис бренди) тақдим этиши фойда келтиради. Маҳсулот фирма ёрлиғи туширилган пакетга солинади. Масалан пакетда “Tokyo, Japan” ёзуви туширилган, ҳатто корхона манзилигача келтирилган. Аммо у асло Японияда ишлаб чиқарилмаган.

Қайта упаковкаловчилар заводлар буюртмасини бажармайди, аммо корхоналар билан катта шартномалар тузади. Худди “фирменний” маҳсулот сингари ўралган упаковкада умуман бошқа корхонанинг маҳсулоти бор.

Қай бирини танламоқчисиз?

Танлаш ихтиёри доимо сизда. Агар оригинал маҳсулотнинг шайдоси бўлсангиз, қалбакиларидан сақланиш учун дарҳол расмий дилерга учрашни маслаҳат берамиз. Нархлар қимматроқ бўлишини эътиборда тутинг.

Агар упаковкадаги ном учун ортиқча маблағ сарфлашни истамасангиз aftermarket эҳтиёт қисмлари сиз учун энг мос. Аммо бунда қалбакиларидан эҳтиёт бўлиш керак. Сотувчидан товар сертификатини сўранг, интернетдаги автомобилга оид форумларда бренд тўғрисида фойдаланувчиларнинг фикрларини ўқинг. Ҳа, бунга ортиқча вақт сарфлайсиз, аммо пулингизни тежаб қоласиз.

Қисқа сатрларда

Мақоламизнинг охирида фактларга асосланган қисқа қоидаларни санаб ўтамиз. Буларни доимо эсда тутинг.

  • Оригинал аталган эҳтиёт қисмларнинг ҳаммаси ҳам оригинал эмас.
  • Айрим дубликатлар оригиналдан қолишмайди.
  • Номи чиқмаган баъзи брендларнинг маҳсулоти таниқли брендларникидан сифатлироқ.
  • Хитойда ишлаб чиқарилган эҳтиёт қисмларнинг ҳаммаси ҳам сифатсиз эмас.
  • Ҳар доим ҳам тежашни ўйламанг.
  • Муқобил вариант ҳамиша топилади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан