Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўткир Ҳошимов. “Штандартенфюрер”
9.05.2017 22:05,  
532

(Ишонса ҳам бўлаверадиган ҳангома)

Урушдан ҳасса таяниб келган тоғам бўларди. Ҳар гал уйига борганимда “урушни гапириб беринг”, десам, “қўй, болам, ўша кунларни эсимга солма”, дерди. Бир гал акаларим билан борсак, тоғам шинел кийган дўсти билан гурунглашиб ўтирган экан.

— Нуқул урушни гапиринг, деб қистардинг, мана, Абдухолиқ амакинг Берлингача борган, кўп нарсани кўрган, ўзи гапириб беради, — деди тоғам.

Абдухолиқ амаки кўккўз, мўйлови сариқ, хушчақчақ киши экан.

— Тоғанг нимани кўрибди, жиян? – деди “газета-папирос”ини тутатиб. – Оёғидан яраланиб Польшадан қайтиб келган. Аканг қарағай Рейхстаггача борганман. Бир куни қизиқ бўлган? Қирқ бешинчи йилнинг апрель ойи эди. “Берлинни бугун оламиз, эртага оламиз”, деб турилган кезлар. Бандареко деган палковник лична ўзи чақириб, прказ бериб қолди:

- Младший лейтенант Абдусаматов! Сенга асобий задания бор. Генштабнинг буйруғи, -

деди.

- Ес, тавариш палковник! - дедим чес бериб.

Одер дарёси буйидаги шаҳарчанинг ярми бизнинг қўлга ўтган, ярми пашистда қолган эди

- Прказ шуки, деди полковник, - тонг қоронғусида шаҳарга кириб, қайси кўчада немиснинг қанча танки, қанча пушкаси борлигини билиб келасан!

Ростини айтсам, юрагим бетламади.

- Тавариш палковник мен разведкачи эмас, связистман! –

десам, аччиғи чиқиб кетди.

- Атставит, младший лейтенант Абдусаматов! – деди бақириб. – Камандирнинг буйруғи муҳокама қилинмайди, бажарилади! – Кейин ётиғи билан тушунтирди: -Сен, Абдусаматов, тажрибали жангчисан. Афти ангоринг ҳам немисга ўхшаб кетади. Қўрқма, сен билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди, фашистнинг ўзи қочгани жой тополмай турибди.

- Немисчани билмайман-ку! – десам қўл силтади:

- Ничево, сен соқов немис бўласан!

Эгнимга “штандартенфюрер” кийимини кийгазиб қўйишди.

Шундай қилиб десанг “штандартенфюрер” Абдусаматов шаҳарчага кириб бордилар. Палковник рост айтган экан. Ҳаммаёқ вайрона, ҳар ким ўз жонини acpaш билан овора, ит эгасини танимайди, биров уёққа югуради, биров буёққа… Ярим соатча юргандан кейин анча дадил тортдим. Танк, пушка деган нарсалар кўринмайди. Аммо кўчанинг икки четидаги олмалар шунақа чиройли гуллабдики, одамнинг ҳаваси келади. Шунга маҳлиё бўлиб кетаётсам, бафармони Худо, ердан чиқдими, осмондан тушдими, шундоқ рўпарамдан немис генерали чиқиб қолса бўладими!

Савлатидан от ҳуркийди, хотинталоқнинг! Тиззаларим қалтираб таққа тўхтаб қолдим. Нима қилишни билсам, ўлай агар! Немисча гапирай десам, тилини билмасам. Ўрисча гапирсам, қўлга тушиб қоламан. Буёғи нима бўлганини ўзим билмайман. Қўлимни кўксимга қўйиб, “ассалому алайкўм”, деб юборибман! Генерал тўхтаб қолди. Ичимда “ҳозир отиб ташлайди, кўрамиз, ким олдинроқ отишини, лаънати “пашист”, деб тўппончамга қўл юборсам, киройи одоб билан “ваалайкум ассалом!” дейди! Бақа бўпқопман!

Қарасам, ёнида адютанти йўқ. Овозини пасайтириб, “Сиз ҳам ўзбекмисиз?” деди. “Худди шундай, херр генерал, разведкага келганман!” деган эдим, “Шаҳар паркида душманнинг тўртта “Фердинанти”, олтита “гаубицаси” турибди, аммо асосий кучлар дарёнинг нариги бетида”, деди-да йўлига кетаверди.

Кейин билсам, “генерал” ҳам ўзимга ўхшаган младший лейтенант, қўшни қисмда хизмат қиладиган разведкачи экан...

Урушда шунақаси ҳам бўптуради, жиян!

Ўткир Ҳошимов

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан